Асосий мавзулар
6 сентябр 2019

Бир кўзи ўйилган милисани кўрганмисиз?

“Орамиздан чиқса гар миллатни яхши севгувчи, биз они душмон билиб, таффонча бирлан отамиз”.

Бу мисраларни буюк миллатсевар ëзувчи Абдулла Қодирий бундан 100 йил муқаддам ëзган эди. Дарвоқе, уни миллатчиликда айблашиб, 1937 йили отиб ташлашган. Бугун улуғланиб ҳайкаллари қўйилган Усмон Юсупов Қодирийни отиб ўлдирган тройка суди ташкилотчиларидан бири эди.

Тарих тўғрисида қолайликда жим, бугунни сўйлайлик, қулоқ бер шунга.

Ўзбекистонинг рус-совет истибдодидан қутулган куни сифатида тўйланадиган 1 сентябрь куни совет даврида Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун курашган марҳумларни зиёрат қилиш учун Тошкентдаги Кўкча қабристонига бормоқчи бўлган бир гуруҳ миллатсевар  ёшлар Шайхонтоҳур тумани ички ишлар бўлимига “суҳбат”га чақирилиб тергалди.

Бу ëшларнинг Туркистон озодлиги учун курашган Алихонтўра Соғуний ва совет даврида Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган Миртемир Мирабдуллаевлар қабрларини зиёрат қилишини Шайхонтоҳур ички ишлар бўлими ходими миллатчилик деб баҳолабди.

“Ақли ошиб-тошиб кетган”  Шайхонтоҳур милиса началнигининг мантиғига кўра, Соғуний Ўзбекистонда эмас, Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилгани учун миллат ойдини бўла олмайди. Миртемир Мирабдуллаев совет даврида мустақиллик учун  курашмаган. Чунки бунга  рухсат бўмаганмиш.

Бу мент рутбасидаги милиса Навоийнинг ҳам Ўзбекистонда туғилмаганини билармикин? Ëки Жалолидин Мангубердининг ҳозирги Туркманистон ҳудудида туғилганидан хабари борми? Умуман, бу милисага сиëсий тазйиқ қилиш, тарихни ревизия қилиб 1937 йил руҳидаги дағдағаларни қилишга ким ҳақ берди?

Ҳолбуки, бу милиса ходими миллатсеварларни тергаб турган пайтда Шайхонтоҳур туманида киссавур ўғрилар қанча одамни қақшатди. Қанча мошинанинг ғилдираги ўмарилди. Мустақиллик байрами нишонланган 1 сентябрь кечаси шаҳар кўчаларига ўрнатилган байроқлардан 2000 тадан ортиғи ўғирланган. Етказилган зарар миқдори 142,6 млн сўмни ташкил этди. Ўғриларни тутиш учун давлатдан ойлик олаëтган милиса началниги миллат ва тарихни севгуви ëшларни тергаш билан банд. Бу ëқда ўғрилар ва жиноятчилар мазза қиляпти.

Дарвоқе, Мирзиëев келганидан бери Кавказда ишсиз юрган ўғри ва ўғрибошилар тўдаси Ўзбекистонга гала-гала бўлиб келиб фаолиятга киришишди. Бу ўғрилар учун мусаффо осмонни президент Мирзиëевнинг икки куëви “обеспечит” қилмоқда. Уят ва иснод.

Рус халқ мақолида айтилганидек, тентак мент юзта бандитни боқади.
Олдинроқ мен Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга мактуб ëзувдим. Мактубимда Хоразмдаги милисалар ўғри ва жиноятчилар қолиб Муҳаммад Солиҳнинг шеърий китобини ўқиган шоирни ойлаб тергаб ëтгани каби абсурд ҳолатга эътибор қаратгандим.

Жаноби олийларининг адьютантларидан бири менга сигналдан чиқиб,  Пўлат Раззоқович бу мактубни ўқигани, аммо айнан шу ҳолатга таъсир ўтказиш имконига эга эмаслигидан афсусланиб ўтирганини шипшитди.

Раҳмат вазирликдаги элсевар мулозимларга. Курмак орасида баъзан гуруч ҳам учрайди.

Тошга ëмғир кор қилурми муттасил ëққан билан, давлатингиз кам бўлурми бир қиë боққан билан.

