Кўзқараш
13 май 2019

Халқаро Меҳнат ташкилотининг шубҳали фаолияти

Негадир кейинги пайтларда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ҳақида гап кетганида беихтиёр ёдимга Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчиллнинг мазмунан мана бундай сатрлари ёдимга тушади: “Давлатлар ўртасида дўстона алоқалар бўлмайди, манфаатли алоқалар ўрнатилади”.

Бу бежиз эмас, албатта.

Негаки, кейинги 3-4 йил давомида ХМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси фаолияти, айниқса, пахта йиғим-терим мавсуми даврида мажбурий меҳнат борасида тақдим этган ёлғонлардан иборат йиллик ҳисоботлари ҳафсаламни пир қилиб келмоқда.

Мен бир пайтлари хорижликлар, айниқса, Америка фуқаролари демократ, ҳақиқатпараст бўлади, деган хомхаёлда юрарканман.

Йиллар ўтиб, ХМТнинг фаолияти ва ёлғонлари билан яқиндан танишарканман, нақадар ғўр ва содда эканлигимни англаб етдим.

Бугунги кунда ХМТ мисолида халқаро ташкилотлар фаолиятига нисбатан кўнглимда шубҳа ва гумон уйғонди, улардан кўнглим қола бошлади.

Нега?

Мен деҳқон – пахтакор оиласиданман. Танглайим пахта билан кўтарилган. Болалигим, ўсмирлигим, ёшлигим пахта даласида ўтган.

Шу боис, пешона тери учун ҳақ олмай (чопиқ, ягана ва чеканка, ўтоқларга),  оғир меҳнат қилиш пахтакор учун қанчалар машаққат эканини яхши биламан.

Шу боис, деҳқон ҳақида, пахтакор ҳақида гап кетганида, ёлғон аралашгудек бўлса, бу риёни ҳеч қачон ҳазм қилолмайман, кечира олмайман.

Гапни чўзиб ўтирмоқчи эмасман.

Мени Халқаро меҳнат ташкилотининг “2018 йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнат тизимли равишда амалга оширилмади”, деган иддаоси ҳайратга солади!

Тўғри, мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасидаги ҳукумат томонидан амалга оширилаётган айрим интилишларни (гарчи самараси кам бўлса-да)  тан оламан.

Болалар меҳнатига чек қўйилди (бу Каримов даврининг маҳсули бўлди). 2018 йилда ўқитувчи ва шифокорлар меҳнатидан воз кечилди, бу рост. Аммо бу пахта йиғим-терими даврида мажбурий меҳнат тизимли тарзда амалга ошмади, дегани эмас.

Асло!

Мен буни деҳқонча тушунтиришга ҳаракат қилиб кўраман.

Ҳуқуқбон Урлаева билан 2018 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Жиззах вилоятининг Дўстлик, Пахтакор туманлари пахта далаларида мажбурий меҳнатга оид мониторинг ўтказдим.

Бу ерда маслакдошим Елена Урлаева билан Дўстлик тумани маданият уйига Тошкентдаги ИИВ академиясининг 2 000 нафар курсанти, туман газ идораси биносига эса шу академиянинг 80 нафар ўқитувчиси ётоққа жойлаштирилганига гувоҳ бўлдик.

Уларнинг барчаси казарма ҳолатида эди. Қизиғи, барчасига кунлик пахта териш режаси юклатилганди.

ИИВ академияси раҳбари Дўстлик тумани ёки Жиззах  вилояти ҳокими амрига бўйсунмайди, илтимосига кўнмайди. “Менда ишчи кучи етишмаяпти. Илтимос, дўстим, курсантларинг билан шу мавсумда менинг далаларимдаги пахтани теришга кўмаклашиб юбор. Пахталар қор-ёмғир остида қолиб, сифати бузилмасин”, деса келмайди, термайдиям.

ИИВ академияси раҳбари фақатгина ички ишлар вазирига бўйсунади. Ички ишлар вазири кимга бўйсунишини эса яхши биласиз!

Хўп, 2000 та курсанту 80 та ўқитувчи “ихтиёрий” равишда пахта теримига ҳам чиқди дейлик. Ўқув соатлари-чи, дарс нима бўлади? Наҳотки Ички ишлар вазирлиги 2 000 нафар талабанинг ойлаб дарс соати қолдиргани билан қизиқмаса?

Токи энг юқоридан буйруқ бўлмас экан, ИИВ академияси пахтага сафарбар этиладими?

Тизимли тарздаги мажбурий меҳнат бўлма, нима бу унда?

Ёхуд 2018 йилнинг пахта йиғим-терим мавсумида поезд вагонларига водийдан, Сурхондарёдан келтирилган минглаб ҳашарчи жойлаштирилди. Уларнинг барчаси шароитсиз вагонларда пахта теришга мажбур этилди.

