Асосий мавзулар
13 ноябр 2018

Бу кетишда одамлар фермерликка ҳам мажбурланса ажаб эмас

“Бу йил фермерларга ҳар йилгидан кўра оғир бўлди. Уларга нисбатан зуғум ва зўравонликлар кўлами ошса ошдики, асло камаймади”.

Бу қашқадарёлик фермернинг эътирофи. У жорий йилда ҳам ғалла, ҳам пахта режасини бажартириш учун маҳаллий ҳокимият органлари томонидан кўплаб зўравонликлар қилинаётганини айтди. Фото: Темур Карпов

Бу йил Ўзбекистонда деҳқончилик учун жуда оғир келди. Баҳорда об-ҳаво ноқулайлиги сабаб ғаллага касаллик тегди – занг тушди. Деҳқон бир амаллаб ҳосил етиштиргач, давлат аввалги йиллардагидан кўра кўпроқ ғирромлик қила бошлади.

“Режани бажарганлардан ҳам ортиқча ғаллани тортиб олишди. Бажармаганларга янада қийин бўлди. Мажбурий меҳнат бюроси деган бир бало чиқди. Уларнинг мол-мулкини талай бошлашди”, дейди фермер.

Ёғингарчилик сабаб чигит экиш анча кечикди. Кейин эса қурғоқчилик деҳқоннинг силласини қуритди. Камида 4-5 марта сув ичиши керак бўлган ғўзани аранг 2-3 марта суғорганлар кўп бўлди.

“Натижада бу йил пахта яхши бўлмади. Фермерлар яна аввалгидек ярим тундан оғгунча ҳоким ўтказадиган мажлислардан бўшамади. Дўқ-пўписа, сўкишларнинг чеки йўқ”, дейди қашқадарёлик фермер.

“Пахта сиёсати ҳар йилгидан ҳам кучайиб кетди. Бу йил аввалги йиллардан баттар бўлса бўлдики, енгиллашмади! Мажбурлаш ва зуғумлар одамларни жонидан тўйдириб, уларнинг президентга бўлган ишончини йўқотмоқда. Ҳокимидан тортиб прокурор, ИИБ бошлиғи, солиқ идораси раҳбари ҳар куни фермернинг устида”, дея қўшимча қилди у.

Ўзбекистонда режани бажармаган ёки бажаришга кечикаётган фермерларга ерини тортиб олиш билан дағдаға қилинади. Пахта терими ниҳоялаган сари бундай пўписалар жонидан ўтиб кетган фермерларнинг ўзи ерини топширишдан қўрқмай қўяди. Аммо баҳор келганидан сўнг барибир яна даласига қайтиб, дилда умид билан ерга уруғ қадашга киришиб кетади.

Ҳозир ҳокимлар фермердан ерини тортиб оламан деса, улар бажону дил бунга рози бўладиган даражага етиб келди.

Қашқадарёлик фермернинг айтишича, яқинда ҳоким фермерга ерини тортиб олиш билан дағдаға қилганида у ҳозироқ қайтариб беришга тайёрлигини айтган. Шундан кейин ҳоким: “Менинг фермерлик қиладиган қариндош-уруғим йўқ. Қандай қилиб бўлса ҳам пахта режасини бажариб қўй. Бўлмаса уйингга МИБни жўнатаман”, деган.

Ҳақиқатан ҳам Мажбурий ижро бюроси фермерларга тазйиқ ўтказишнинг навбатдаги воситасига айланди. Режани бажармаганларнинг мол-мулкини хатловга олиб, бўйнидаги қарзини узмаса, уларни мусодара қилиш амалиёти пайдо бўлди.

“Ҳозир бизда жуда кўп фермер ерини топшириш ҳаракатида юрибди. Агар шундай кетаверса, ерга ишлайдиган фермер қолмайди. Кейин булар фермерликка ҳам мажбурлайди шекилли одамларни”, дейди қашқадарёлик фермер.

Бош вазирнинг эндиликда собиқ ўринбосари Зойир Мирзаевнинг фермерлар ва қишлоқ хўжалигига масъул бир неча амалдорни қўлига кесак кўтартириб жазолагани, ариқ сувига тушириб қўйгани, машина олдига солиб югуртиргани воқеалари жорий йилда фермерларга бўлган ҳукумат даражасидаги зўравонликнинг бир рамзи ўлароқ кўрилмоқда.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 октябр 2016
Операция столида қолаётган шўрлик беморнинг пахта тугашини кутишдан бошқа чораси йўқ. Чунки тиббиёт ходимлари учун инсон соғлиғидан кўра, пахта ...
3 апрел 2018
Олий Мажлис Сенатида 29 март куни Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси Ихтиёр Абдуллаев Ўзбекистонга ҳавф солаётган исломий таҳдид ҳақида ...
14 ноябр 2024
Уотсон 1889 йили Россия империяси ишғоли остидаги Рус Туркистони деб аталадиган ўлкаларни кезиб суратлар олди. 1899 йили бу суратлар ...
16 март 2024
Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та мактубни ўқиб эшиттирамиз. Улар Ўзбекистоннинг Хоразм, Сурхондарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидан келган. Дастлабки мактуб Хоразмдан. Боғотлик аёл тикув машинаси ҳариди ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...