Асосий мавзулар
16 ноябр 2017

Ҳолва ичидаги аччиқ қалампир

Сал аввалроқ ўзбек матбуотида Меҳнат вазирлиги ва Миграция агентлиги масъуллари Росссияга сафар қилиб, кўплаб учрашувлар ўтказгани, бўлажак мигрантлар учун иш шарт-шароитлари борасида музокаралар олиб боргани ҳақида бир қанча мақолалар чиққанди.

Яқинда эса «Элтуз»да меҳнат мигрантлари экспорти мамлакатимиз учун стратегик мақсад бўлмаслиги ҳақидаги фикрларни ўқидик.

Дарҳақиқат, меҳнат миграцияси Ўзбекистон учун, унинг халқи учун мажбурий қадам бўлиб турибди. Чунки бу жараён ижобий жиҳатлари билан бирга кўплаб салбий омиллари билан ҳам аҳамиятлидир.

Аввало, Ўзбекистонда жуда авж олган ва бугун ҳам давом этаётан оммавий миграция миллатнинг генофондини абгор қилаётганини эсдан чиқармаслик керак.

Россиядан ўлиб келаётган юзлаб, балки минглаб ўзбеклар ҳақида кўп йиллардан бери эшитяпмиз. Бундан ташқари, ноқулай меҳнат шароитлари, ноинсоний муносабатлар сабаб қанчадан-қанча юртдошларимиз касал бўлиб қайтмоқда.

Иккита яқин танишим бир неча йил Россияда ишлаганди. Уларнинг иккаласи ҳам буйрак касали орттириб келиб, охир-оқибат ёшгина ўлиб кетди. Ортида фарзандлари қолди, бевалари қолди.

Бундай мисолларни минглаб келтириш мумкин бугун Ўзбекистонда ва бу ҳолатлар жамиятга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Зеро, отасиз қолган фарзандлар ва бева қолган ёш аёллар ҳам шу жамият аъзоларидир.

Бундан ташқари, ойлар, йиллар давомида ота-онасиз ўсаётган фарзандларнинг тарбияси оқибатлари ҳам эртага жамиятда шундай кескин акс-садо бериши мумкинки, бу яхшиликка эмаслиги аниқ.

Албатта, ҳозир миграцияни тартибга олиш жуда муҳим масала. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам асосий иш ўринларини юртимизнинг ўзида яратиш чораларини кўриш керак.

Германия ёки Япония аҳолисининг қариётгани ҳисобига мигрант таклиф этади. Иқтисодиёти тобора гуркираётган Жанубий Кореяга арзон ишчи кучи керак.

Жадал ривожланаётган Польшага Европанинг тараққий этган давлатларига йўл олган фуқаролари ўрнини тўлдирадиган ишчи кучи лозим.

Аммо бугун президентнинг аввалги ўтмишдошидан фарқ қиладиган ижобий саъй-ҳаракатлари билан халқ оғирини енгил қилиш, тўғри ривожланиш сари юз тутаётгандек кўринаётган юртимизга ўзимизнинг меҳнаткашлар керак эмасми?

Ахир улар орасида ҳам қанчадан-қанча малакали мутахассислар бор-ку. Ривожланишни истар эканмиз, аввало, ана шулар учун иш ўринлари яратиш зарур.

Тепада ўтирган амалдорлар фақат таниш-билишлари, соққасини чўзганларни ишга олаверса, имконсиз бошқа мутахассислар четга чиқиб кетаверса, бугун кўзланаётган мақсадга эришиш шунчалик қийинлашиб бораверади.

Меҳнат мигрантлари экспорти бизга ҳозир қанчалик ширин кўринмасин, бу ҳолванинг ичига аччиқ қалампир қўшилганини ҳам унутмаслигимиз керак.

Шуҳрат Омон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 ноябр 2023
– Мана хафта зувв этиб айланиб яна сиз билан юзма юзман. МС: Овонг оғо, бугун бешланжий гун. Гурунгни сиздан ишитамиз. ...
31 август 2020
«Темир дафтар»да, яъни сурункали кам таъминланганлар рўйхатида тўқликдан чўчқадай семирган, ем еган эшакдек тепонғич кимсалар ҳам бор. Кўп. Улар ...
3 апрел 2016
Биринчиси, бугунги кунда Тошкентда келин топиб беришга ихтисослашган маклерлар пайдо бўлган. Уларнинг хизмати ўн минг сўмдан минг долларгача баҳоланади. ...
29 март 2024
Maна ҳафта айланиб яна ойлар султони рамазонда сиз билан юз кўришдик. Рамазон ойида шайтонларни занжир билан боғлаб қўйишар экан. МС: Оғо, ўзбекистондаги шейтонлани бойлош учун зинжир ëсоса дунëда дамир қолмийди. Ничиксизла, мўччи ойбика ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...