Асосий мавзулар
24 октябр 2018

Андижон олдинда – ниқобланган мажбурий меҳнат бўйича

22 октябрь куни Андижон вилояти телевидениесида вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмоновнинг пахта йиғим-теримида қатнашганлиги юзасидан кўрсатув тайёрланди. Унда 19 октябрь куни ҳоким ҳам Қўрғонтепа тумани далаларида пахта теримида бўлганлиги, йиғим-терим ишига ўз ҳиссасини қўшганлиги айтилди. Кўрсатувда ҳоким жаноблари яна аҳолига мурожаат қилиб, режа бажарилишига оз қолганлиги, умумхалқ ҳашарига ҳисса қўшишларини илтимос қилди.

Хуллас, пахта йиғим-теримига ҳоким шунақа ёндашяпти. Матбуот орқали тез-тез аҳолига мурожаат қилиб, пахта майдонига чорлаяпти. Ўзи ўрнак кўрсатиб, далада пахта теряпти. Ҳоким пахта терган хўжаликда шу куни қозон кабоб пиширилди. Таом янги, қимматбаҳо идиш-товоқларда тортилди, шароитларни кўрган одамнинг ҳаваси келиб, пахта майдонига югургилаб қолиши турган гап.

«Ҳолвани ҳоким ер…«

«Албатта, ҳоким пахта терган жойда шароитлар зўр бўлади-да. Ҳокимга ҳашарчиларга атаб пиширилган макарон шўрвадан қуйиб беришгани, таппи ёқиб чой қайнатиб беришгани йўқ. Ҳоким худди пахтакорлар каби зах ерга ўтириб тушлик қилмайди. Биз пахтамизни топшириб тезда тушлик қилиб оламиз. Ёнимиздаги термоснинг қопқоғига чой қуйиб ичамиз. Чанқоғимиз босилмаса ё далада чанқаб қолсак, ариқдан сув ичиб кетаверамиз. Ҳоким эрта тонгдан то кечқурунгача пахта тергани йўқ, худди вилоятдан келган олифта санъаткорлар, шоирларга ўхшаб, бир этак пахта териб бериб чиқиб кетди. Кечгача терса, бели оғриб, эртасига ишга чиқолмай қоларди», – дейди Қўрғонтепа туманида пахта тераётган ҳашарчилардан бири.

Ўша куни Қўрғонтепа туманининг бошқа массивларида ҳам ҳашарчилар пахта теришган. Аммо улар қозон кабоб емаганлар. Термосдаги чойларидан ичиб, санитария талабларига риоя этилмаган шароитда пиширилган макарон ё мошкичири еб, теримга кириб кетганлар. Қўрғонтепа туманида эндигина биринчи теримга тушган хўжаликлар кўп. Бу ерларда пахта кечроқ очилган. Теримчилар 100 кг дан 150 кг гача пахта теришяпти.

Мажбурий меҳнат «юрт ишига ҳисса қўшиш» дея аталди

Вилоят ҳокимининг мурожаатидан сўнг барча корхона-ташкилотлар оммавий ҳашарга жалб этилди. Кўпчилик давлат ташкилотлари, МФЙлар эшигига “Ҳамма пахтада” деган ёзувлар ёпиштирилган. Мажбурий меҳнат «ҳашарга, юрт ишига ҳисса қўшиш» дея ниқобланди.

«Агар бир одамдан «пахтага боришни истайсанми?» деб сўраса, у «йўқ, мен бормайман!» деб жавоб берса-ю, бормаса, мана бу ҳақиқий мажбурий меҳнатга барҳам берилгани. Аммо ишчи-ходимлардан рухсат сўрамасдан, «дам олиш кунлари пахта теримига чиқасизлар», деб айтиш ҳақиқий мажбурий меҳнат аломатлари. Нимага шу оддий хақиқатни ҳеч ким тушунмаяпти», – дейди ўзини Шаҳобиддин деб таништирган ўқитувчи.

Эшиттиришга раддия берилди

“Озодлик” радиосида ўқитувчилар ва тиббий ходимлар пахтага жалб қилинаётгани ҳақида чиққан хабарга вилоят “Андижоннома” газетаси гўёки раддия берди. Эмишки, шанба-якшанба кунлари ўқитувчилар ўзлари хоҳлаб пахтага чиқаётган эканлар.

“Ваҳоланки, ҳоким номидан на расмий, на оғзаки топшириқ берилган. Сабаби оддий ва маълум: 17 июль куни республика Президенти раислигида умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда уларни пахта теримига жалб этмаслик хусусида аниқ вазифалар белгиланган эди”, деб ёзади “Андижонннома” газетаси мухбири.

Избоскан ва Андижон туманларидан олинган маълумотларга кўра, мактаб ўқитувчилари шанба-якшанба ва методик кунлари пахтага чиқишаётган экан. Ҳеч бир ўқитувчи ўз хоҳиши билан чиқмаётган эмиш. «Бормайман деганлар ўз ўрнига фарзанди ё жиянини чиқаряпти», дейди бир муаллима.

Андижон туманидаги 36-мактабда 13 ва 20-октябрь шанба кунлари юқори синфларда дарслар деярли бўлмаган, ўқувчилар сўрашса, “ўқитувчилар пахтага кетган”, дейишибди.

Ҳозир Андижон пахта бўйича республикада биринчи ўринда кетмоқда. Вилоят пахта топшириш йиллик режасини 81 фоиз бажарибди. Ҳоким ҳукуматга 5 ноябргача режани бажаришга ваъда берибди. “Режа бажарилганда президент келади”, деб вилоятда катта тайёргарликлар бошлаб юборилган.

(Андижонлик теримчи аёл мактубидан)

Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 август 2017
Бу расм ҳам аслида воқеабанд. Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ тумани Қорасув қишлоғи ҳудудида 2015 йилнинг 20 сентябрида Анвар исмли милиция ...
18 апрел 2018
Вазирлар Маҳкамасида 17 апрель куни бош вазир Абдулла Арипов раислигида ўтган видеоселекторда ўқитувчи ва тиббиëт ходимларини кўча тозалашга жалб ...
26 март 2018
Президент Мирзиёев 23 март кунги йиғилишда матбуотни мақтамасликка, бор ҳақиқатни кўрсатишга чақирди. «Мақтаманглар. Мақтайдиган даврлар ўтиб бўлган. Раислар билан ...
25 январ 2017
Мирзиёев Республикада ҳаммага юзтадан товуқ боқишни буюрди. Бунинг назоратини, барча рахбарлар, жумладан Бош вазир ўринбосари Рустам Азимовга топширди. Рассом ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...