Ўзбек тили қачон бугунги шаклга келган?
Шу кунларда баъзи бир ишлар билан банд бўлганим сабабидан каналга ёзишга вақтим бўлмаяпти. Аммо Навоий тили ҳақидаги постлардан сўнг ўзбек тили тарихи масаласида кўплаб саволлар келиб тушди. Вақт бўлганда шу масалага қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
Навоий, умуман, темурийлар даврида бу ҳудудларда тарқалган чиғатой тили бугун биз билган ўзбек тилидан анчайин фарқ қилган. Бугунги ўзбек тили, ўзбек тилининг бугунги шевалари ва уларнинг тарқалиш ҳудудлари хонликлар даврида шаклланган.
Темурийлар давридаги лингвистик вазият бугунгидан тубдан фарқ қиларди. Мовароуннаҳрнинг асосий аҳолиси форс тилида гапирарди. Туркий тилли аҳоли нисбатан кам бўлиб, кўпроқ кўчманчи ҳаёт кечирарди. Айни пайтда шаҳарлик туркийлар қатлами ҳам шаклланиб бораётганди. Уларда детрайбализация — қабилавий мансубиятини унутиш жараёни бошланган эди.
Бобур Фарғона вилоятини тасвирлар экан, у ерда еттита катта шаҳарни санаб ўтади: Андижон, Марғинон, Исфара, Хўжанд, Кандибодом, Ахси, Косон, Сўх (булардан ташқари, туркий тилли Ўш ва форс тилли Чуст ҳам бор эди, аммо улар жуда кичик эди). Бу шаҳарларнинг энг йириги — Андижондагина аҳоли туркий тилли эди. Марғинон XVII–XVIII асрларда ўзбек қабилаларининг кўчиб кириши натижасида ўзбеклашади. Ахсининг ўрнида XVII асрда Наманган қурилади, у ерда ҳам асосан ўзбеклар ўрнашади. Қўқон ва Фарғона (Скобелев) шаҳарлари ҳам кейинги асрларда қурилади. Бобур санаб ўтган қолган шаҳарлар бугунги кунга қадар форсий тиллидир. Бошқа ҳудудларда ҳам шунга ўхшаш жараён боради, масалан, Қаршида манғитлар, Шаҳрисабзда кенагаслар ўрнашади.
Демак, ўзбек қабилаларининг Шайбонийхон бошчилигида кириб келиши билан Мовароуннаҳр ва Фарғонада туркий тилли аҳоли сони кўпаяди. Бу оқим XVIII асргача давом этади, бунинг натижасида Мовароуннаҳр ва Фарғонанинг марказий вилоятларида аҳолининг асосий қисмини туркий тилли ўзбеклар ташкил эта бошлайди. Шундан сўнг туркий тилнинг нуфузи ортади, ахир ўзбеклар XVI асрдан бошлаб минтақанинг хўжайинларига айланади. Бошқа халқлар вакиллари асосий халқ таркибига қўшилиб, ўзбеклашиши натижасида бу халқнинг умумий адади янада кўпаяди.
Мана шу жараёнда бугунги ўзбек лаҳжа ва шевалари ҳам шаклланади. Бу жараён ҳар бир хонликда алоҳида боради. Масалан, Бухоро амирлигида форс тилининг таъсирида туркий тил сингармонизмни йўқотади, “о”лашади, кўплаб форсча сўз ўзлаштиради. Бухоро амирлиги шаҳарларида кенг тарқалган бу тилни давом феъли шаклидан билса бўлади. Эски тилда давом феъли бўлмаган, у XVII–XVIII асрларда шаклланган. Шу боис, ҳар бир хонликда бошқача давом феъллари шаклланиб қолган. Бухоро амирлиги шаҳарларида тарқалган шевадаги давом феъли — “боромман”, “келомман”, “тушопту”. Қўқонда — “боряпман”, “келяпман”. Хонлик перифериясида, яъни чекка қисмларида — “борвотман/борутман”.
Шу билан бирга, адабий тил Навоий давридан бошлаб деярли ўзгаришга учрамаган. Ёзувда у ўзгармай қолаверган, аммо ўқилиши бироз ўзгарган, яъни у ҳам “о”лашган.
Ҳозирги замон ўзбек тилига, биринчи галда, Бухоро амирлиги тили асос бўлиб хизмат қилган. Уч ўзбек давлати орасида энг йириги ва энг нуфузлиси бўлган Бухоро вакиллари тил масаласида ҳам устунлик қилган. Дастлаб улар бошқа туркий халқларга яқинроқ бўлиш учун қипчоқ шевалари асосидаги ёзма меъёрни ишлаб чиқишган, аммо советларнинг босими остида ундан воз кечиб, Бухоро ва Қўқоннинг шаҳар шеваларини ўрганиб, “о”лашган шаҳарча ёзма тил яратишган. Кейинчалик бу тил рус тили босими остида ҳамда барча шевалар (айниқса, Хива хонлиги шевалари) элементлари қабул қилиниши натижасида катта ўзгаришларга учради. Ўз навбатида, ёзма тил шеваларни ҳам ўзгартириб юборди: мажбурий таълим туфайли барча шеваларнинг луғатлари бирхиллашди, сингармонизм йўқолди ва ҳ.к.
Қизиғи, ўзбек тилини ҳам, тожик тилини ҳам ишлаб чиқишда бир хил одамлар — Садриддин Айний, Фитрат ва бошқалар қатнашган. Бунинг натижасида ўзбеклар адабий тилини форс тили таъсирига тушган деб ҳисоблайди, тожиклар эса, аксинча, ўз адабий тили ортиқ даражада ўзбекчалаштириб юборилганидан нолийди.
Эльдар Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери