Асосий мавзулар
14 октябр 2021

Вақт машинаси: Бухоро Халқ Республикаси асосчиларидан бири Усмонхўжа

Дастлаб большевиклар Ёш бухороликлар, жадидларнинг коммунистик партияга қўшилган аъзоларидан иборат Бухоро Халқ Совет Республикасини туздилар. 

Бу республика раҳбарларидан бири Усмонхўжа ўғли Пўлатхўжаев эди. Усмонхўжа аслзода хўжалардан бўлиб, 1878 йилда Бухородаги бадавлат савдогар оиласида дунёга келади. 

Бухоро мадрасаларида таҳсил олгач, 1908 йилда Истанбулга ўқишга кетади. Турк ва араб тилларини ўрганади. Усмонхўжа она тили – ўзбек тилидан ташқари форс тилини ҳам мукаммал билган. 

Истанбулда “Бухоро таъмими маориф” жамиятига асос солади. Туркистонлик талабаларга маънавий ва иқтисодий кўмак бериб туради. Усмонхўжа Истанбулда 1912 йилгача ўқийди.

Усмонхўжанинг Истанбулда бошлаган сиёсий ҳаёти, 1926 йил. 
Суратда чапдан ўнгга: Мустафо Чўқай, Усмонхўжа, Аҳмад Закий Валидий.
Юқорида: Абдуқодир Инон, Мустафо Шаҳкулу.

Истанбулдан Қримга келади ва жадидларнинг буюк намоёндаси Исмоил Гаспиринский билан учрашади. 

1913 йилда ватани Бухорога қайтиб келган Усмонхўжа Ёш бухороликлар ҳаракатига қўшилиб, тез орада том маънода ташкилотнинг ҳақиқий етакчиларидан бирига айланади. 

У дастлаб “Тарбияи Атфол” номли яширин ташкилотга аъзо бўлиб олади. Усмонхўжа Бухородаги дастлабки, фақат дунёвий билимлар бериладиган янги услубдаги мактабни оча олган замонасининг илғор прогрессив, жасур инсони эди. 

Усмонхўжа Бухоро ва, умуман, Туркистоннинг дунёвий ривожланган мамлакатлар қаторида бўлишни орзу қиларди. У нафақат Бухоро, балки Хоразм, Туркистон жадидлари билан фаол алоқалар, ёзишмалар қилиб турарди. 

Усмонхўжанинг сўнгги суратларидан бири

Шунингдек, Усмонийлар давлати, Эрон, Афғонистон зиёлилари билан ҳам хатлашиб турган. У Ёш бухороликлар партиясига киргач, бу ҳаракат ҳақиқий халқ демократик партиясига айланганди. 

Унинг салоҳиятини англашгач, бир овоздан ҳаракатнинг марказий қўмитасига, кейинчалик партиянинг молиявий ишларига масъул хазинабон қилиб сайлайдилар. 

Ёш бухороликлар амирга ва чиркин феодал монархияга қарши курашда кучсиз бўлгани учун большевиклар билан иттифоқ тузишга мажбур бўладилар. Бироқ бу иттифоққа ҳаракат аъзоларининг бир қисми қарши эди. 

Шулар орасида Усмонхўжа ҳам бор эди. У большевиклар ёрдами беғараз бўлмаслигини, келажакда амирликни ағдаргач, кейин уларни ҳам тор-мор этишларини башорат қилади. 

1918 йилги Колесов воқеаларида Ёш бухороликларнинг муваффақиятсиз инқилобидан сўнг амирнинг қатағонларидан қочиб Усмонхўжа Тошкентга кўчиб келади. У Тошкентда сўл эсерлар билан алоқага киришади. 

Дарҳақиқат, Усмонхўжа большевиклар сиёсатининг асл моҳиятини тушуниб етган камдан-кам арбоблардан бири эди. Шунинг учун у 1918 йилнинг ўзида Ёш бухороликларнинг сўл эсерлар қанотини ташкил қилади. 

1918 йил апрель ойида Ёш бухороликлар ҳаракати негизида Бухоро коммунистик партияси ташкил топади. Усмонхўжа бу партияга қарши бўлса-да, дўстлари ва сафдошларининг кўпчилиги унга қўшилаётганини кўргач, ниҳоят, сентябрь ойида коммунистик партияга аъзо бўлади. 

Бухоро инқилобининг охирги босқичи бошланаётган эди. Бухоро амирлиги ағдариб ташлангач, 1920 йил 8 октябрь куни Бухоро Халқ Совет Республикаси ташкил топди. Усмонхўжа бу ёш республиканинг ғоявий оталаридан бири эди. 

У республиканинг дастлабки молия нозири этиб сайланади. 1921 йил январида эса БХСР давлат назорати нозири қилиб тайинланади. БХСРнинг шу йили бўлиб ўтган советида марказий ижро қўмитаси раислигига сайланади. У Бухоро республикаси ҳукуматининг раҳбарига айланганди. 

Усмонхўжа Россия большевиклари Туркистон ва Бухоро республикасининг ички ишларига тобора аралашаётганини сезиб турарди. Айнан унинг ташаббуси билан Бухоро Халқ Совет Республикасининг қуролли кучлари – Бухоро қизил армияси тузилади. 

Усмонхўжа Пўлатхўжаев очиқчасига ўз сафдошларини Бухоронинг мустақил давлат бўлишига, тезроқ мустақил армияни шакллантиришга чақиради, лекин бухоролик кўпчилик коммунистлар, эски жадидлар уни тушунмадилар. 

