Муҳаммаднинг бошига кавуш билан урган ўқитувчи жазоланди
Коллеж ўқувчисини урган урганчлик ўқитувчи Зебо Нафасова 14 апрель куни ишдан бўшатилди.
Унинг ишдан кетишига оёқ кийими билан ўқувчини ураётгани акс этган видеонинг ижтимоий тармоқда тарқалгани сабаб бўлди.
Видеода Урганчдаги автойўл коллежи биология ўқитувчиси 17 яшар Муҳаммад Жуманазаровни қўлидаги аёллар туфлиси билан қарсиллатиб ураётгани акс этган.
«Нега дарс қолдирдинг? Мен сени шу бугун йўқ қиламан»,- дея ўқитувчи қўлидаги оëқ кийими билан боланинг юзига, елкасига бир неча бор солади.
Видео юзасидан ижтимоий тармоқдаги баҳсларда бола тарбияси бўйича ўзбек жамиятининг иккига бўлинганини кузатиш мумкин.
«Калтак еб турмай, бу ўқитувчининг уриб жағини синдириш керак… Бу тарбияламаяпти, йигитни қўрқоқ қилиб қўйяпти… Агар ўзининг боласини кимдир урса, итга ўхшаб акиллаб борарди…», дея изоҳ қолдирди фейсбукда Илҳомжон Абдумўминов.
Айни пайтда ўқитувчи тарафини олаётганлар ҳам кам эмас.
«Ўғил болани тарбиялаш жуда қийин, айниқса қулоқсиз бўлса! Ҳеч нарса қилмайди урган бўлса! Ўғил бола, қилган айбига яраша урса, бунинг ёмон жойи йўқ! Ҳадеб ўқитувчини айблаш нотўғри, вақти келса ўзимизни қонимизга ташна қилиб юборади бу ўғил бола зоти!))», дея ёзади 3 ўғли борлигини писанда қилиб Диля исмли аёл.
Ўзбекистон таълим тизимида ўқитувчиларнинг мактаб ўқувчиларини, талабаларни уриши янгилик эмас.
Масалан, 2017 йилнинг 16 мартида фарғоналик бошланғич синф ўқитувчисининг болаларни ўқув қуроли билан ураётгани акс этган видео тарқалган, воқеадан кўп ўтмай ўша ўқитувчи ҳам ишдан кетган эди.
Рассом Туз
Eltuz.com