Асосий мавзулар
12 октябр 2023

Халқ банки Мўйноқ филиали рахбари хомталаш қилган пуллар

Элтузга Акциядорлик тижорат Халқ банки Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани филиали раҳбарияти устидан банкнинг бир неча ходимлари йўллаган шикоят мактуби ва унга илова қилинган ҳужжатлар келиб тушди.

Мактубга илова қилинган кўплаб банк ҳужжатлари ва банк ходимлари иддаоларига кўра, Халқ банки Бошқарувида департамент директори лавозимида ишлаб келаётган ва 2017-2019 йиллари Қорақалпоғистон Республикаси филиалида раҳбар бўлган Амангелди Сапарбаев мансаб мавқейидан фойдаланиб, ўз ота-лонаси ва қариндошлари номига кўп миқдорда ноқонуний кредитлар ажратган. 

“Бугунги кунда ушбу кредитлар муаммога айланган ва гаров мулклари етарли эмас. Айрим кредитлар гаровсиз колдирилган. Натижада биз оддий ходимлар хар томонлома жабр кўрмоқдамиз” дейилади жумладан банк ходимлари Элтузга йўллаган мактубда.

Масалан, банк филиалидаги муаммоли кредитларни қайтармагани сабабли 5-6 бошқарувчилар ишдан бўшатилган, ходимлар рағбатлантириш (қўшимча тўловлар)дан маҳрум бўлган, ундирув чораларини кўрган ходимларга эса ишдан олишгача чоралар кўрилган.

“Нима қилишни билмай қолдик –  биров кредитни ундир дейди, бошкаси тегмайсанлар дейди – икки ўт орасида қолдик. Халқ банки Бошқаруви Раиси Ш. Атабаевга мурожаат йўллаган бўлсакда хеч кандай натижа бўлмаяпти” дея ёзади мактуб муаллифлари.

Уларнинг иддаосига кўра, бошкарувдаги раҳбарлар жим ўтиришгани сабаби, Амангелди Сапарбаев уларни бир амаллаб кўндирган ёки раҳбарнинг иродасига қарши бора олмасдан, давлат пулини жойига қайтаришни ўзларига эп кўришмаяпти.

Элтузга юборилган ҳужжатлар ва далилларга асосланган маълумотномага кўра, АТ Халқ банки Бошқарувида департамент директори Сапарбаев Амангелди Хадрбергенович тўғридан-тўғри алоқадор бўлган 4 та кредит катта муаммога айланиб шу кунга қадар сўндирилмасдан келмоқда.

Биринчиси,  “MO’YNOQ INNOVATSION GOYALAR” МЧЖ га чет давлатдан наслли қўйлар сотиб олиш мақсадида 1.235.000.000 сўм кредит ажратилиб, бугунги кунда 685.000.000 сўм кредит қарздорлиги мавжуд. Ушбу жамиятнинг таъсисчиси банк Бошқаруви ходими А. Сапарбаевнинг онаси Г. Матмуратова ҳисобланади. Лекин кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган 3 та мол-мулкларнинг барчаси ноқонуний тарзда гаровдан чиқариб юборилган ва А.Сапарбаев томонидан тазйиқ ўтказилиб судга бердирмасдан келинмоқда. Кредит ҳисобига чет элдан олиб келинган наслли қўйлар мажбурий равишда “Қонликўл” филиалидан имтиёзли кредитлар чиқарилиб сотилган. “Қонликўл” филиалида эгаларининг хабарисиз кредит маблағлари ажратилиб юборилган ва пуллар жамият ҳисоб рақамига ўтказилиб келинган. Ушбу ҳолатлар бўйича банкнинг “Қонликўл” филиали бошқарувчиси ва бир неча ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб жиноий жавобгарликка тортилган. Ушбу кредит беш йил муддатга ажратилган бўлсада, гаровга олинган мол-мулклар бир йил муддатга суғурталанган. “MO’YNOQ INNOVATSION GOYALAR” МЧЖ нинг АТ Халқ банки Муйноқ филиали олдида 685,0 млн. сўм кредит қарзи мавжуд. Кредит тўлиқ таъминотсиз ҳолида қолган. Ундирув чораларини кўриш имкони йўқ.  

Иккинчиси, энг ачинарлиси юқоридаги кредит қарзи учун гаровда турган “MO’YNOQ INNOVATSION GOYALAR” МЧЖ га тегишли бўлган ғишт заводи кадастр рақами сохталаштирилиб А.Сапарбаевнинг отаси Х.Сапарбаевнинг таъсисчилигидаги “UTKIRBEK GAZ OIL SERVIS” МЧЖ нинг номига қандайдир йўллар билан ўтиб қолади ва “BULVAR NUKUS STROY” МЧЖ га 3.500.000.000 сўмга сунъий равишда жуда юқори баҳоланиб, банк кредити ҳисобига сотилган. Ушбу кредит Мўйноқ филиали кредит комиссиясига А.Сапарбаев томонидан тазйиқ ўтказилган ҳолда мажбурий чиқарилган. Бу тўғрисида банк ходимлари К.Ешанов, А.Есбосинов ва собиқ бошқарувчи Р.Жиеналиевлар ўз кўрсатмаларида тасдиқламоқда.

