• Фото: Муҳаммад Солиҳ, фейсбук саҳифасидан
Кўзқараш
6 апрел 2020

Карантинда ёзилган эссе

Карантин боис уйда ўтирган ўзбек шоири ва мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ эндиликда китоб ўқишга ва янги асарлар ёзишга кўпроқ вақт топаётгани ҳақида ёзди. 3-5 апрель кунлари у француз шоири ва файласуфи Паул Валери ижодига бағишланган учта эссени фейсбукдаги саҳифасида чоп қилди. «Элтуз» айни учта эссени таҳрирсиз, бирлаштириб ўқувчилари эътиборига ҳавола этади.

Мосё билан карантиндаги суҳбат

Бир ўлимчил вирус баҳонасида бошланган тотал КАРАНТИН даврининг манфий жиҳатлари каби мусбат тарафлари ҳам борлигини кун сайин кўпроқ кашф этмакдаман. Тасаввур қилинг, бу ғалати босқичда китоб ўқиш ва ҳатто бадиий филмлар кўриш учун вақт «топаяпман», гўё бу вақт деган жонивор аввал бўлмаганидай.

Айни пайтда ёшлигимда ўқиб таъсирланганим баъзи асарларга носталгия туйдим ва уларни буюртма қилдим. Муаллифлардан биттаси Паул Валери эди. Унинг «Шеър санъати» ва «Мосё Тест» асарлари 70-йилларда каминага қаттиқ таъсир қилган эди.

Шунингдек, 1972 йилда «Вопросы литературы»да босилган Роберт Музилнинг санъат ҳақидаги муҳташам этюдлари ҳам фаворит асарлардан эди.

Хусусан, Паул Валерининг шеърнинг табиати ҳақидаги фикрлари, «шеърни шеър қиладиган ақлми ёки ҳиссиётми» мавзусидаги интеллектуал муҳосабаси мени 70-йиллардан бери машғул этиб келди.

Ўзбек адабиётини мезон қабул қилган аксарий «арбобий адабиёт» шеърни ҳаракатга келтирувчи куч ҳиссиёт деб ҳисоблайди ва бунга кўплаб мисоллар келтира олади.

Ёшлигидан бошлаб шеър ёзишни машқ қилган, шеърни дунёни тафаккур этиш учун восита деб билган бир адабиёт ихлосманди сифатида ҳамиша ёзганим тил (ўзбек) адабиётига лойиқ бўлишга, отган одимимни бу адабиёт ташлаётган одимга уйғун отишга интилганман. Аммо кишилик характеримда ҳиссиётнинг ташқарига уришига, унинг ифшо бўлишига қарши шундай бир механизм қўйилган эдики, уни бир пайтлар ҳеч енголмаганимни эътироф этмоқчи ҳам бўлдим. Аммо этмадим.

Чунки устида турганим сари мазкур фикр эрий бошлаган ва мен позициямни шу эриш нисбатида йўқотабошлагандим. Яъни ҳиссиётни яшириш истеъдодимга бўлган ишонч тобора «ҳақиқатан ҳам ҳиссиётимни яширабилдимми» деган шубҳага айлана бошлаганди.

Бугун шеърий ўтмишимга назар ташларкан, ҳиссий портлашларга нақадар кинояли ёндашсам-да, архивда «соф ақл»га қурилган бирорта шеърий матн тополмадим.

Шеърий тафаккур жараёнида ИЛК ТУРТКИнинг ҳамиша аввал ҳиссий, сўнгра ақл тарафидан мутлоқо назоратга олинишга маҳкум бир акция бўлганлигини кўрдим. Айнан шу ғалати мувозанат шеърдаги сассиз ҳайкирикни,сукутнинг мусикасини ҳосил килади. Агар шу мувознат бўлмаса эди, ҳайкирик қўпол бақириққа айланарди. Шу мувозанатсиз сукунатда мусиқа ҳам бўлмасди.

