Асосий мавзулар
18 декабр 2017

Глобал ёлғон балки яхшиликкадир?

«Пахтага борасан, дейишди. Агар бормасанг, аризангни ёз ёки ўрнингга одам жўнат, дейишди. Ўзимизнинг ишимиз қолиб, бир ойдан кўп пахта теришга мажбур бўлдик».

Бу водийлик бир танишимнинг гаплари. У бу йил пахта ҳар йилгидан қаттиқ бўлгани, бормайман деганларнинг ҳолига маймунлар йиғлаганини куйиниб айтиб берди.

«Яқинда президентимиз жорий йилда пахта теримида мажбурий меҳнат билан боғлиқ бирорта факт аниқланмаганини айтди. Унга Халқаро меҳнат ташкилоти жўр бўлди. Бу гаплардан кейин мажбурий меҳнат яна қандай шаклда бўлиши мумкинлигини ўйлаб, ўйимнинг охирига ета олмаяпман», деди танишим.

Ўйлаб қолдим, асл ҳолатни мажбурий меҳнатга жалб қилинган минг-минглаб одам биладими ёки президентга аслида ёлғон, сиёсий жиҳатдан тўғри маълумот етказганларми?

ХМТнинг кондиционер тагида ётиб «телефон орқали маълумот тўплаган» ёки ҳукумат мулозимлари ҳамроҳлигидаги зиёфатдан сўнг кўзи сузилиб далани бир кўздан кечирган мониторингчилари билар балки?

Адашмасам «Суюнчи» киносида эди, кампир «дардимни кимга айтаман», деб куйинса, кичкина болача «менга айтинг, буви», деб ҳозиржавоблик қилади.

Қанчадан қанча одам мажбурий меҳнатга жалб қилинганини халқимиз нафақат кўриб турди, ўз танасида синаб ҳам кўрди.

Энди бу халқ дардини кимга айтсин, мажбурий меҳнат йўқ деяётган президентгами ёки унга жўр бўлаётган халқаро ташкилотгами?

Шунақа фикрлар асносида мияга «президентнинг имижмейкерларию маърузасини ёзиб берадиган спичрайтерлари, қолаверса, масъул давлат маслаҳатчилари бундай ёлғонни нутққа қўштираётганда нималарни ўйлади экан», деган мулоҳаза келади.

Президентнинг ўзи бу ёлғонга ишонгани ёки бошқаларни ишонтиришга урингани эса бошқа масала.

Зеро, ҳазрат Алишер Навоий айтганидек, «Агар шоҳсен сен, огоҳсен сен, агар огоҳсен сен, шоҳсен сен!»

Қуриб кетсин, шу ёлғонни ХМТ айтсин эди, ўшанда халқнинг президентга ишончига у даражада зарар етмасди.

Ҳозир эса бу ёлғон давлатнинг ёлғончилик сиёсатига қарши курашишни шиор қилган президентнинг тилидан янграгани унинг имижига қанчалик зарар етказганини баҳолаш машкул.

Катта ёлғон давлат раҳбари ва халқаро ташкилот ҳисоботи орқали куч олдирилган экан, энди буни глобал ёлғон, дейиш мумкин.

Бу глобал ёлғон давлат раҳбарининг мажбурий меҳнатга чек қўйиш борасидаги келажакдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадига хизмат қилса, балки уни яхшиликка деб қабул қилиш керакдир?!

Ҳар ҳолда пахта терими учун ҳақ ўтган йилгига нисбатан мисли кўрилмаган даражада ошди, фермерларга пахта сотишда эркинлик бериш кўзланяпти.

Пахта экспорти монополисти бўлган ташкилот ўзгартирилди, демакки, экспортдан бойиётган амалдорларнинг пайтавасига қурт туширилди.

Бу янгиликлар соҳадаги ислоҳотлар янги кўриниш олганидан дарак бериш билан бирга келажакка некбинлик билан қарашга ундайди.

Аммо яқин ўтган кунларимизда ХМТ Ислом Каримовнинг ҳам пахта соҳасидаги мажбурий меҳнат борасидаги ёлғонларига дастак берганини эсласак, некбинлик даражаси анча пасайиб кетади…

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 декабр 2023
Россиялик сиёсатчи Захар Прилепиннинг «Россия сегодня» матбуот-марказидаги анжуманда қилган баёнотидан норози ўзбеклар стакан ичида бўрон қилиб, ерларга онтарилиб, дод вой қилиб ...
7 феврал 2020
Мана, яна ҳафта айланиб, сиз билан юзма-юз кўришиб турганимдан мамнунман. Жадвалга риоя қилиш ва интизом яхши нарса.  Бир катта ...
20 октябр 2023
Дунëда энг қиммат нарса – бу одамга бўлган ишонч кредити. Банкдан қарз олмоқчи бўлсангиз сизни текшириб тафтиш қилишади, муаммоли ...
16 июл 2016
Аскар чекила бошлади… – Хўп, нима бўлди? – Сурияликларга ватандошлик масаласи кун тартибидан тушди… – Эрдўғанни олий маълумот олмагани ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...