Видео
23 май 2019

Лас-Вегас масжидлари

Лас-Вегас – гуноҳлар шаҳри. Аҳолиси ярим миллион, даромади казино ва қимордан келадиган бу шаҳарда бир нечта масжид бор, бугунги кунда яна биттаси қурилмоқда.

АҚШнинг ғарбий штати бўлмиш Невада маъмурий маркази Лас-Вегасда қурилаётган бу бино шаҳардаги ўнинчи масжиддир.

Бундан ташқари, шаҳарда Ислом академияси ва бир қанча исломий марказлар бор.

Кафтдек шаҳарчадаги черковлар сони ҳам шундан кўп эмас, бироқ сайёҳлар бу шаҳарга ибодат қилиш учун эмас, кўпроқ кўнгил очиш, қиморга пул тикиш учун келишади.

Сиз кўраётган бу шаҳар Басра ёки Бағдод эмас, бу Лас-Вегас.

Тўғрироғи, шарқ эртакларидаги Бағдодни эслатувчи улкан қиморхонанинг бир безаги.

Сирти ёпиқ, иллюзияли шаҳарлар нусхасидаги, ўз мусаффо осмонига эга казиноларда кун ва тун алмашгани сезилмайди.

Қум ва пул устига қурилгани айтиладиган шаҳарда либерал Американинг бошқа штатларига нисбатан ҳам анча эркин ҳаёт ҳукмрон. Бу эркинлик ёмонлар учун ҳам, яхшилар учун ҳам тенг тақсимланган.

Шаҳарнинг гуноҳлар шаҳри дея аталиши ҳам бежиз эмас. Лас-Вегаснинг барпо бўлишида мафиянинг ҳиссаси катта. Биз шаҳардаги илк казинолардан бири «Фламинго» қаршисидамиз. Унинг эгаси, ўша пайтдаги газеталарнинг ёзишича, ашаддий гангстер Бакси Сигел чиндан ҳам пулни қум каби қазиб олган шахсларнинг бири бўлган.

Бутун мамлакат бўйлаб пул тикиладиган ўйинларига чек қўйилган бир вақтда Багсининг ўйин мажмуалари қуриш ғоясини кўпчилик шунчаки тентаклик дея баҳолаган эди.

Жумладан, Багси билан олди-бердиси бўлган мафияга ҳам Сигелнинг Лас-Вегас казино ва отелларига сармоя ётқизаётгани ёқмайди.

1947 йилнинг 20 июнида Багси Сигел отиб ўлдирилади.

Унинг ўлимидан кейин казино ғояси Лас-Вегасда ривож топади, либерал қонунлар ҳукмрон шаҳарга сайёҳлар оқими ҳам, пул оқими ҳам ортади.

1952 йилдан 1957 йилгача мафия ва банкир-мормонларнинг пулига ўнлаб казинолар қурилади. Ҳозирги кунда бизнеснинг бу тури Лас-Вегаснинг асосий даромад манбаидир.

Жаҳоннинг қимор, казино ва карта ўйинлари маркази саналган Лас-Вегасда саксондан зиёд казино, бир неча минг ўйин павильони ва уларга хизмат кўрсатувчи ҳашаматли отеллар мавжуд.

Илк бор азарт ўйинларга 1915 йили изн берилди. Ўша йили карта ўйинлари ассортименти кўпайтирилди. Илк автоматлар ўрнатилди. Дастлабки слот машиналарида ютуқларга сигара ва спиртли ичимликлар каби буюмлар қўйилган эди.

Бутун мамлакат бўйлаб ахлоқсизлик аломати саналган қартабозлик, тезкор никоҳ, қоидасиз жангларга пул тикиш, ўғирлик ва қон тўкиш бу шаҳарда кенг ривож топди.

Бироқ диний мутаассиблар ва ку-клукс-клан каби ирқчи секталар таъсири остида 1919 йили азарт ўйинлар тақиқланди, айни ҳолат шаҳар иқтисодининг чўкишига, криминал гуруҳларнинг қуролли қаршиликларига сабаб бўлди.

1931 йилнинг 19 майида Невада штатидаги азарт ўйинларига тағин рухсат берилади.

Тақдирнинг гардиши билан бу лойиҳага маблағни ҳеч қачон казино ўйнамаган, яхши тарбия кўрган Тобин исмли невадалик тикади. Лойиҳадан тушган пулларга у мактаблар қуриш мумкинлигини айтади.

Бутун АҚШ бўйлаб қиморхоналар, пул тикиладиган ўйинлар тақиқланган бир даврда Невада либерал қонунчилиги одамларни айни ўйинларга жалб этиш ғояси билан чиқади.

Мактаблардан ташқари Неваданинг жиддий иқтисодий муаммоси – энергия ва сув танқислигини ҳал қилиши мумкин бўлган Ҳувер Дам тўғони учун катта пул керак эди.

Ўша йили ҳукумат шаҳардан 40 чақирим наридаги тошлоқ саҳрода Мид сув омбори ва қудратли гидроэлектростанцияни қуришга киришади.

Беш йилга чўзилган тўғон қурилишининг юзлаб ишчилари оғир машаққатли меҳнатдан сўнг ҳордиқ чиқариш ва янада кўпроқ пул топиш учун шаҳар казиноларига чопишади.

Шаҳар қисман ва том маънода Америка орзуси қанотида келган мардикор ишчиларнинг казинога тиккан беҳисоб пуллари эвазига қад кўтаради.

Пул орзумандлари орасида мусулмонлар ҳам кўпчилик. Шаҳардаги тунги клублар, беҳисоб казинолар ёнида Аҳлул Байт, масжид Ас Сабур, масжиди Тавҳид, Иброҳим каби масжидлар қад кўтаради.

Бир замонлар католик дини тақиқларига қарши қон ва казинолар исёни билан жавоб берган шаҳарда дин эркинлиги ҳам чекланмайди.

Бироқ гуноҳлар шаҳрининг масжидлари исломофоблар ғашини келтирмайди, дейиш қийин. Масалан, 2015 йили масжидлардан бирига чўчқа гўштини ташлаб кетишган, бу юзадан шаҳар полицияси жиноят иши очган эди.

Масжидларга қарши хуружлар хавфи йўқми? Янги қурилаётган масжидга ён қўшни бўлган Хулио исмли насронийни суҳбатга тортамиз.

«Аксинча. Мен учун ёнимизда шундай масжиднинг қурилгани жуда яхши».

Хулио асли католик, бироқ ёш болалари билан қиморхонадан кўра масжид ёнида яшашни афзал кўришини айтади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
5 июн 2017
«Ўзбекконцерт» бирлашмасида президент девонидан келган вакил иштирокида ўтказилган шошилинч йиғилишда ижтимоий тармоқда пайдо бўлган “Султонимиз омон бўлсин!” қўшиғи кескин ...
20 апрел 2020
Хотираларимда ўтган асрнинг 70-йиллари аурасига кириб қолдим, чиқиш осон бўлмаяпти… Ғарб шеърияти ҳақида ёзилган туркум мақолаларга жаҳли чиққан, ўзини ...
22 феврал 2022
Ўзбек амалдорлари ва оилаларининг ўғриликларини кўриб, ҳайратланмай қўйганман. Лекин, ҳар сафар бундай янгиликка бир жирканч, бадбўй кайфият ҳамроҳлик қилади. ...
3 июн 2019
Андижонда 25 май куни эълон қилинган шанбалик 29 май куни ҳам давом этди. Марҳамат тумани электр тармоқлари корхонаси ишчисининг ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...