Поезд станциясига ўнлаб вагонларнинг териб қўйилиши, минглаб ҳашарчиларни пахта далаларига элтиш учун ўнлаб автобуслар ташкил этилиши, колонналарнинг хавфсиз кузатиб борилиши учун йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари жалб этилиши, энг муҳими, теримчиларга кунлик норма қўйилиши ва кунлик норма бажара олмаганларни жазолаш Халқаро меҳнат ташкилоти тили билан айтганда “тизимли тарздаги мажбурий меҳнат” деб аталмаса, нима деб аталади, билмадим.

Мониторинг гуруҳи бошқа жабҳаларда кўзбўямачилик қилиши мумкин, бироқ 33 миллионли аҳоли кўз ўнгида бўлаётган мажбурий меҳнат масаласига ёлғон аралаштириб бўлмайди, асло! Чунки халқимиз, давлат корхоналари ишчилари ўзларидан ўтганини ўзлари ҳар куни кўриб, билиб  ўтиришди.

Хўш, ана энди айтинг-чи, шунча фактлардан кейин ХМТнинг чўпчакларига ким ишонади? ХМТ бу билан кимни алдашга уринмоқда?

Халқаро ташкилотларними, хорижий давлатларними?

Ўзбекистонда яшамаган, мамлакатимизни умрида бир бор кўрмаган одамларни бу ёлғон ҳисоботларга ишонтириш мумкиндир, бироқ мажбурий меҳнатни юрагидан ўтказаётган минглаб ўзбекистонликларни алдаб бўлмайди-ку!

Ёхуд ҳарбий қисм аскарлари Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманига пахта теримига сафарбар этилди.

ХМТ иддаосини маъқуллашга уринган ҳуқуқбон, собиқ сиёсий маҳкум Аъзам Фармонов “Ҳарбийларнинг пахта териши мажбурий меҳнат ҳисобланмайди”, дея ваъз ўқиб юрибди.

Қачонки, мамлакатда фавқулодда ҳолат содир этилгандагина ҳарбийлар сафарбар этилади. Ўзбекистонда пахта терими фавқулодда ҳолат ҳисобланадими? У ҳолда мамлакат президенти фавқулодда ҳолат хусусида алоҳида фармон имзолашига тўғри келади.

Тошкент вилоятининг Чиноз туманида Ички ишлар вазирлигига қарашли идоралар ходимлари жойлаштирилган эди.

Минглаб ички ишлар ходимларини Чиноз ҳокими сафарбар қилган, деб ўйлайсизми?

Мана, яна битта факт. 2018 йилнинг 6 октябрь куни ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева билан Тошкент вилоятининг Бўка туманида мажбурий меҳнатга оид мониторинг ўтказдик.

Мониторинг жараёнида туманда мажбурий меҳнатга йўл қўйиш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, тумандаги бир қанча биноларда “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти ва Ангрен сув хўжалиги ходимлари ётоққа жойлаштирилгани маълум бўлди.

“Ўзбеккўмир” ташкилотининг 300 нафардан ортиқ ходими 298-отряд шаклида пахта теримига жалб этилган бўлиб, уларга бир кунлик пахта нормаси 80 кг. қилиб белгиланганлиги аниқланди.

“Ангрен шаҳри прокурори келиб, биз билан мажлис қилганида кунлик норма 70 кг дан кам бўлмаслиги керак, деб талаб қўйган”, дейди кўмир кони ишчи-хизматчилари.

Энг қизиғи, кон ишчи-хизматчилари жойлаштирилган бино эшиги тепасига “Ангрен шаҳри прокурорининг пахта информацион маркази” деб ёзиб қўйилганини инобатга оладиган бўлсак, бу теримчи-ишчи хизматчиларга Ангрен шаҳри прокурори масъул эканлигини англаш мушкул эмас.

Ваҳоланки, прокуратура мамлакатда қонун ижросини, қонун бузилишларини назорат қилишга масъул идора.

Бироқ бу прокурор мажбурий меҳнатга оид ҳолатларга чек қўйишга киришиш ўрнига “Ўзбеккўмир” ишчи-хизматчиларини нима сабабдан “кунлик норма 70 кг. дан кам бўлмаслиги керак”, дея тергаб юрибди, нега бу бинода штаб ўрнатиб олган?

Бу ҳолатлар мисолида мамлакатда 2018 йилги пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнат тизимли тарзда амалга оширилганлигини англаш учун академик бўлиш, Америка очиши керакми?