БиБиСи Ўзбек хизмати ҳаққимизда тайёрлаган 10 дақиқалик видео-клипда зукко адиб, биродарим «М.Солиҳнинг шеърлари ақл билан ёзилади» дебди. Бир адабиётчи ошнам телефон қилиб, «бу – киноя» деди. Мен бунга ҳуснизон билан ёндошдим. Бундай баҳо ўзбек адабиётида (шеъриятида) мусбат ҳисобланмаслиги мумкин, аммо адабиётни инжа санъат сифатида мушоҳада қилганлар учун бу фикр ҳақорат ҳам эмас. Бу нари борса муайян бир шеърий ракурснинг субъектив тасбитидир.

Бундан 35 йил аввал Эркин Воҳидов каминанинг «Валфажр» китобини таҳлил қиларкан, самимий маслаҳатларини шундай ифода этганди: «…Ҳар бир тилнинг ўз стихияси, ўз ифода ҳусусиятлари бор. Бошқа тилда ўйлаб, бошқа тилда сўйлаган одамнинг фикрини англаш қийин бўлади. М. Солиҳ бу ҳақда жиддий ўйлаб кўрмоғи керак.“Шеърингизни тушунтириб берсангиз” (Иброҳим Ғафуров) дея қилинган мурожаатда жон борга ўхшайди. …Унга (М.Солиҳга) баъзи истакларимни айтмоқчиман. А. Вознесенский ўзининг ёшликдаги шеърларидан бирида шундай ёзган: «Мне дорога в поэзии святая простота, но мчит меня по лезвии куда-то не туда»…

Балки Воҳидов киноя қилган бўлиши мумкин, аммо мен унинг фикрларини тўғри қабул қилдим. М.Солиҳнинг бошқа тилда ўйлаб, бошқа тилда сўйлагани тўғри. Чунки бир шоирнинг тили иккинчи бир шоирнинг тилидан фарқли бўлади. Иккиси ҳам ўзбекча ёзса-да шундай БОШҚА бўлади.

«Мукаддас соддаликка»(святая простота) келсак, бу масала содда эмас, бироз мураккаб. Бу масала шеърда ҳиссиёт устунми ёки ақлми бўлиши керак, деган юқорида тегинганимиз мухосабага бориб тақалади.

Шу нуқтада Паул Валерининг «Мосё Тест» асаридан қуйидаги парчани олдим: «Аслида, Шеър хар нақадар ҳиссий ва ҳаяжонли бўлса-да, хусусий сархушликдан айрилмаса-да, ақлнинг кескин малакалари билан боғлик эканлигини кўрабиламиз».(«Шеър санъати»)

Лекин «шеърда ҳиссиёт» тарафдорлари устунлигига соҳиб бир адабий муҳитнинг мардуми сифатида камина доим «ҳиссиётчи» ва «соддачи» бўлишга уринганман. Ғафуров, Воҳидовлар қаршисида шеъримнинг «ақлли» ва «мураккаб» кўринишидан уялганман. Айнан шу истиҳола сабаб, матндаги ташбиҳ (метофора) тизимини имкон борича соддалаштиришга, ҳеч ким «шеърингизни тушунтириб беринг» демайдиган даражага тушириш учун ғайрат қилганман.

1980 йилларнинг ўртасига келиб, тамоман «содда ёзиш эхтироси»га тутилганимни эслайман. Бу комплекс шу қадар чуқурлашди-ки, шеърларимга қараб, «ўзбек адабиётида мендан ҳам соддароқ (ўзбекчароқ) ёзадиган одам қолдими ажабо» дейдиган бўлдим.

Аммо Борис Пастернакнинг: «Нельзя не впасть к концу, как в ересь, в неслыханную простоту», деган сатрларини ўқиган одам бу жараённинг машаққатли бир босқич эканлигини ўйламайди. Бу босқич ўз-ўзидан келади деб ўйлайди. Айниқса, Борис Пастернак каби бир Маэстро Шоир «Нельзя Не Впасть» деяётган бўлса!.

