Рўзи Назар – бизга яловбардор эди
Бугун оламдан ўтган Рўзи Назар ака биз каби темир парда ортида яшаган туркистонликларга таъсир ўтказган яловбардор эди.
У киши чоп этган «Ҳур Туркистон учун истиқлол газетаси» ни ҳали Совет Иттифоқи мавжуд бўлган саксонинчи йилларда Урганчдаги рассом дўстларим билан яширинча мутоала қилар эдик.
Ғарбий Германияда нашр қилинган бу газета бизга Венгрия ва Болтиқбўйидаги рассом дўстларимиз орқали етиб келар эди.
Биз илк бор дастасида бўри шакли бор йўл йўл туркистон байроғини ана шу газетада кўргандик.
Рўзи Назар ака Совет Иттифоқи деган мамлакатда кўзи кўр қулоғи кар тили лол бўлиб яшаган зиëлиларнинг зеҳнига таъсир қила олган эди.
Рўзи ака баҳтли инсон. У СССРнинг парчаланиши¸ большевизмнинг мағлуб бўлиши Туркистон тупроқларнинг руслардан озод бўлишини орзу қилди ва бу орзусига эришди.
Марҳум закий инсон эди ва у кишининг умри мазмунли ва дедектив фильм каби қизиқарли кечди.
Бу расмдаги кўзойнакли киши Рўзи Назар бўлади. Рўзи Назарнинг қизи Зулфия (Силвия) Назар Ҳолливуддаги энг машхур ëзувчилардан биридир.
Рўзи аканинг яқинларига ҳамдардлик билдираман ва Туркистон ботири бўлган бу оғамизнинг жойлари жаннатдан бўлсин дея дуо қиламан.
Шуҳрат Бобожон,
Eltuz.com