Асосий мавзулар
20 январ 2020

Янги Ўзбекистоннинг эски ҳокимияти

Ўзбекистонда Олий Мажлис Сенатига сайланганларнинг аксарияти, тўғрироқ айтганда, асосий ролдагилар яна ўша эски амалдорларнинг ўзларидир.

Бундан аввалроқ Ўзбекистон президентининг тавсиясига асосан мамлакат ҳудудларнинг барча раҳбарлари ўз лавозимларига қайта сайланган эди. 

Парламентнинг юқори палатаси аъзолигига муносиб кўрилган амалдорларнинг сенаторлик лавозимига тасдиқланиши масаласи ҳам энг юқори даражада ҳал этилганига шубҳа қиладиганлар кам топилса керак. 

Тўрамнинг таёғи

Шу ўринда нафақат ўтмишимиздаги амалдорларни тайинлаш сиёсатига, балки яқин кунларимизга ҳам тегиб кетадиган бир ҳикоя эсга тушади. 

Қадим замонларда бир ҳокимнинг хизматкори ҳар доим ўзи тенгилар йиғиладиган давраларда “бизни одам қилган тўрамнинг таёғи”, деб айтар экан.

Шу кунларда ҳокимларнинг ўз лавозимларига қайта сайланиши ҳам, Сенат аъзоларининг сайланиши ҳам “тўранинг таёғи” сабаб амалга ошгани кўпчилик учун сир эмасга ўхшайди.

Чунки жамиятнинг фаол қисмини қамраб олган ижтимоий тармоқлардаги фикрлар айнан шундан дарак беради. 

Парламент сайлови ўтганидан кейин ҳудудлардаги халқ депутатлари кенгашлари мамлакат президенти тавсияси асосида аввалги “хўжайинлари”ни икки қўлига қўшиб оёқларини кўтарганча якдиллик билан тасдиқлаётгани сабаби айнан “тўранинг таёғи”дир.

Эътиборлиси, шу пайтгача жамоатчилик орасида аксарият салбий хислатлари билан танилган кўпгина вилоят ҳокимлари яна тахтларига қонуний равишда қайтарилди.

Қайтарилганда ҳам мамлакат президентининг тавсиялари билан қайтарилди. Давлат раҳбари қонунчиликка ҳурмат юзасидан ўзи тавсия этган номзодларни маҳаллий кенгашлар депутатлари тасдиғидан ўтказиб олди.

Президентнинг қонунчиликка бу “ҳурмати”ни ҳурмат қилмаган маҳаллий депутатнинг қуёни териланиши муқаррарлигини эса бировга эслатиш шарт эмас.

Хуллас, шу тасдиқланишлар баҳонасида Тошкент шаҳри ҳокими “Жоха” Ортиқхўжаев “замонавий менежер” экани, у қурган иморатларни “текширувдан ўтказиш шарт эмаслиги”ни билиб олдик.

Бундан ҳам юқори лавозимларда ишлаган вақтида резина этик кейиш модасини бошлаб берган Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев қассоблик касбини ҳам эгаллагани ортидан сенаторлик билан сийланди.  

Фарғона вилоятининг ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг хулқини эса Сенат ҳам муҳокама қилганди. Шунга қарамай, ҳоким жаноблари орадан кўп ўтмай блогерга гўрковлик қилиш даъвоси билан чиқди. Шу боис, халқ депутатлари унинг номзодини Сенат аъзолигига мутлақ кўпчилик овоз билан тасдиқлагани нимадан дарак беради, деган савол туғилиши табиий.

Юқоридаги далиллардан келиб чиқиб, ижро ва қонунчилик ҳокимиятидаги асосий роллар яна эски амалдорлар ўртасида тақсимланаётгани сабаби ўша “тўрамнинг таёғи” бўлиши эҳтимоли юқорилигини англаш юқори тафаккур талаб этмайди. 

Эртанги кунимиз қандай бўлади?

Бир вақтлар Адольф Гитлер Германия иқтисодиётини қисқа фурсатларда юксакларга кўтарган, замонавий тилда айтганда, дунёнинг энг иқтидорли давлат менежерларидан бири сифатида танилган эди. 

Иосиф Сталиннинг СССРни иқтисодиёти ва ҳарбий саноати энг юксак давлатлар қаторига киритгани ҳам сир эмас.

Аммо бугун улар инсониятга қарши жиноятлари сабаб репрессив жамиятни шакллантирган ҳукмдорлар қаторида тилга олинади. 

Тошкент ҳокими ҳам, Фарғона ҳокими кабилар ҳам улар билан солиштиришга арзимайди аслида. Чунки улар ҳозирча майда шахслар. 

Аммо айнан улар сингарилар бугунги ўзбек жамиятига ҳукмронлик қилаётганларнинг шаклу шамойилини белгилаб бераётгани ташвишланарли ҳолат. 

Биттаси жамият муаммоларининг жарчилари бўлган журналистларга очиқчасига таҳдид қилган. Бошқаси эса жамият аъзоларини менсимай, доимий равишда ҳақорат қилиб келади. 

Хулоса шуки, бугун бизга янги Ўзбекистон сифатида тақдим этилаётган жамиятни бошқариш яна эски амалдорлар қўлида қолмоқда. 

Бундай шароитда ўзбек жамиятининг, худди халқаро ҳамжамиятга тақдим этилаётганидек, туб ўзгаришига қандай асослар бор? 

Аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаол қатлами фикри очиқчасига менсилмайдиган жамиятда тубдан ўзгариш бўлиши мумкинми? 

Аҳолининг эътирозига сабаб бўлаётган ҳокимлар ўз лавозимига қайта тайинланаётган, олий қонун чиқарувчи ҳокимият тепасига яна ўша эски амалдорлар келаётган бир вазиятда бу каби саволларнинг жавоби жамият учун ижобий бўлишига шубҳа бор.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
14 июн 2021
(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 32-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.) Узун замонлар орзу қилганимиз ...
5 май 2020
2016 йил 29 декабрь куни учинчи отряд бошлиғи олдимга келиб: – Сизга “муассаса ички тартиб қоидасини бузди”, деб ҳужжат ...
27 июл 2017
Телеканалдан ëшлар «ҳидини чиқариш» учун «бошлиқ» қилиб тайинланган халқ артисти Озодбек Назарбековнинг кетганлигини ҳар ким ҳар ҳил талқин қилмоқда. ...
15 сентябр 2024
“Orient Group” билан таништирув – II қисм 2019 йил ноябрда Лондонда нуфузли сармоядорлар йиғилиши бўлиб ўтди. У ерда халқаро ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...