Ҳақиқатан ҳам, Борис Пастернак «истасанг истамасанг ҳам ёш ўтган сари соддалашасан» деяпти бу шеърида. Аммо айни пайтда содалашишни бир шаккокликка («ересь»)қиёсламоқда. Худди (кексалигидаги) «соддалик»нинг зидди бўлган (ёшлигидаги) «мураккаблик» тўғри йўл сифатида кўрилаяпти шоир тарафидан.

Бу бир тазод эмасми?

Бу ерда икки сентенция ўртага чиқаяпти: Ҳиссиётга доим соддалик, ақлга эса мураккаблик хамрох.

Бу янглиш.

Чунки, биологик мантиққа биноан ҳиссиёт ёшликда кучли, кексаликда эмас. Демак, ақл маҳсули деб кўрсатилаётган «мураккаблик» аслида ҳиссиётнинг маҳсули. Ҳиссиёт содда бўлолмайди, уни ақл соддалаштириши мумкин.

Борис Пастернакнинг ёшлигида ёзган «Феврал» шеъри энг «мураккаб-содда» ва энг «ҳиссий-ақлли» шеърлардан бири:

Февраль. Достать чернил и плакать!
Писать о феврале навзрыд,
Пока грохочущая слякоть
Весною черною горит.
Достать пролетку. За шесть гривен,
Чрез благовест, чрез клик колес,
Перенестись туда, где ливень
Еще шумней чернил и слез.
Где, как обугленные груши,
С деревьев тысячи грачей
Сорвутся в лужи и обрушат
Сухую грусть на дно очей.
Под ней проталины чернеют,
И ветер криками изрыт,
И чем случайней, тем вернее
Слагаются стихи навзрыд.

Бу шеърни ўзбекчага таржима қилиш мумкин, аммо рус тилини билган киши бундай шеърни фақат оригиналда ўқийди, чунки энг яхши таржима ҳам унинг асл жозибасини, техник айтганда, ўша «мураккаб-соддалик ва ҳиссий-ақллилик»нинг мўъжизавий синтезини асло бераолмайди. Бу шеърдаги Метафорик Тизим – расида бир қизнинг бўйнига тақилган қимматбахо инжи кабидир.Бу асолатнинг суратидир.

Ҳақиқий истеъдод шеърга унинг асолатини беради. Агар шеърда мафкура бўлса, бу мафкура унинг асолатидир.

Лекин ўзбек адабиёти арбоблари бизга шундай тилак билдирган: «Мен М.Солиҳнинг қийин, дардли изланишлар йўлидан жўнлик ва мураккаблик босқичларини ўтиб, шеърият учун табаррук бўлган, барча назм аҳли учун интилиш чўққиси бўлган баркамол соддалик даражасига кўтарилаётганидан қувонаман»(1985, Эркин Воҳидов).

Арбобларимиз доим «мураккаблик»ни «соддалик»ка зид қутбларда кўрганлар ва бу тенденция, агар янглишмасам, ўзбек адабиётида бугун ҳам гегемон мақомда…

Мосё Тест(Паул Валери)нинг туртки берган фикрлардан баъзилари шу эди.

Илҳом ҳақида

Паул Валери америкалик шоир ва ёзувчи Эдгар Аллан По қарашларига жиддий эътибор қаратади. Унинг интеллектуал таҳлилида бу таважжуҳ бўртиб кўринади. Паул Валери америкалик шоир ва ёзувчи Эдгар Аллан По қарашларига жиддий эътибор қаратади. Унинг интеллектуал таҳлилида бу таважжуҳ бўртиб кўринади. Валерининг бу таважжуҳи «Мосё Тест» прототипи ҳақиқатан ҳам Эдгар По (ёки Валерининг ўзи) бўлиши эҳтимолини юксалтиради.

Эдгар По ва Паул Валери – бу икки мутафаккир шеърий илҳом(ҳиссиёт)нинг бир мистик бошланғич эканлигини шубҳа остига олмаса ҳам унинг назоратга тобе жараён эканлигидан амин шаклда фикр юритадилар.

Кўпчиликка совуқ ақлчилик бўлиб кўринган бу танафуссиз эҳтирос оташи улар учун тафаккур жараёнида кўздан қочиришдан қўрққан манзилни ёритиб турадиган муз машъаладир.

