Видео
14 ноябр 2019

Турлиликдан қўрқмаган жамият эркиндир

Кеча Лоланинг клипидан сўнг қўштирноқ ичидаги «маънавият» яна долзарб мавзуга айланди. Кўпчилик Лоланинг «исён»ини олқишлаган бўлса, маънавиятчи ва радикаллар, албатта, уни ёмон кўриб кетишди. Яна бир бор «маънавият» деган муаммо қанчалик чуқур эканлигини тушунгандек бўлдик.

Бир нарса аниқки, бир нечта мақолага, бир нечта клипларга қарамасдан, оддий маънавиятчи ўзгариб қолмайди. Чунки «маънавият» унинг онгида догма даражасига етган. Маънавиятчи бирор-бир ўзгача нарсага қарши нафрат билан яшайдиган оддий мафкурачидир. Нечта маънавиятчини биламан, ҳатто танишларимиз орасида ҳам бор. Уларни ўзаро бириктирадиган нарса нафратдир. Ўзгача фикрга, ўзгача дунёқарашга, ўзгача кийинишга, ҳатто аёли билан ўзгача қўшилишга ҳам.

Улар (маънавиятчилар) олий ирқ, улар ўзларини ҳаммадан ақлли, ҳаммадан морал билан устун деб билишади. Бу уларга гўёки ҳаммага қандай яшашни ўргатиш ҳуқуқини беради. Улар сенинг уУниверситетда қайси пайпоқда боришингни, уйингда қайси пижамада юришингни, қайси телеканални, қайси кинони кўришингни, қайси китобни ўқишингни, қайси қўшиқни эшитишингни, facebookда қайси приколни ўқишинг жоиз ёки жоиз эмаслигини, хуллас, ҳаётингни ҳал қилишга ҳақлиман, деб билишади. Бири учун аёллар паст сортли жонзот бўлса, иккинчиси учун чет элда ўқиган эркин фикрли инсон душман, учинчиси учун миниюбка бомбадан ҳам хавфли қуролдир.

Ўзларини ҳаммадан ақлли, ҳар қандай «ўзгачадан» устунман деб билиб, уларга нисбатан ичида нафрат билан яшашади. Ўзини бошқалардан устун деб билиб, бошқаларга нафрат билан яшаши оддий миллатпарастни эслатади гўёки.

Улар ҳақ йўлда, улар олий ахлоқни билишади, сен бўлса йиртиқ шим кийганинг, «Жокер»ни кўрганинг, Лолани эшитганинг, тунги клубга борганинг, қизинг билан қўл ушлашиб юрганинг, галстуксиз ўқишга борганинг учун қанақа яшашни билмаган паст сортли жонзотсан. Замон кўтарсаки, сени қайта тарбиялаш лагерларига элтиб, қайтадан тарбияласа. Қайта тарбиялаш лагерлари ҳақида орзуси амалга ошмагандан сўнг қўлида уйғурлар қайта тарбияланаётган лагерларни мақтаб мақола ёзишдан бошқа чораси қолмайди.

Соғлом фикрли юртдошларимга мурожаатим: Сиз эркин фикрли, онгли жонзот – инсонсиз. Сизни ҳайвондан фарқлаб турадиган нарса онг, эркин фикрдир. Эркин фикрли инсонлар хилма-хил бўлиши, уларнинг диди ҳам, хоҳишлари ҳам турлича бўлиши табиий. Инсониятни мана шу хилма-хиллик, мана шу турлилик, мана шу «ўзгачалик» бугунги даражага олиб келди. Ким учундир Шерали Жўраев санъат устуни бўлиши, ким учун Lady Gaga энг зўр қўшиқчи бўлиши табиий ҳолат. Сиз ўз дунёингизга эга бўлишга маънавиятчи, радикал ва бошқалар билан тенг ҳуқуққа эгасиз. Энг муҳими, сизнинг дунёқарашингиз, сизнинг эътиқодингиз, сизнинг хоҳишларингиз бошқанинг эркини чегараламаса бўлди. Жамият учун ягона мезон бу инсоний, бутун дунёда универсал бўлган ахлоқдир. У ахлоқ чириган Ғарбда ҳам бор, Африкада ҳам бор. Ахлоқ нормаларини ҳурмат қилиш учун инсон бўлиш етарли.

Ва энг муҳим қоидани ҳеч қачон эсдан чиқарманг: Сизнинг эркингиз бошқанинг эрки бошланган жойда тугайди.

Саломат бўлинг!

Фируз Аллаев,
блогер ва ношир

Тағин ўқинг
2 март 2021
Бугун мен учун ва мен мансуб бўлган миллат учун азиз инсон – Совет Иттифоқининг илк ва сўнгги президенти Михаил ...
5 март 2021
Ўзбекистон президенти давлат хавфсизлик хизмати (ПДХХ) раҳбари ўринбосари, 36 ёшли Отабек Умаровнинг аварияда мажақланган икки оëғи 4 март куни ...
19 декабр 2019
Ўзбекистонда аҳоли ўртасида 22 декабрь кунига белгиланган сайлов шаффоф, холис ва адолатли ўтишига ишонч анча сустлигини кузатиш мумкин. Бош ...
9 январ 2017
Шўролар даврида бир фантастик фильм бўларди. Ерликлар яхши ўзга сайёраликларга ёмон сайёрадошлари устидан ғалаба қозонишига ёрдам бериши ҳақида эди ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...