У БХСР ва РСФСР ҳукуматида ҳам ўзига сиёсий рақиблар ва душманлар орттира бошлайди. Йиғилишларда, ўзаро суҳбатларда тап тортмасдан Бухоро Россия Федерациясининг вассалига, Бухоро коммунистик партияси эса ВКП (б)нинг бўлимига айланиб қолаётганини ташвиш билан айтарди. 

Большевиклар Усмонхўжани Бухоро республикаси раҳбарлигидан четлатиш ҳаракатига тушади. 1921 декабрь ойида уни Шарқий Бухорога (ҳозирги Тожикистон ҳудудига) жўнатишади. 

Шарқий Бухоро ҳудудида Туркистон озодлиги учун курашаётган кучлар фаоллашиб қолганди. Бу кучларга раҳбарликни Туркия армиясининг собиқ вазири Анвар пошшо ўз қўлига олганди. Ҳаракатнинг фаол раҳбарларидан яна бири Иброҳимбек эди. 

Большевиклардан бошқа яхшилик кутиб бўлмаслигига ўз вақтида ақли етган Усмонхўжа Анвар пошшо томонига ўтиб кетади. Бу эса Бухоро раҳбариятига оғир таъсир қилганди ва улар Усмонхўжани хоинликда айблаганди. 

Қизиллар Душанбе гарнизонини олиб, Туркистон озодлиги учун Анвар пошшо бошчилигидаги курашаётган кучларни тор-мор қилгач, Усмонхўжа Афғонистонга қочади. 

Кобулга келиб, Афғонистон амири Омонуллахон билан учрашади. Усмонхўжа Бухоро республикасининг чет элдаги раҳбари сифатида Афғонистон ҳукумати билан большевикларга қарши шартнома имзолайди. 

У бошқа кўплаб мамлакатлар элчилари билан ҳам учрашиб, улар билан дипломатик алоқалар ўрнатишга ҳаракат қилади. Қурол-яроғ сотиб олиб большевикларга ҳужум қилиш, Бухорони қизиллардан озод қилиш истагида Британия империяси вакиллари билан ҳам учрашади. 

Усмонхўжанинг рассом Қобил Одилов ишлаган портрети

У Афғонистонда Бухоро ва Ўрта Осиёнинг бошқа ҳудудларидан қочиб келган туркистонликлар билан алоқа ўрнатиб, уларнинг норасмий раҳбарига ҳам айланиб олади. 

Аммо Афғонистондаги вазиятни кўриб, бу ерда бир иш чиқмаслигига кўзи етгач, Аҳмад Закий Валидий Тўғон ва Мустафо Чўқаев билан биргаликда Туркияга кетади. 

Туркияга боргач ҳам Усмонхўжа курашни тўхтатмайди. У Туркия ва Европадаги туркистонлик эммигрантларнинг ғоявий раҳбарига айланганди. Узоқ йиллар Истанбулда яшаб фаолият юритади. 

Туркияда Туркистон маданияти ва тарихини ўрганади, илмий ишлар қилади. Кўплаб китоблар ва мақолалар ёзади. 1936 йилда “Туркистон” номли катта китоби босмадан чиқади. 

Анқарадаги турк маданиятини ўрганиш институтининг асосчиларидан бири ҳам айнан Усмонхўжа бўлади. У Туркиянинг илмий ва адабий давралари билан доимий боғлиқликда иш олиб боради. 

Усмонхўжа нафақат буюк давлат арбоби, балки ҳақиқий олим эди. У ўзбек, форс, араб, турк ва рус тилларини чуқур билган. 

Миллатимизнинг асл ўғлонларидан бири, ҳақиқий жадид Усмонхўжа узоқ йиллар ватан соғинчи билан яшаб, 1968 йил 28 июль куни 90 ёшида Истанбул шаҳрида қазо қилади. У Ускудардаги ўзбеклар теккесида жойлашган дахмага дафн этилган. 

Ҳозирги кунларда Усмонхўжанинг авлодлари Туркия ва АҚШда яшайдилар. Улар ичида бадавлат ва зиёли одамлар ниҳоятда кўп. Усмонхўжа фарзандларидан бири Темур Хўжа ўғли АҚШда докторлик диссертациясини ёқлаган илк ўзбек ўғлони сифатида тарихимиз зарварақларига ёзилган.

Ихтиёр Эсанов
Тарихчи, Eltuz.com

Тағин ўқинг
1 феврал 2018
Швецияда чиқадиган “Афтонбладет” газетаси террорчиликда айбланаётган самарқандлик Раҳмат Оқилов 42 ёшли таниқли комик артист Ўз Нуин (Özz Nûjen) оиласи ...
30 март 2020
Туман марказига бориб келдим. Ишим бор эди. Қалампир ва помидор кўчатлар сотяпти экан. «Помидор кўчати етти донаси минг сўм», ...
6 сентябр 2019
“Орамиздан чиқса гар миллатни яхши севгувчи, биз они душмон билиб, таффонча бирлан отамиз”. Бу мисраларни буюк миллатсевар ëзувчи Абдулла ...
17 ноябр 2023
Куз келди, гуллар ҳазон. Дарахтлар баргини тўкиб совуқ қишга ҳозирланмоқда. Қашқадарëдаги айиқлар деҳқонободликлардан анча тепадаги ғорларга кириб, қиш уйқусига ҳозирланмоқда. ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...