Олмалиқ кимё заводи ишчиларининг Жиззах вилояти Дўстлик тумани пахта далаларига теримга сафарбарлиги ортидан 2018 йилнинг 5 октябрь ойида заводнинг 24 ёшли ишчиси Соҳибжон Муталибов оламдан ўтди.

Соҳибжоннинг онаси билан суҳбатлашганимизда, она “касаллик варақаси бор ўғлимни қўймай пахтага олиб кетишди”, дея гувоҳлик берди.

2018 йилги пахта йиғим-теримида водий аҳолиси ишчи кучи кам, пахта майдонлари кўп бўлган Сирдарё, Жиззах вилоятларига оммавий тарзда кўчирилганлигини ким инкор қила олади?

Мажбурий меҳнатнинг тизимли амалга оширилганлигига яна қанча мисол керак? Ўнлаб мисол келтириш, бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Кимки Ўзбекистон пахта далаларида ростдан ҳам мажбурий меҳнатга оид мониторинг ўтказган бўлса, худди мен ва Елена Урлаева каби фактлар асосида исбот-далили билан ўнлаб мисоллар келтира олиши ва ўз  сўзларига жавоб бериши мумкин, холос.

Модомики, гап мажбурий меҳнат ҳақида кетар экан, шу ўринда масаланинг энг муҳим жиҳатига эътибор қаратишингизни истардим. Мониторинг жараёнларида қай бир хизматчи билан суҳбатлашмайлик, пахта теримида кунлик норма қўйилганига шаҳодат беришди.

Кунлик пахта териш режаси қўйилдими, режани уддалай олмаганлар жазоландими – мана шунинг ўзи мажбурий меҳнат эмасми?

Қолаверса, қўлимизда вилоят ҳокимликлари томонидан пахта йиғим-теримига ҳар бир давлат, нодавлат идораларидан сафарбар этилиши кўзда тутилган ходимлар сонига оид буйруқлар мавжудки, бу ҳолат мамлакатимизда пахта-йиғим терими даврида мажбурий меҳнат тизимли бўлганидан далолат беради.

Яна бир ҳақиқат шундаки, “ихтиёрий” теримга жалб этилганларни ҳам том маънода ихтиёрий деб бўлмайди, зотан улар ортида мажбурий меҳнатга жалб этилган ходимлар яширин.

Масалан, мен Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани пахта далаларида “ихтиёрий” теримга келган самарқандлик бир аёл билан суҳбатлашдим.

Аёл ўз интервьюсида: “Мен ўз ихтиёрим билан пул ишлаш учун Жиззахга пахта тергани келдим. Фарзандим  контрактда ўқийди, менга пул керак эди. Бу йил менга пахта терими қўшалоқ даромад манбаи бўлди. Ҳам терган пахтамга ҳақ олмоқдаман, ҳам мени ўз ўрнига ёллаган милиция ходими бир ойга 900  минг сўм тўламоқда”, дея хурсанд бўлди.

Эҳтимол, ХМТ бу аёлни “ихтиёрий пахта теримига чиққан” деб ҳисоблар.

Аммо бу ерда масаланинг бошқа бир жиҳати бор: яъни аёлга ўз чўнтагидан ойига 900 минг сўм бериб ёллаган милиция ходимининг пахта теримига мажбур этилаётганлигини унутмаслигимиз керак.

Дейлик, ХМТ айтганидек, ўтган йили мажбурий меҳнат тизимли тарзда амалга оширилмаган экан, у ҳолда милиция ходими нима қилиб бир аёлни чўнтагидан 900 минг сўм тўлаб ўз ўрнига пахта теримига ёллаб ўтирибди?

Шу ўринда ХМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимларига “Шундай ёлғон келтирингки, нафақат ўзингиз, ўзгалар ҳам ишонсин”, демоқчи эдим.

Аслида Ўзбекистонда ўтган йили ўқитувчи, шифокор, ўқувчи ва талабадан ташқари барча бюджет ташкилотлари ишчи-хизматчилари, тадбиркорлик субъектлари пахта теримига бевосита ва билвосита сафарбар этилди.

Шунга қарамай, ХМТ уялмай-нетмай Ўзбекистонда бор-йўғи 7 фоиз инсон пахта теримига мажбурий тарзда чиқарилди, демоқда.

ХМТ бу ёлғонидан кимга қандай манфаат, билмадим, бироқ бу риёкорликдан Ўзбекистон элига зиён бўлса борки, ҳеч қандай наф йўқ!

2018 йилги пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнат камаймади, аксинча, авж олди.

Ҳукумат мажбурий меҳнатга барҳам беришни нечоғли истамасин, бунинг уддасидан чиқмади, енг ичида тизимли мажбурий меҳнатга такрор ва такрор мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Чунки қишлоқ хўжалиги ўлар аҳволга келган. Ёшларнинг деярли барчаси хорижда – иш излаб кетган. Қишлоқ хўжалиги техникага муҳтож. Ишчи кучи йўқ.

