Кўзқараш
9 июл 2018

Алишер Таксанов: Милиция люстрация қилиниши керак

Каттақўрғонда милиция капитанининг аёл кишини қип ялонғоч қилган ҳолда таҳқирлагани ўзбек жамиятида жуда катта шов-шувга сабаб бўлди. Каримберди Тўрамурод фотоси.

Айни пайтда бу воқеа юзасидан Бош прокуратура, Хотин-қизлар қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги каби ташкилотлар вакиллари турли баёнотлар берди.

Аммо бу баёнотларда айбни тизимдан эмас, шахсдан қидиришга уринишлар ўзбек жамиятининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, хорижда яшаётган ўзбекистонлик диссидент журналист Алишер Таксанов Хотин-қизлар қўмитаси раиси, бош вазир ўринбосари Танзила Норбоевани ички ишлар идоралари билан можародан қочиб, жиноятни ҳуқуқ-тартибот ваколати юкланган мансабдор шахснинг инсоний сифатлари – тарбиясизлиги ва ахлоқ нормаларини билмаганига йўйишга интилишда айблади.

Бундан аввалроқ Т.Норбоева воқеа юзасидан фикр билдириб, “бу ўринда, аввало, гап мазкур “эркак”нинг тарбияси даражасига бориб тақалади”, дея баёнот берганди.

Бунга жавобан А.Таксанов бош вазир ўринбосарининг эътиборини воқеа бозорда, кинотеатр ёки “қизил чироқлар” кўчасида эмас, ИИВнинг расмий идораси бўлмиш Каттақўрғон ТИИБ биносида содир бўлганига қаратди.

Унинг таъкидлашича, капитан Санъат Умаров ўғирликда айбланган аёлни очиқчасига таҳқирлаётганда бу воқеани бинодаги ўнлаб ходимлар, жумладан, юқори унвонли офицерлар кўрмаслиги мумкин эмас эди. Лекин ҳеч ким капитанни қонунбузарликдан тўхтатишга уринмаган.

“Ҳеч ким унини чиқармадими, демак бу ўша ерда бўлган барча орган вакилларининг жинояти. Шунинг учун жавобгарлик солидар тарзда бўлиши керак”, дейди журналист.

Унинг қайд этишича, давлат халқ номидан ИИВ ходимларига фақат қонун ижроси учун фойдаланилиши керак бўлган алоҳида ваколатлар (ҳуқуқ эмас) беради.

“С.Умаров ваколатлари доирасидан чиқиб, Жиноят кодексини бузган экан, бунда ИИВнинг ҳам айби бор. Ҳамма нарсани тарбияга йўйишга уриниш милицияда мавжуд муаммоларнинг бир қисми, холос. Агар бундай садист ишлаган экан, демак у илгари ҳам раҳбариятнинг қўлловига эга бўлган”, дейди А.Таксанов.

“Тўғрироғи шуки, бундай иш услуби Ўзбекистоннинг жазолаш-қатағон қилиш органлари фаолиятида анчадан буён қўлланилиб келинади. Умаров ҳам ушланганларни камситиш, ҳақоратлаш, балки қийнаш ва таҳқирлашни одатий иш услуби деб билган”, дея давом этади журналист.

А.Таксановнинг фикрича, милицияни “тарбиясизлар”дан тозалаш учун медикаментоз усуллар эмас, тўлиқ жарроҳлик операцияси даркор. Айнан люстрация қилиш ва янги мезон ҳамда талаблар бўйича янгидан тузиш керак.

Сўзи охирида журналист таҳқирланган аёлга маънавий зарарни қоплаш учун ИИВни судга бериш ва ўз бизнесини йўлга қўйишга етадиган катта маблағ ундиришни маслаҳат беради.

Айни кунларда каттақўрғонлик таҳқирланган аёл воқеасига бундай кескин муносабатни турли ижтимоий тармоқлардаги кўплаб бошқа юзерлар ҳам билдирмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу воқеа юзасидан капитан Санъат Умаровга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва эҳтиёт чораси сифатида у қамоқда сақланмоқда.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
4 ноябр 2023
Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилаётган X Factor халқаро телешоу ҳакамларидан бири Маданият вазири муовини Баҳодир Аҳмедовни ўзи ва ҳамкасбларига нисбатан ...
9 январ 2017
Шўролар даврида бир фантастик фильм бўларди. Ерликлар яхши ўзга сайёраликларга ёмон сайёрадошлари устидан ғалаба қозонишига ёрдам бериши ҳақида эди ...
26 январ 2016
Ўзбек расмий рухонийларини тамсил қилган нашр ҳар бир фуқаро ўқиши керак бўлган китоблар рўйҳатини белгилади. “Ҳар бир ўзбек ўқиши ...
9 феврал 2021
Бир одам охирги дарахтнинг устига чиқиб, ўзи ўтирган дарахтни арралаяпти. Йўлда кетаётган сайёҳ унга қараб савол беради: – Илгари ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...