Манзил эса – ҳеч қачон етиб бўлмайдиган ЎЗЛИКдир. Тафаккурнинг ўзлиги. Яъни соф – на маиший, на ижтимоий, на да сиёсий воқелик балчиғи сачрамаган – эстетик борлиқ.

Адабий матн, расм ва ёки мусиқа, ҳаммаси бу шартлар исканжасида юқорига, вертикалга йўналсагина ўша эҳтирос оташини татмин (satisfice.Engl.) эта олиши мумкин.

Адабиётдаги бу Совуқ Эҳтирос Оташи тутқунларининг ашаддий танқидчиси Ив Бонфуа (1923 – 2016) Пол Валери ҳақда ёзган эссесида Валерининг «Денгиз бўйидаги қабристон» шеъридан бошқа шоҳ асари йўқ, деган хулосага келади. У Валерининг «мураккаблиги» ҳақида интеллектуал ғазабга тўла мураккаб бир эссе битади. Яъни Совуқ Оташ унга қўл узатган қўлни ҳам куйдиради.

Илҳом ҳақда Валерининг «Шеър санъати» китобига сўзбоши ёзган Томас Стирнс Элиот шундай деб ёзади: «Валери поэтикасида «le reve» ибораси оддий қилиб айтганда «илҳом» деган нарсанинг шеър ёзишда кичик бир рол ўйнаганини ва ундан сўнгра келадиганлар тафауротли, билинчли ва машаққатли бир иш эканининг урғуланиши ёш шоирлар учун ўринли бир эслатмадир».

Раҳматли шоир акамиз Чўлпон Эргаш 60-йиллардан бир ҳикоя айтиб берган эди ўзининг нимкинояли табассуми ила:» Абдулла(Орипов) билан лағмон еб ўтиргандик, у менга «Чўлпон, биласизми, бир кунда 3 та гениал шеър ёзиш мумкин экан-эй! Мен кеча ёздим»! деди ҳаяжонланиб. «Албатта, Абдуллажон, сиз генийсиз, бир кундан 3 тадан ҳам кўпроқ гениал шеър ёзишингиз мумкин», дедим. Сўнгра «сиз генийсиз Абдуллажон, мен эса генкаман, дедим унга», дея жилмайганди раҳматли Чўлпон Эргаш.

Илҳом билан битилган шеър бизнинг шоирлар наздида дарҳол муқаддасот қозонади. Шеърни ёзган одам уни (ўзини) «гениал» деб аташдан тоймайди. Бундай шеърни яна-да мукаммаллаштириш фикри «гениаллик»ка раҳна солиш бўлиб кўринади уларга.

Т.С.Элиотнинг П.Валери китобига ёзган сўзбошисидан яна бир иқтибос: «…агар бир шеър тугалланмаган туюлса ва ёки яхши шеър учун яхши хомашё бўлиб кўринса, бу шоирнинг илҳомга ортиқча ишониб қўйганидан далолат беради».

«Валерининг «бир шеър асло тугалланмайди» деганда нимани назарда тутганини англайман шекилли», деганди Т.С. Элиот.

Биз ҳам англадик шекилли: истеъдод даражаларига қараб шеърнинг мукаммалашув жараёни давом этади.
Эдгар По ва Паул Валерининг поэтик методи иррационал бир борлиқ билганимиз шеърга рационал-математик зеҳният билан ёндошув методидир.

Буюк Қайнашма

Балки инглиз тили шеърияти вакили Эдгар По билан француз Пол Валерининг айни руҳий заминда жараён этган интеллектуал фаолиятига керагидан ортиқ урғу бериб юбордим.

Ҳолбуки, Эдгар По Валеридан олдин ўтган француз шоири Шарл Бодлер туфайли Оврупада машҳур бўлганди. У замонларда Эдгар По ўз ватани Америкада бундай шонга эришмаганди.