Пахта эса шунчаки пахта эмас, халқнинг пешона-тери. Меҳнати, машаққати. Уни бугун бўлмаса, эртага тераман, ўз кучим билан мажбурий меҳнатсиз йиғиштириб оламан, деб бўлмайди. Сусткашликка йўл қўйиладиган бўлса, пахта қор-ёмғир остида қолиб, сифати бузилади, деҳқоннинг меҳнати увол бўлади.

Бунингдек ҳолатда нима қилиш керак?

Қор остида қолдирмаслик учун ҳам ҳукумат бюжет ташкилотларига, милиционерларга, корхона ишчиларига, солдатларга мурожаат қилишга, уларни мажбурлашга мажбур.

Ўзбекистон пахта яккаҳокимлигидан воз кечмади, кеча олмади. Ҳалигача пахта етиштиришда давлат режаси мавжуд. Ҳалигача ерлар ўз эгаларига, деҳқонларга, фермерларга берилмади. Ерга деҳқон эмас, ҳокимлар хўжайинлик қилишмоқда.

Буни ХМТ кўрмайди, билмайди деб ўйлайсизми?

Мени ажаблантиргани шуки, барча ҳақиқатни била туриб, ХМТ негадир Ўзбекистон ҳукумати билан муросасозлик қилишга, мажбурий меҳнатни хаспўшлашга интилмоқда.

Ўзбекда бир мақол бор – кўр кўрни қоронғуда топади. ХМТ Ўзбекистонда ҳукуматнинг ноғарасига ўйнайдиган “ҳуқуқбон”лар билан ўзаро тил бириктиришга ҳам улгурди.

Улардан бири “ҳуқуқбон” Шуҳрат Ғаниев. Умрида бир маротаба мажбурий меҳнат борасида мониторинг ўтказмаган бу шоввоз ҳукуматнинг тили бўлиш учун 2017 йилдагина мажбурий меҳнатга оид мониторингчилар гуруҳи орасига киритилди.

Шуҳрат Ғаниев, адашмасам, мигрантлар масаласида мониторинг ишлари билан машғуллигини пеш қиларди.

“Мен мажбурий меҳнат борасида мониторинг олиб борувчи эмасман, мен таҳлилчиман, таҳлил билан шуғулланман”, дея чиройли гапиришни хўш кўрадиган ва 2018 йил пахта йиғим-терими давомида бир бор эгат ораламаган, мавсум давомида семинар ва хориж сафарларидан ортмаган Ғаниевнинг бугунга келиб Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари, ҳуқуқбонлар номидан оғиз кўпиртиришга ҳақи бормикин?

ХМТ ҳамтовоқлари қаторида собиқ сиёсий маҳкум Аъзамжон Фармонов ҳам борлиги эса янада афсусланарлидир.

Умуман олганда, халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалаларига бош қўшгани яхши. Агар уларнинг ҳамкорлиги манфаатлар эмас, инсон ҳақлари ҳимояси асосига қурилган бўлса, албатта.

Бироқ ХМТ каби фаолиятига ёлғон аралаштиргудек бўлса, бунингдек риёкор ташкилотнинг боридан йўғи.

Негаки, халқаро ташкилотлар келаверади, кетаверади. Аммо биз ўзбекистонликлар ўз қувончу ташвишларимиз, ютуқ ва камчиликларимиз билан қолаверамиз. Ютуқ ҳам бизники, фожиамиз ҳам.

Малоҳат Эшонқулова,
мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли

Тағин ўқинг
11 феврал 2020
Сурхондарёлик Абдуғани Эрдонов 62 ёшда. У шундан 7 йилини қамоқда ўтказмоқда. Тадбиркор ва беш фарзанднинг отаси Эрдонов Тожикистон фойдасига жосуслик ...
29 август 2016
«XXI аср» газетасида (25.08.2016) ЎзЛиДеП партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг «истиқлол берган улкан имкониятлар, эришилган бемисл ютуқлар»га бағишланган ...
31 май 2018
31 май куни ижтимоий тармоқларда тарқалган 3D пиёдалар йўлакчаси сурати Наманган кўчаларида олингани айтилади. Ўзбекистонда шусиз ҳам тузукроқ асфальт ...
23 март 2018
Сарлавҳага чиқарилган бу гап буюк актёр Шукур Бурхонов ижросидаги Юсуф Ялангтўш ҳақидаги фильмда айтилган. Не тонгки, “пайғамбар” даражасига кўтарилган ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...