Асосий мавзулар
23 апрел 2018

Тошкентда ўқувчилардан турникет учун пул йиғилмоқда

Айни кунларда Тошкентдаги умумтаълим мактабларида турникет ўрнатиш кенг кўламда, аксарият ҳолларда мажбурий тарзда бошлаб юборилган.

Хабарларга кўра, мактабларга турникет ўрнатиш жойлардаги ҳокимларнинг махсус буйруқлари асосида амалга оширилмоқда. Бу буйруқлар чиқарилишига Ўзбекистон президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қалқон вазифасини ўтамоқда.

Мактабларда ота-оналар мажлислари ўтказилиб, уларга тушунтиришлар берилаётир. Гарчи мактаб директорлари турникет ўрнатилишига ҳеч қандай алоқалари йўқлигини айтаётган бўлса-да, бу масала кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўляпти.

Норозиликларнинг асосий сабаби шундай ҳам йиғди-йиғдилардан безиган ота-оналарга яна маблағ йиғиш малол келаётганидир.

Турникет ўрнатиш текин дейилаётган бўлса-да, ундан ўтиш учун фойдаланиладиган электрон карта учун улардан 15 минг сўмдан (баъзи жойларда 10 минг сўмдан) бир марталик пул йиғиш буюрилган. Ундан кейин эса ҳар ойда 8 минг сўмдан абонент тўлови мавжуд.

Шундан ҳам мактаб фонди, таъмирлаш пули, яна аллақандай йиғди-йиғдилар жонига теккан ота-оналарнинг аксарияти бундан кескин норози. Лекин ҳамма ҳам дардини ошкор этишга журъат этаётгани йўқ.

Турникет ишлаганда ота-оналарга СМС келадими?

Турникетларни ўрнатаётган фирмалар эса ундан асосий мақсад ота-оналарга кўмаклашиш, ўқувчиларнинг давомат масаласи ҳисобланишини, бу хизмат мажбурий бўлмаган, пулли ва сифати юқорилигини айтаётир.

Уларнинг сўзларига кўра, бола мактабга кирганида ва чиққанида бу ҳақда ота-онанинг телефон рақамига СМС келади ва шу орқали уни назорат қилиш мумкин бўлади.

Бироқ аслида ундай эмасга ўхшайди. Ўғли бир йиллар аввал шу замонавий хизмат жорий этилган мактабда ўқийдиган отанинг айтишича, турникет бир ишлайди, бир ишламай қолади. СМС эса келса ҳам кечқурун келади ёки умуман келмайди.

Бундан ташқари, мактабда ўқувчи кўп бўлгани сабабли турникетдан ўтишда тиқилинч юзага келади ва ўқувчилар эркин йўлакдан ўтишига тўғри келади. Қолаверса, мактабнинг турникетсиз ҳам ўтса бўладиган йўлаклари бисёр…

Энди турникет ўрнатишдаги суиистеъмолликларни ҳам кўриб чиқсак. Биз ўртача 1500 ўқувчи ўқийдиган мактаб мисолида кўриб чиқамиз. Тошкентда бундан кўп ва кам ўқувчи ўқийдиган мактаблар ҳам бор.

Олди-сотди эълонларига ихтисослашган glotr.uz сайтида турникетларнинг нархи 2 миллион сўмдан бошланади. Мактабда 5 та турникет ўрнатилиши керак бўлса, унинг нархи 10 миллион сўм бўлиши керак.

Лекин мактабда 1,5 мингдан кўп ўқувчи ўқийди. Аслида электрон картага деб айтилаётган бўлса-да, ҳар биридан 15 минг сўмдан йиғилмоқда. 1,5 мингни 15 мингга кўпайтирсангиз, 22,5 миллион сўм чиқмоқда.

Бу ерда саволлар келиб чиқади. Нима учун мактабга ўрнатиладиган турникетлар пулини ота-оналар тўлаши керак? Агар турникет мактаб ҳисобидан ўрнатилаётган бўлса, унда ҳар бир электрон карта учун 15 минг сўм, абонент пулини 8 минг сўмдан қилиб ким белгилаган?

Бу саволларга жавоб излаганингиз сари коррупциянинг ҳиди кучайиб бораверади.

Баҳодир Шариф
eltuz.com

Тағин ўқинг
1 сентябр 2020
2 сентябрь куни Бухоро инқилоби ва Бухоро Халқ Республикасининг 100 йиллигига бағишланган халқаро симпозиум бўлиб ўтади 2.09.2020, ЧОРШАНБА Нурсултон ...
4 октябр 2024
Азиз ва мукаррам, қадрли ва меҳрибон кўзи қора қоши қора юртдошларим, мана хапта айланиб сиз билан юзма юз, бетма ...
1 май 2015
Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг Сурияда ҳалок бўлган норасида бола тақдири таъсирида яратилган “Айтиб бераман” қўшиғи плагиаторлик можаросига сабаб ...
20 сентябр 2017
Президент Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72 сессиясида қатнашиш учун АҚШга россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг Airbus A340-313 шахсий самолётида борди. ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...