Асосий мавзулар
12 феврал 2021

Данғаралик бахти қаро Бахтибек

Бахтибек тўрт марта уйланган ва ҳар бир хотинидан иккитадан фарзанди бор. У аллақачон ҳеч қайси хотини билан яшамайди.

Чамамда ҳеч қайси хотинига алимент тўламайди. Агар унинг ҳамма хотинига тўлаши керак бўлган алиментлар ҳисобланса, Ўзбекистоннинг ташқи қарзидан ҳам ошиб кетса керак.

Бахтибек қишлоқнинг ўзида мардикорчилик қилади ва топган пулига ароқ ичади, сомса, кабоб ейди.

Боя шу инсон менга шикоят қилди:
– Моддий ёрдамни йўқ қилибдими?
– Билмайман. Мен моддий ёрдам тўғрисида ҳеч нарса билмайман, – дедим.
– Ҳа, йўқ қилибди. Маҳалла раисига кирсам, моддий ёрдам йўқ бўлди, – деди.
– Сиз моддий ёрдам олармидингиз? – деб сўрадим ҳайрон бўлиб.

Ахир Бахтибек ҳамма хотинини ҳайдаб бир ўзи яшайди, меҳнат қобилиятини йўқотмаган. Топган пулига ароқ ичади.

– Ҳа,- деди у, – 370 минг олардим.
– Зўр-ку. Сомса билан ароққа етади,- дедим.
– Сабзга борай-чи, моддий ёрдамни ўшалар ҳал қиляпти экан. Агар улар ҳам йўқ деса, сизга келаман, тепага хат ёзиб берасиз, – деди Бахтибек (сабз – социал ëрдам идораси деган сўзнинг халқ ишлатадиган варианти: таҳр).

— Менга келишингиз шарт эмас, мен ҳам сиз ўқиган мактабда ўқиганман, ўқитувчилар сизга берган билимдан ортиғини бермаган менга ҳам, – дедим ҳазил оҳангида.
– Сабзга борай-чи, – деди у яна.
Мен унга бундай маслаҳат бердим:

– Сабзга жўн борманг. Дипломат бўлинг. Одам айёрликниям билиши керак.

Сабзга бораётганда лой ишига киядиган арзон резина этик кийинг, у ҳам янги бўлмасин, чириганидан кийинг, ариқларнинг ичини қарасангиз, сувда оқиб келган эски резина этиклар бўлади, шулардан битта топинг, хотинларнинг қизил резина этиги топилса, янаям яхши.

– Ариқда оқиб келган эски резина этикларни бакалашка йиғиштирадиганлар териб кетяпти,- деди Бахтибек норози оҳангда.

– Лойларнинг тагини қарасангиз, битта сизга лойиғи чиқиб қолар. Кейин сабзга бораётганда шуниям эскисини, ораси катта йиртилганини кийинг, кўйлагингиз ҳам эски, иплари титилган ва битта енги иккинчисидан калта бўлсин, хўп.

Энди юзингизга етиб келдик. Уч кун бетингизни ювманг, кирлар юзингиздаги чўтир тешикчаларни тўлдирсин, шунда икки бетингизда катта қора доғ пайдо бўлади ва сизни кўрган одам жигари касал, қони айниган экан, дейди.

Сабзга кучингизни кўрсатиб далил кириб борманг, кўрганлар соғлом экан, деб моддий ёрдам бермайди. Айёр бўлинг, дедим-ку. Битта қўл билан деворни ушлаб, инқиллаб, синқиллаб кириб боринг сабзга, иложи бўлса, битта қўлингизга теракшохдан ҳасса олволинг.

Сабзнинг бошлиғига моддий сўраб гапираётганда овозингиз баланд бўлмасин, уч кунлик умри қолган бемордек сўзлар оғзингиздан аранг чиқсин.

Энди муҳим гапга келдик. Баданингиз сассиқ ҳид таратиши керак. Ўлган ит қанақа сасишини биласиз-а? Сизнинг танангиздан чиқаётган бадбўй ҳид ўлган итникидан кам бўлмаслиги зарур.

Сабзнинг бошлиғи сассиқ ҳидингиздан безор бўлиб ҳам моддий ёрдам ёзворади ёки сассиғингиздан тезроқ қутулиш учун чўнтагидан нақд пул берворади.

Тушиндингизми? Мен айтган шу ишларни қилсангиз, яна моддий ёрдамга муҳтожлар рўйхатидан ўрин оласиз.

– Шунақа қилсаммикин, – деди у кўзларини каттароқ очиб. – Агар шундаям моддий ёрдам бермаса нима қилай?
– Бошлиқнинг хонасида ўзингизни ўлганга солиб ётиб олинг, натижа бўлади.
– Ростдан натижа бўлармикин, – деди у ишонқирамай.
– Охирги чора шу, агар буям ёрдам бермаса, кетмонни елкага олиб ёнимга келсангиз, даламдан иш ториб бераман. Хуллас, оч қолмайсиз, – деб тушунтирдим.

Бахтибекдек соғлом эркак моддий ёрдамга умид қилаётганига ҳайрон бўлдим. Одам ҳам шунақа боқиманда бўладими. Бир жойда ётиб қолган шол одам бўлса экан, бошқа гап, моддий ёрдам ҳақида ўйласа бўларди.

– Илгари моддий ёрдам олардим, дедингиз. Нимани асос қилиб сизни муҳтожлар рўйхатига қўшишган?- деб сўрадим.
– Ёлғиз яшайман-ку! Битта ўзим яшайман-ку! Қаровчим, боқувчим йўқ-ку! Охирги хотиним ошин ишлаб пул топарди. Уям кетиб қолди. Боқувчисиз қолдим,- деб тушунтирди у.

Мен унга:
– Сиз ўлсангиз хотинингиз боқувчисиз қолади, лекин хотинингиз ўлса, сиз боқувчисиз қолган ҳисобланмайсиз, – деб тушунтирмоқчи бўлдим.

Ëзувчи Раҳимжон Раҳмат ҳикояси

Тағин ўқинг
11 феврал 2023
Ўзбекистонда пахта етиштирувчи фермерлар тузган мустақил кооперативлар фаолияти амалдорлар амри ва қонунни ўзбошимчалик билан қўллаш йўли билан тўхтатилмоқда. 2019 ...
21 июл 2017
Ўзбекистон ҳукумати давлат органлари рахбарларига берилиши мумкин бўлган қурол-яроғлар рўйҳатининг таҳрирдаги лойиҳасини очиқлади. “Қурол тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ...
18 март 2020
Рассом Кирпи
15 май 2018
Тошкентлик туркшунос олим Андрей Кубатинга ўтган йилнинг декабрида Ҳарбий суд томонидан берилган 11 йиллик муддат, яқинда беш йилга туширилди. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...