Асосий мавзулар
13 июл 2018

Талабалари калтаклаган домла президентдан нажот кутмоқда

Наманган муҳандислик технология институтининг собиқ домласи, талабалари томонидан калтакланганини айтаётган Сирожиддин Ашуров жиноятчилар тегишли жазони олишида президентдан нажот кутмоқда.

Беш йилдан буён адолат қарор топиши учун курашаётган ўқитувчи ўз ниятига ета олмагани сабабли президентга видеомурожаат йўллади.

Сирожиддин Ашуров 1950 йилда туғилган. Ҳозир пенсияда. 30 йилдан ортиқ давр мобайнида Намангандаги олий ўқув юртларида фаолият юритган. Охирги 15-20 йил давомида Наманган муҳандислик технология институтида ишлаган.

“Синов ва имтиҳонлар қабул қилгандан сўнг ишдан уйга қайтаётган эдим. Бу кечки 8:30 лар атрофида эди. Менга орқа томондан бир неча талаба ҳужум қилди. Улар тўмтоқ жисм билан уриб бошимни ёришди. Кейин эса 15 минут калтаклашди. Сўнг нимадандир қўрқиб қочиб кетишди”, деб воқеани баён қилади С.Ашуров.

Айтишича, у ўзини калтаклаган талабаларни таниган. Уларнинг асосийлари Эгамбердиев Бобур, Умурзоқов Акмал ва Султонов Ғулом бўлган. Усмонов Шерзод, Назаров Фарҳод ва бошқалар уларга ёрдам берган.

Домланинг сўзларига қараганда, улар дарс қолдирадиган, интизомсиз талабалардир. С.Ашуров бу талабаларга асосли равишда синов ва имтиҳонлардан баҳо қўймаган.

“Шунинг учун мени ўлдирмоқчи бўлишди, суиқасд қилишди. Улар мени ўйиндан чиқариб, институтдан тегишли қониқарли баҳоларни менсиз олмоқчи бўлишди”, дейди собиқ ўқитувчи.

С.Ашуровнинг маълум қилишича, бу жиноят бўйича терговда у айтганларининг ҳаммасини исботлаб, асослаб берган. Шунга қарамай, жиноятчи талабалар жавобгарликка тортилмаган. Бунинг устига, жиноят иши ҳаракатдан тўхталган. Терговчилар бунинг сабабини жиноят содир этилганидан буён беш йил ўтгани билан изоҳлаган.

“Аслида менга ҳужум қилганлардан бири Султонов Акмалнинг отаси Аъзам Султонов ўша вайтда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишларди. Айнан шунинг учун бу жиноятчиларни жазога тортишнинг имкони ҳозиргача бўлмай келяпти”, дея нолийди собиқ ўқитувчи.

Унинг таъкидлашича, бу жиноятда босқинчилик ва талон-тарож, суиқасд аломатлари мавжуд. Хусусан, ҳужум қилган талабалар унинг ичида пуллар, журналлар, ведомостлар бўлган папкасини олиб кетишган. Жиноий гуруҳ бўлиб ўлдиришга уриниш бўлган. Аммо шу пайтгача тергов бу жиҳатларга умуман эътибор қаратгани йўқ.

Иш судгача ҳам етиб бормаган. Ҳолбуки, жабрланувчи ҳам маҳаллий, ҳам республика ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилган.

Бундан ташқари, мазкур жиноят содир этилган сўнг С.Ашуров ишдан ҳайдалган. Бу иш талабалар ҳеч бир қаршиликсиз имтиҳон ва синовларни топшириши учун уюштирилган. Шундан сўнг бу талабалар диплом ҳимоя қилиб, ўқишни ҳам тамомлашган.

“Мен сиздан бу ишга шахсан аралашишингизни сўрайман.. Чунки шусиз мен адолатни қарор топтира олмаяман. Қўлимдан ҳеч нарса келмаяпти”, деб якунлайди ўз мурожаатини талабалари томонидан калтакланган собиқ ўқитувчи.

Тағин ўқинг
20 сентябр 2023
Кеча 19 cентябр куни Шайхонтоҳур тумани судида прокурор Human.uz сайти асосчиси ва раҳбари Хуршид Далиев ва “Ўзбекнефтгаз” ширкати матбуот ...
29 сентябр 2023
РТ: Яшаш соатининг олтин капгири  Ҳар бориб келиши бир олам замон.  Коинот шу дамда ўз куррасидан  Ясаб чиқа олур ...
17 март 2018
Журналист Бобомурод Абдуллаев билан бирга давлат тўнтаришида айбланиб судланаётган тадбиркор Равшан Салоевнинг адвокати ўз мижозини айбига иқрор бўлишга ва ...
9 июн 2016
«Ҳуррият» газетаси ушбу янги ижтимоий тармоқнинг «бир қатор афзалликлари бор»лигини айта туриб, қовун тушириб қўйгандек. «Аввало, у «Tas-IX» тармоғида ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...