Бу генерал Бобожонов туғилиб ўсган юртда айтиладиган қўшиқ мисраси.

Аммо олимларнинг айтишича, муттасил ëққан ëмғир тошни илма тешик қилиши мумкин экан.

Энг муҳими, частота. Яъни зарбалар мунтазам бўлмоғи  лозим.
Шу боис, ички ишлар взири Пўлат Бобожоновга яна бир мактуб ëздим.

Ҳурматли Пўлат Раззоқович, мен бу мактубни ëзаëтган пайтим ташқарида шариллаб ëмғир ëғмоқда.  Мен уй ичида, ер тути мураббоси билан чой ичаëтиб, бу ëмғирни деразадан бемалол кузатиб, милисаларга раҳмим келиб кетди.  

Бундай ëмғирдан фақат полиздаги бодринглар севиниши мумкин. Кўчадаги милисалар эса жиққа ҳўл бўлиб азият чекмоқда. Уларнинг кийимлари на ëмғирга ва на иссиққа мослашмаган.

Чунки милисаларнинг катта армиясига либос тикиш Алматов замонидан бери кичик бир тўда тарафидан монополия қилинган. Улар энг арзон материалдан ўта ноқулай кийимлар билан милисаларни кийинтириб, давлатдан катта пул олишмоқда. Тендер, танлов деган нарса йўқ.

Пўлат Раззоқович, вақтингиз бўлса, катта ëшдаги милисалардан сўраб кўринг. Улар 1984 йилда СССР ИИВ буйруғи асосида тикилган униформанинг қулайлиги ва ëмғир ва иссиққа чидамли бўлганини меҳр билан эслашади. Шунча йил ўтиб ҳам титилиб кетмаганини кўрсатиш учун ишкопдан олиб термулишади. Исроил ëки Туркия полициясининг униформасини кўринг, кийишга, ҳаракатланишга қандай қулай. Энг муҳими, иқлим ҳисобга олинган. Арзоннинг шўрваси татимаслигини бугун сўтилиб кетган кийимларида  ҳаммага кулги-ю калака бўлаëтган ўзбек милисаси билади.

Пўлат Раззоқович, Ўзбекистонда милиса деган сўз бекор қилинди. Аммо полиция деб айтишга ҳеч кимнинг тили бормади. Уларни ходим деб айтадиган бўлишди. Ходимнинг луғавий маъноси – ҳаммомда одамларнинг орқасини қашлаб чўмилтирадиган чўри маъносидадир.

Олдинлари ҳаммомда икки одам ишлаган. Биттаси гўлах бўлган. Яъни ҳаммом  ўчоғига ўт ëққан. Яна бири ходим деб аталган. Ҳаммом ичидаги клиентларга хизмат қилган. Уларнинг устига ва тагига сув қуйган.

Пўлат Раззоқович, оддий милиционерларни калака қилиш учун уларни атайлаб ходим деб аташга қарор қилинган, деган гапдан узоқман. Аммо бу ном йиллардан бери давом этаëтган милиция ходимларини калака қилиш анъанасининг давоми каби туюлди менга.

Юртошингиз марҳум Зерип қизиқчининг милисалар ҳақидаги латифасини эшитгандирсиз. Эшитмаган бўлсангиз, ютубда турибди. Латифада айтилишича, бир ота минг доллар бериб ўғлини милисага ишга жойлайди. Ишга олинишидан олдин милиса началник бу ўғилни кабинетида қабул қилиб, милисада ишлашнинг порадан ташқари яна бир шарти борлигини айтади. Яъни милисада ишлайдиган одам ë бир кўзини ўйдириши, ëки началник милиция билан жинсий алоқа қилиши керак. Ўғил бу шартга рози бўлмайди. Отаси эса: «Ўғлим, минг доллар пора бердим сени ишга киритиш учун. Зое бўлмасин. Майли, ўша началник милиса сенинг кетингга қила қолсин», дейди.

Синовдан муваффақиятли ўтиб, милиса униформасини кийиб, ксивани қўлга олган йигит милиса началнигидан сўрайди: «Наҳотки ҳамма милисанинг орқасига жинсий алоқа қилинган?
Албатта, қилинган ҳаммаси. Ëки бир кўзи ўйилган милисани кўрганмисан», дея саволга савол билан жавоб беради началник милиса.

