Кўзқараш
28 май 2020

Кундалик юритиш – коронавирусга қарши кураш чораси

Бош прокуратура коронавирус тарқалиши силсиласини аниқлаш осон бўлиши учун фуқаролардан кундалик тутишни сўраганида баъзилар буни кулгига олди. Интернетда ҳазил “кундалик”лар урчиб кетди.

Аслида бу ўзбек жамиятида тарихни сақлаш анъанаси йўқлигидан далолат. Ўзи аксарият постколониал жамиятларда ўтмиш билан боғлиқлик узилиб қолган: уларда тарихни, кундалик ҳаётни қайд этиб бориш одати йўқ, ахборот кўп, лекин тартибсиз оқим бўлиб айланади. Архивлар тўлиқ эмас, қоғоз ҳужжатлар муайян сақлаш муддатидан сўнг йўқ қилиб юборилади, бир неча асрлаб турадиган қабристонлар йўқ, эски давлатлар билан меросийлик йўқ – уларнинг ҳужжатлари расмий кучга эга эмас, уларнинг халқаро келишувларига амал қилинмайди. Яъни “бугун” артикуляция қилиниб, “ўтмиш”дан ажратилган ва бу ўтмиш жуда узоқ эмас. Юз йил олдинги ҳаёт ҳам биз учун жуда тушунарсиз, жуда бошқача, меросийликни ҳис этмаймиз.

Вазиятни Ғарбий Европа билан таққослайдиган бўлсак, у ерда сулола ва тузумлар ўзгаришига қарамай, архивлар сақланади, қоғозлар тарихий манбагина эмас, реал аҳамиятга эга ҳужжат ҳам саналади. Саккиз юз йил илгари қабул қилинган қонун ва қарорлар ҳалигача ишлаётган бўлиши мумкин; икки юз йил олдинги ҳужжатлар бугунги мерос талашиш жараёнларига, суд ишига жалб этилиши мумкин; эски қабристонлар жуда кўп, статистика, ахборотни тартибга солувчи энциклопедиялар, маълумотномалар, рўйхатлар, маълумот базалари жуда кўп. Уларда “бугун”нинг “ўтмиш”дан артикуляцияси бошқача: юз-икки юз йил олдинги давр нотаниш ё бегона эмас.

Мавзудан бироз чалғиб кетдим. Меросийлик ва тарихни сақлаш – жуда катта ва мураккаб масала. Ҳозирча кундаликларга қайтсак.

XVII–XIX асрларда Ғарб давлатларида кундалик тутиш оддий ҳолга айланган. Давлат амалдорлари, ҳарбийлар, шифокорлар, ўқитувчилар, бухгалтерлар, зиёлилар, олимлар, талабалар, тадбиркорлар, ижодкорлар, журналистлар, сайёҳлар ва бошқа кўп соҳа вакиллари кундалик тутиб борган. Бир нарсани эътибордан қочирмайлик: у пайти ҳали шифокорлар, ўқитувчилар, бухгалтерлар, журналистлар жуда кам бўлган, улар асосан йирик шаҳарларда яшаб, яхши даромад олган ва зиёли, аслзода қатлам саналган. Бу каби касблар эгалари таълим олган, саводли инсонлар бўлган. Қолаверса, у замонда интернет тугул фотография бўлмагани/кенг тарқалмагани боис матн хотирани сақлашнинг энг замонавий ва самарадор йўли бўлган.

Бу кундаликлар муаллифларнинг кабинетларида қолиб кетмаган. Кундаликка ижод намунаси сифатида қаралган. Одамлар ўз кундаликларини чоп эттирган ёки нусха кўчиртириб, кутубхона ва архивларга топширган. Бугун Европа, Россия, АҚШ тарихини ўрганганимизда мана шу кундаликларга суянамиз (биз тарихий тадқиқот деб билган унча-мунча китоблар ҳам аслида кундалик сифатида ёзилган).

Кундалик жанридаги манбалар тилга олинган мамлакатлар ва минтақалар тарихини икир-чикиригача ўрганишга, жуда ноёб тафсилотларни, оддий одамларнинг фикрини, қарашларини, кундалик ҳаётини билишга имкон беради. Қолаверса, шахсий фойдаланиш учун ёзилган матн тарихий манбага айланиши ўтмишни жонлантиради, бизга яқинлаштиради, негаки унда муаллиф ўз фикрини очиқ, самимий ёзади, сиёсий стереотипларсиз реал ҳаётни акс эттиради. Кундаликларни ўрганишга бағишланган илмий тадқиқотлар ҳам талайгина.

Мен ҳам ўқувчиларимга кундалик тутишни тавсия этган бўлардим. Бугун технологиялар ривожланиб кетган – қоғозга кундалик режангизни ёзиб боришингиз шарт эмас. Шахсий фикрингиз ва бошингиздан кечирганларингиз акс этган, компьютерда терилган матнни ўзингиз олган суратлар билан бойитиб, word форматларидан бирида сақлаб борсангиз ҳам бўлади. Чиройли бадиий асар ёки тарихий манба яратиб қўйганингизни билмай қоласиз.

Бугунгига ўхшаган фавқулодда вазиятларда бу каби кундаликлар шунчаки хотирани сақлаш ва маълумотни тартибга солишдан кўра бошқачароқ хизмат қилиши, масалан, касаллик тарихини ёки эпидемия ҳалқаларини ўрганиш ва пировардида вирус тарқалишининг олдини олишга ёрдам бериши мумкин.

Эльдар Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери

Тағин ўқинг
27 феврал 2016
«Озодлик» радиосининг билдиришича Тошкент шаҳридаги деярли барча банк ходимларига уйма-уй юриб кексалар пенсияларини пластик картага ўтказиш топшириғи берилган. Ҳар ...
24 март 2020
Коронавирус карантини боис ҳукумат 24 мартдан бошлаб Тошкентга кириш ва чиқишни номаълум муддатга тақиқлади. «Ўзбекистон темир йўллари» ва Uzbekistan ...
11 октябр 2021
Камида 10 кишидан иборат уюшган жиноий гуруҳ Тошкентда 64 кишини мулкидан маҳрум қилди. Ишнинг бешта эпизоди ҳозир пойтахтнинг Чилонзор ...
30 август 2016
Кеча, 29 август куни, қатор интернет нашрлари, Ўзбекистон президентининг ўлими ҳақидаги хабарни чоп қилди, жумладан биз ҳам. Ҳозирга қадар ...
Блоглар
18 январ 2022
Тармоқда икки тоифа муллалар бир-бири билан қирпичоқ бўлмоқда. 1-тоифа: Ҳукумат ва ДХХ йўриғида юриб чизиқдан ...
16 январ 2022
Ўзбекистондаги ҳар бир мулозимнинг ичида битта шоир, ҳар бир шоирнинг ичида битта мулозим яшайди. Бу ...
10 январ 2022
Ўзини бир гуруҳ фаоллар деб таништирган гуруҳ Eltuz телеграм каналига ёзиб, қуйидаги мурожаатни чоп қилишни ...