Ҳокимнинг инновацион қабули
(бу бор-йўғи ҳажвия, фақат қайсидир ҳоким ўз аксини кўрса, хафа бўлиш йўқ)
Туманга кимсан вилоят ҳокими келиб халқни қабул қилармиш, деган хабарни бири биридан эшитган тумонат одам йиғилиб, ҳокимни кутиб нақ уч соат ўтирди.
Бу пайтда ҳоким бобонинг “югурдаклари” ўзаро гурунг қилмоқда.
– Бу халқнинг қилгани иши йўқми дейман, уч соатдан бери кутиб ўтирсаям, кетай демайди-я!
– Шуни айтинг, ўзи булар қаердан эшитибди бугунги қабулни, газет, телевизор, интернетда эълон бермаган бўлсак? Фақат ишончли маҳалла раисларига “ишончли” бир-икки одамларни ҳоким қабулига яхшилаб тайёрлаб олиб кел, деб тайинлаган эдик!
– Ишқилиб ҳоким бободан яхшилаб таъзиримизни ейдиган бўлдик!
Шу пайт ойналари қарайтирилган, ҳашаматли қоп-қора жип визиллаб келиб қолди. Ҳокимнинг “сояси” дея ном таратган ёрдамчиларидан бири туман ҳокими ва ёшуллиларга йўл бермасдан югурганича пешвоз чиқди ва ҳоким бобонинг қулоғига пичирлаб, қабулга кутилмаганда ростакам халқ келгани, бу тумандаги мутасаддилар шуниям эплай олмаганини “суюнчилади”…
Хуллас, қабул бошланди.
– Ҳурматли аҳоли, мана кўряпсизлар, кейинги пайтда юртимизда жуда катта ўзгаришлар бўляпти. Бугунги учрашув ҳам шу ўзгаришларнинг шарофати билан бўляпди. Энди бевосита ишга ўтсак. Қабулга ким газ, свет, ичимлик сув ва йўллар масаласида келган бўлса, ўрнидан турсин!
Залда йиғилган 500 тача одамдан нақ 400 тачаси ўрнидан турди. Ҳоким бобо бурни устидаги кўзойнагини тўғрилаганича давом этди.
– Биласизлар, бу масалаларда дастурлар ишлаб чиқарилган! Ўзгаришлар бор! Ўтган йили сайловлар арафасида гувоҳ бўлдинглар, деярли бир ой газ, свет, сувда умуман узилишлар бўлмади! Бунинг учун ҳукуматимизга раҳмат деб шукур қилишимиз керак, тўғрими?
Бу гап-сўзлар залга келган кимларнингдир “тўғри, тўғри” деган тасдиқлари садосида давом этди.
– Энди “облгаз”, “облэлекросеть”, “облводаканал”, “облдор” раҳбарлари, туринг ўрнингиздан. Ҳозир буларнинг ҳаммасини залдан олиб чиқиб, ҳар бирининг муаммосини биттама-битта ёзиб олинглар.
Қоғозни аяб ўтирманглар, ҳаммасининг дардини ёзинглар. Қани, сизлар мана ёшуллиларнинг изидан бораверинглар, кимнинг муаммосини ёзмасалар, менинг олдимга қайтиб келасизлар!
Кимсан катта ҳоким бобога муаммоларимизни айтамиз, деган умидда келганларга тўлган зал бирпасда деярли бўшаб қолди. Ҳоким бобо “қалай, қойил қилдимми?” дегандай у ён-бу ёнга разм солиб, гапини давом эттирди.
– Қани, энди битта-битта микрофоннинг олдига келиб, саволларингиз бўлса беринглар, сизларни диққат билан эшитамиз! …
– Маҳалламизга болалар боғчаси керак…
– Хусусий тадбиркор қидириб топамиз, албатта қурилади…
– Қишлоғимизга болалар майдончаси керак…
– Хусусий тадбиркор қидириб топамиз, албатта қурилади…
– Спорт майдончаси керак…
– Хусусий тадбиркор қидириб топамиз, албатта қурилади…..
– Дўхтирхона керак….
– Хусусий тадбиркор қидириб топамиз, албатта қурилади…..
– Кутубхона керак…
– Хусусий тадбиркор қидириб топамиз, албатта қурилади…..
– Ёшларимизга иш ўринлари яратилса…
– Хусусий тадбиркор қидириб топамиз, албатта яратади…..
Қабул борган сари авжига чиқарди.
– Мен футбол майдончаси ташкил қилмоқчи эдим, шунга ер керак…
– Туман ҳокими қани, ёзиб олинг…
– Мен бир қишлоғимизда тикувчилик, мебел цехи очмоқчиман. 20-30 та янги иш ўринлари ташкил қиламан. Пулим бор, фақат ер керак…
– Туман ҳокими қани, ёзиб олинг…
– Маҳалламизда китоб дўкони, кутубхона қилсам дейман. Шунга ер сўраб бормаган жойим қолмади…
– Туман ҳокими қани, ёзиб олинг…
– Қишлоқда МТМ очиб, болаларимизга шароитлар яратсам дейман, ер керак…
– Туман ҳокими қани, ёзиб олинг…
– Маҳаллада замонавий медклиника очишга ер керак…
– Туман ҳокими қани, ёзиб олинг…
Хуллас, ҳамма хурсанд ҳолда қабул тугади. Фақат туман ҳокимигина хафа, у бир оқариб, бир қизариб зўрға катта ҳокимга юзланишга куч топиб сўради:
– Ёшулли, ёзганларимга ерни қандай ажратсам экан?
– Ким сенга ажрат деяпти, ман сенга ёзиб ол дедим, тўғрими? Беш-олти марта олдингга келади, мулойимлик билан мана, мана, ўрганяпмиз дейсан, охири жонига текканидан нима сўраётгани ўзи унутганини билмай қолади. Қара, туман халқининг шунча муаммосини бирпасда ечиб ташладим! Энди сен қарздорсан шахсан, бор, ишингни қилавер билиб! – деганича катта ҳоким бува машинасига ўтирди.
Эртаси куни газета ва телевидение, интернет «фалон вилоят ҳокими Пистончи Пистончиев сайёр қабул жараёнида икки юздан ортиқ фуқаронинг муаммосини ҳал этди», деган оламшумул хабарларни бири биридан ошириб-тошириб тарқатишдан чарчашмади.
Нима десангиз денг, лекин ёшуллиларнинг муаммолар ечимини топишнинг сайёр қабул деган усули ҳақиқий инновациянинг ўзгинаси, нима дедингиз-а?
Давлат Назар,
хоразмлик журналистнинг фейсбук саҳифасидан