Бир қарашда вульгар кўрилган бу латифа ИИВ тизимидаги порахўрлик ва оддий зобитларнинг таҳқирланиши манзарасини аччиқ ҳикоя қилади.

Самарқанд вилоятидаги қишлоқлардан бирида яшайдиган йигит «Қизил китоб»га кирган илон ва қушларни контрабандачиларга сотиб топган пулини порага бериб, милицияга ишга кирганини биламан.

Пўлат Раззоқович, мен милиция ходимларининг ичида адабиëт ва тарихни яхши биладиган закий инсонлар борлигини биламан. Лекин тарихий сиймоларимизга баҳо бериш милиционернинг вазифаси эмас.

Олдин ҳам ëзганимдек, сиëсий полициячилик Шимолий Корея каби саноқли давлатларда қолиб кетган.  

Нью-Йорк полицияси нега Бенжамин Франклин ëки Марк Твенга эҳтиром кўрсатдинг, дея ватандошларни тергаса кулгига қолади.

Пўлат Раззоқович, сиз ҳали Хоразм вилояти ҳокими бўлиб ишлаган пайтингизда вилоят милицияси бемақсад юрган одамларни ушлаб қамаб, кулгига қолган эди.

Сиздан илтимосим шу – этчи-этчилигини, сутчи-сутчилигини қилсин. Қўйни қассоб, ўликни ювғичи ювсин. Полиция эса ўғрини ушласин. Қодирий, Соғуний, Миртемир Мирабдуллаев каби юрт ойдинларига эҳтиром кўрсатишни тақиқлаган “ақли ошиб-тошиб кетган”  Шайхонтоҳур милиса началниги ўз вазифасини бажарсин.  Бир жоҳил одам милиса началниги креслосига ўтирган заҳоти ақлли бўлиб қолмайди. Юртдошингиз Паҳлавон Маҳмуд айтган мисрани эслатсам сизга мактуб охирида.

Кўчадаги хасни шамол учириб осмонга олиб чиқса ҳам у хас бўлиб қолаверади. 

Хас хасликча қолур гар уни
бўрон олиб чиқса ҳамки самога қадар.

Сизга ҳурмат-эҳтиром билан Рассом Туз.

Мактубни жўнатиб хаëлга толдим. Оддий милисаларга ич-ичимдан ачиндим. 

Масалан, ўтган ойда Қашқадарë вилояти ИИБ бошлиғи Дилшод  Турсунбоев оддий милисаларни далага, маҳаллий ўғит ташимагани учун ярим соат онасидан сўкди. Милисанинг иши далага гўнг чиқариш эмас-ку. Яқин Шарқ мамлакатларидан бирига қилган сафарим чоғида аэропортда полиция ҳақида бир плакат кўриб қолдим. Плакатда ўнга яқин турли одамқатор турибди. Улар орасида полициячи ҳам бор. Плакатдаги ëзувда эса полиция сизлардан бирингиз, фақат у сизларни ҳимоя қилади, дейилган.

Ҳақорат ва калака остида қолган, ўз вазифасидан бошқа барча ишга доимий сафарбар ўзбек милисаларининг эса ўзи ҳимояга муҳтож. Балки  ўзбек милисаларини худди Грузияда бўлгани каби ëппасига ишдан бўшатсак, улар ҳам, халқ ҳам қутилармиди.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
11 апрел 2019
«Элтуз» нашри Муҳаммад Бекжоннинг «Қўрқувнинг нариёғида» (Алвидо, Жаслиқ!) иккинчи китобининг аудио версиясини тақдим эта бошлайди. «Бу китоб “Ўзбекистон қамоқхоналарида ...
18 январ 2021
2020 йил 16 март куни Фарғона вилоятининг Қува туманида яшовчи 18 яшар Розияхон Содиқова Фарғона шаҳрида ўғирлаб кетилганини «Элтуз»га ...
19 апрел 2016
«Ҳуқуқ» газетаси қўшни давлатларга келин бўлиб тушиб, бугун чегарадан ўтишдаги қийинчиликлар боис юртидаги қариндош-уруғлари билан борди-келди қилиш муаммосига дуч ...
6 июл 2016
30 яшар Ўзбекистон ватандоши Муниса Ойхўжаева Туркияга келгунига қадар 128 кило тош босган эди. Семизликни ҳасталик деб билган Муниса ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...