Асосий мавзулар
17 апрел 2018

Мирзиëев «тоқатсизлик»ни тарғиб қилмоқчими?

Ўзбекистон президентининг диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида соҳа ривожининг устувор йўналишлари хусусида тўхталиб ўтилган.

Фармондан иқтибос: “Жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан ТОҚАТСИЗЛИК МУҲИТИНИ шакллантириш”. (Тоқатсизлик муҳитини шакллантириш устувор йўналиш деб белгиланибди, хуллас.)

Ўзбекистон Конституциясидан иқтибослар:

«Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас» (12-модда).

«Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга» (29-модда).

«Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди» (31-модда).

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонундан иқтибос:

«Ўзбекистон Республикаси фуқаролари динга муносабатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Расмий ҳужжатларда фуқаронинг динга муносабати кўрсатилишига йўл қўйилмайди. Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний зиёратгоҳларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради» (4-модда).

«Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди» (5-модда).

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексидан иқтибос:

«Миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, диний эътиқодига ёки даҳрийлигига қараб фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар…» (156-модда).

Айни шу фармоннинг ўзидан яна бир иқтибос:

“Жамиятда БАҒРИКЕНГЛИК, ЎЗАРО ҲУРМАТ, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш». (Тоқатсизликми ёки бағрикенглик, қайси бири?)

Фармонда устувор йўналишлар белгиланар экан, яна бир жиҳатга эътибор қаратилади.

Иқтибос: “Диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш”.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонундан иқтибос:

“Ўзбекистон Республикасида таълим тизими диндан ажратилган. Таълим тизимининг ўқув дастурларига диний фанлар киритилишига йўл қўйилмайди” (7-модда).

Сўзим сўнггида Конституциядан яна бир иқтибос:

«Президент Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси йиғилишида қуйидаги қасамёдни қабул қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришган ҳисобланади».

«Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан» (92-модда).

Хуршид Йўлдошев,
мустақил блоггер
eltuz.com

Тағин ўқинг
27 сентябр 2017
Украина суди томонидан қамоққа олинган 51 яшар ўзбек журналисти Нарзулло Охунжонов Ўзбекистонга эстрадиция қилиниши мумкин. Фото: Рефат Чубарев «Детектор ...
28 октябр 2020
Рассом Туз
28 март 2023
Тошкент марказидаги музейда Рауф Парфи ҳайкали тантанали очилгани ва Каримов даврида хор зор бўлган Чўлпон портрети намойиш қилингани ҳақидаги ...
24 март 2024
Салим Абдувалиев 2023 йилнинг 1 декабр кечаси Тошкентдаги уйида ҳисбга олинган эди. Элтуз инсайдерларига кўра, навбатдаги “маски шоу” амалиётида ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...