Хуллас, уч ярим миллиард сўм кредит маблағлари 19.07.2022 йили “UTKIRBEK GAZ OIL SERVIS” МЧЖ нинг Халқ банки Қўнғирот филиалидаги банк ҳисоб рақамига тушади ва шу куннинг ўзида тақсимланиб юборилади. Шундан 654,0 млн сўми “MO’YNOQ INNOVATSION GOYALAR” МЧЖ нинг кредит қарзи тўланади, 700 млн сўми 19.07.2022 йили банкнинг Қўнғирот филиалига А.Сапарбаевнинг ишончли вакили Мадреймов Қуралнинг номидан 6 ой муддатга омонатга солинган бўлсада, эртасига 2022 йилнинг 20 июлида нақд пул кўринишда чиқим қилиниб олиб кетилади.

Ушбу чиқим қилинган 700 млн сўм Ички ишлар бўлимининг қўриқлаш хизмати томонидан рўйхатга олинмаган. 1 млрд 500 млн сўми, таъсисчиси  “MO’YNOQ INNOVATSION GOYALAR” МЧЖ бўлган “QO’NG’IROT QISHLOQ QURILISH GISHT” МЧЖ нинг кредит қарзи сўндирилган. Матмуратов Рустам Сапарбаев Амангелдининг онаси Г.Матмуратованинг тўққан укаси ҳисобланади.  “BULVAR NUKUS STROY” МЧЖ нинг 25.09.2023 йил холатига банк олдида 3.500.000.000 сўм асосий кредит қарзи, 775.168.518 сўм ҳисобланган фоизи жами 4.275.168.518 сўм кредит қарзи мавжуд. Қарзни сўндириш учун гаров мулклари етарли эмас.

Учинчиси, А.Сапарбаев Халқ банки Қорақалпоғистон Республикаси филиали бошлиғи лавозимини эгаллаб турган вақтида қалин дўсти ва бизнес шериги бўлган, келиб чиқиши Қўнғирот туманидан бўлган Аллашов Каллибек Ярилкаганович бошқарган “Сапаров Шарапатдин” ФХ га А.Сапарбаев ўзининг ғишт заводига зарур бўлганлиги учун экскаватор сотиб олиш ва наслли қорамоллар сотиб олиш мақсадида АТ Халқ банки Оқманғит филиали томонидан 2018 йилнинг 6 февралида 36 ой муддатга 2,4 млрд сум имтиёзли кредит ажратилган. Лекин кредит шартноманинг муддати ўтиб кетишига қарамай бугунги кунга қадар кредит қарзлари тўланмасдан 980 млн сўм кредит қарздорлиги мавжуд. Кредит тўлиқ сўндирилмаган бўлсада А.Сапарбаев томонидан эксковатор (погрузщик) гаровдан чиқарилиб, отаси номидаги “UTKIRBEK GAZ OIL SERVIS” МЧЖ нинг балансига ўтказиб юборган. Бугунги кунда Нукус тумани Кердер ОФЙ да жойлашган эски молхона ташландиқ ҳолида қолдирилган. Гаров мулки ноликвид ҳисобланади.

 Тўртинчиси, “Бахтли оқшом” МЧЖ Халқ банки Муйнок филиали кредити ҳисобидан Қўнғирот туманида кўп қаватли ўй жойлар қурилган эди. Ушбу қурилган уй жойдан қурувчи билан келишиб 4 хонали уйни ўз қариндоши номига расмийлаштириб олган. Жамиятнинг кредит қарзи шу кунгача қайтарилмасдан келинмоқда.

Элтуз ушбу номи келтирилган кредит ҳужжатларини тегишли ҳуқуқни химоя қилиш органларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тақдим этилишини мақсадга мувофиқ ҳисоблайди. Сабаби А.Сапарбаев банкнинг юқори лавозимларида ишлаб туриб, ўз лавозим мавқеидан фойдаланиб бойлик орттириш мақсадида ўз қариндошлари номидан жуда кўп миқдордаги кредит маблағларини ажратилишига ноқонуний йўллар билан эришиб талон-тарож қилган ва Халқ банки филиалига 5 млрд 891 млн. сўм жуда кўп миқдорда зарар келтирган. Халқ банки давлат банки ҳисобланади, ҳар бир ажратилган кредит қайтарилиши лозим.

Юқоридаги ҳолатлар Акциядорлик тижорат Халқ банки Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани филиалидаги ўз исмини ошкор этишни истамаган ходимларнинг мурожаати ва уларнинг иддаоларини тасдиқловчи далиллар ва ҳужжатларга таяниб тайёрланди. Элтуз банк рахбарияти ва тегишли идоралардан расмий муносабат кутади.

Тағин ўқинг
10 феврал 2017
Депутатлар ҳам кутиб турган экан шекилли, президентнинг фаол бўлинг, деган топшириғидан кейин бел боғлаб халқ билан ҳам тиллашишга тушиб ...
22 ноябр 2021
Британиялик таниқли фотограф Рип Хопкинс (Rip Hopkins) фотообъективида акс этган Ўзбеккистон туризм ширкатлари чоп қилган буклетлардан фарқ қилади. 10 ...
4 декабр 2017
Ўзбек қамоқхонасида 21 йил ëтган диссидент, қашқадарёлик Мурод Жўраев 65 ёшида 4 декабрь куни вафот этди. «Эрк» демократик партияси ...
3 июл 2018
Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримовага тегишли бўлган, айни пайтда Швейцарияда музлатилган пулларни мамлакатга қайтариш борасида музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлади. ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...