Ўз навбатида, «Мосё Тест» – Пол Валери ҳам Эдгар По зеҳниятига яна ўша Шарл Бодлер ва Стефан Малларме воситасида ошно бўлди.
Паул Валери ёшлигида тафаккур йўлчилигига чиқар экан, уни мутаассир этган икки шахсни эътироф этади: «Идроким уфқида кутилмаганда бу икки ғайриоддий зот пайдо бўлганида мен ғалати бир интеллектуал зилзилани бошдан кечиргандим. Бу икки фавқулодда жангари типга қарши менинг химоя механизмим жиддий таҳлилга лойиқдир». («Ўзим ҳаққимда».1944)
Бу икки зотдан бири Стефан Малларме (иккинчиси Артюр Рембо.М.С.) эди.

Аммо Валерининг Маллармега «талабалиги» узоқ давом этмади. У Малларменинг неоплатонизми ва символизмига бегона эканлигини эрта пайқади. Ва ўзининг интеллектни кучли ирода билан (рационал) йўналтириш позициясига қайтди.

Вафотидан олдин ёзгани бир мактубда Валери шундай деб ёзади.»Менга ўтказилган таъсирларнинг энг терани асло Маллармедан келмади. Фикрим тараққиётида муҳим ролни Эдгар По адабиётидан бир-нечта сатр, Рихард Вагнер мусиқаси, Леонардо(Да Винчи)ҳақида хосил бўлган тасаввурим ва (илмий адабиёт қоришиқ) узундан узоқ МУШОҲАДА ўйнади». Маллармега келсак, албатта, у менинг ички дунёмда катта ўрин тутди, аммо у мен учун бир кашфиёт эмас, кўпроқ муаммо бўлди. У – ҳеч қачон ўзини англатишни истамаган, хар қандай муаллимликни рад этган, мислсиз бир (туртки) – уйғотувчи эди».(Oeuvres, t. I, p. 1755)

Эдгар По, Бодлер, Малларме, Валери…
Турли замонларда яшаб, турли тилларда ёзиб, руҳ оламида ягона ЗАМОН, ягона ТИЛ ва ягона ТАФАККУР меҳвари атрофида дўна бошлаган бу ФИКР девларини кўриб, Аллоҳнинг борлиқни нақадар қусурсиз дизайн этганлигидан ҳайратга тушамиз.

Рухларнинг қардошлиги Замон(давр), Тил ва Тафаккурларни бирлаштиради.

Руҳларнинг қардошлиги тиллар қардошлигидан, ҳатто миллатлар қардошлигидан ҳам кучлироқдир.
Ва ёки: узоқ масофадан фақат ЧЎҚҚИларгина бир-бирларини кўраоладилар. Уларнинг орасидаги жўғрофияда яшаётган борлиқлар учун бундай перспектив йўқ. Шундай чўққилардан бири америкалик Эдгар По бошқа бир чўққи француз Шарл Бодлер туфайли Оврупада «кашф этилди», машҳур бўлди. У пайтда Эдгар По ўз ватани Америкада бундай шонга эришмаганди.

Улар бир-бирини узоқдан кўрган чўққилар эди.

Муҳаммад Солиҳ

Адибнинг фейсбукдаги саҳифасидан

Тағин ўқинг
27 ноябр 2018
Ўзбекистоннинг бош расмий ҳуқуқ ҳимоячиси Акмал Саидов ҳозир анча ўзгарган. Мамлакат Инсон ҳуқуқлари миллий марказий раҳбари соҳада кўтарилган оғриқли ...
30 март 2019
Тошкент аэропорти божхонасида китоблари ва телефони олиб қўйилган ўзбекистонлик шоир, хоразмлик 56 ёшли Маҳмуд Ражаб 30 март куни унга ...
25 декабр 2018
Ўзбекистонда импорт ҳажми экспортга нисбатан давомий равишда ортиб бораётгани қисқа ва ўрта истиқболда мамлакат ташқи қарзларининг кескин кўпайишига олиб ...
12 июн 2024
Туркия прокуратураси Измир шаҳрида тўрт нафар ватандоши, жумладан шаръий хотини ва қизларини ўлдириб, жасадларини музлатгичга яширганликда айбланган  Туркманистон фуқароси ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...