Кўзқараш
17 феврал 2021

Тум-такатум-танг

Ҳали газга ўтилмаган ёнилғи сифатида фақат бензиндан фойдаланиладиган вақтлар эди. Бензин эса автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига ҳафтасига бир кун – ҳафтанинг охирларида олиб келиб сотиларди.

Бензин камёблиги учун ҳамма заправкаларда навбат турнақатор бўлиб кетарди. Бу ҳолатни ҳам баъзи ишбилармонлар даромад манбаига айлантиришганди. Уларнинг уй-ҳовлиларининг олдида кўча четларида ғишт қўйиб қўйиларди. Бу икки баравар қимматига марҳамат қилиб бензин сотиб олишингиз мумкин, деганига ишора эди.

Зарур иши бўлган одамлар иложсиз ана шу бензиндан сотиб олишарди, баъзан бундай ғиштлар ҳам ғойиб бўлиб қоларди. Хуллас, бензин муаммосидан рулда юрадиган барча безиллаб қолганди.

Ана шундай кунларнинг бирида охори тўкилиб кетган “Жигули” машинамда шаҳар четидаги заправкага келдим. Қоқ тушлик пайти, навбатда тумонат одам.

Навбат шунчалар узоққа чўзилганки, охирида турган автомашиналар кўринмайди ҳам. Саҳар олтидан бери навбатда туриб бензиннинг келишидан дарак бўлавермагач, зерикиб диққинафас бўлган машина эгаларининг кўп қисми заправка майдони ёнида йўл четига келиб тўпланишиб ўтириб олишганди.

Улар бензиннинг камёблигидан норози бўлиб ўзаро тақчиллик ҳолатини қизғин муҳокама қилишарди. Давра тўрига келиб уларга салом бердим ва аста бир четга ўтиб ўтирдим. Норозилар муҳокамаси янада қизғин тус олди. Эллик нафардан зиёд бўлган оломоннинг деярли ҳаммаси ёшлар эди:

  • Бензинни дефицит қилиб, одамларни қийнашдан мақсад нима эканини ҳеч тушунмадим-да, шу балони кўпайтириб қўйишнинг наҳотки иложиси бўлмаса?
  • Ҳе оғайни, иложиси бор, аммо унда анави емахўрларга қийин бўлиб кетади-ку, уларнинг бензин устига қўядиган шапкаси қаёққа кетади.
  • Нархни оширса, ошириб ўлиб кетмайдими, майли, ўшанда ҳам етарлича олиб келиб ташлашсин.
  • Яқинда мен четга чиқиб келдим, ҳавасим келди, одамлар ҳеч қандай навбатсиз, бемалол бензин қуйиб кетишяпти, унинг устига, ўзларининг пулига бензиннинг нархи арзон, сифати ҳам зўр.
  • Ҳа, бизнинг бензин бензинми, ўзи ҳайрон қоламан, машинанинг кетидан қоп-қора тутун чиқади, ярми солярками-ёв дейман.
  • Ўша сифатсиз бензиннинг ўзи ҳам йўқ-ку, кутавериб тоқатимиз тоқ бўлди. Бу аҳволни тепадагилар билармикин ўзи, уларнинг бизга ўхшаганлар билан ишлари йўқ, ўзлари бўлса бўлди.
  • Ҳе ўша қорнини қаппайтирган амалдорларингни…
  • Бугунги кунда турмушимизда бўлиб турган муаммолар ҳақида телевизорда ҳеч нарса дейишмайди, газеталарда ҳам ёзилмайди. Телевизорда қачон қарасанг ўйин-кулги, тум-такатум-танг.
  • Журналистлар ҳам қаерда ўйин-кулгу бўлса, ўша ерда пайдо бўлишади. Шу кунларда бўлаётган муаммоларни очиқ гапирадиган ҳақиқий эркаги борми ўзи уларнинг, йўқ, ҳаммаси хушомадгўй, қачон қарасанг, тепадагиларга пахта қўйиш билан овора.
  • Мана, мен гапирардим пачава аҳволни.
  • Гапирганинг билан, сен кимсан ўзи, сенга ким ҳам қулоқ соларди.
  • Оғайни эркак бўлиш керак, қачонгача думи қисилган итга ўхшаб чурқ этмай юраверамиз.
  • Жонга тегди, энди мен ҳам қараб турмайман гапираман, нима бўлса бўлар, мен ҳам ҳақиқатни гапираман, ҳеч кимдан қўрқмайман.

Одамлар бир-бирларини қўллаб-қувватлаб қизишиб кетдими, ўтирганлар ҳаммаси гапирамиз, гапира оламиз, дейишарди. Кутилмаганда улардан бири бундай деб қолди:

  • Эҳ, йигитлар, шу жойига телевидениедан эфирда чиқаришга кафолат берадиган бир чин эркак журналист камерасию микрофони билан келиб қолганидами, бу чидаб бўлмайдиган аҳволнию муаммоларнинг борини шартта гапириб ташлардим. Яша эркак, мен ҳам гапирардим, мен ҳам. Тўпланганлар бир-бирларига навбат бермай “мен ҳам”, дея бақиришарди…

Айни муддао-ку, дедим ичимда. Ёнимда ўтирган операторга қараб, камерангни олиб кел, деган маънода кўз қисдим ва унинг қўлига машина калитини отдим.

Қизиққон оломон эса ҳамон мен гапирардим, мен гапирардим, дея талашарди. Чаққон оператор бир зумда камераси билан пайдо бўлди. Чўнтагимдаги микрофонни камерага уладим ва давра ўртасига бориб оломонга мурожаат қилдим.

«Ҳурматли ҳамюртларим, мана, сизлар истаган камера ва микрофон, истаган одам ўз фикрларини баён қилиши мумкин, мен сизлар хоҳлагандек, гапингизни эфирда намойиш қилишга юз фоиз кафолат бераман», деб ўзимни таништирдим ва уларга микрофон тутдим.

Биринчи бўлиб энг кучли овозда “гапираман”, деган йигитга юзландим. Мен гапга уста эмасман, бу гапира қолсин, дея ёнидаги йигитга қайрилди.

Шу алфозда мен даврани айланиб йигитларга микрофон тутдим, ҳеч ким гапирмади, аниқроғи гапиролмади. Бир минутлар ўтганидан кейин атрофимизда ҳеч ким қолмаганди, йигитлар ҳаммаси ура-солиб тумтарақай қочиб кетганди, буёғи тум-такатум-танг…

Ҳайрат,

ўзбекистонлик муаллифнинг “Элтуз”га йўллаган ҳикоясини тингладингиз.

Тағин ўқинг
26 октябр 2021
Фарида Шарифуллина  Ўтган йилнинг ёзида Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида уйларни бузиш пайтида хусусий мулкни ҳимоя қилиш тўғрисидаги ...
29 январ 2022
Онаси ҳайвонот боғидаги айиқ олдига улоқтирган уч яшар қизалоқ Тошкентдаги касалхонада қолмоқда. Қизнинг аҳволи «қониқарли» 5 метр баландликдан тушган ...
30 ноябр 2022
Бугун 30 ноябр. Эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг навбатдаги сонини тақдим этади.+++«Ўзгидромет»дан совуқ хабар. Ўзбекистонлик метеорологлар декабр ойининг бешинчи кунигача ...
10 сентябр 2024
Воронежда ҳарбий омбор портлади, Рязанда сайлов комиссияси аъзоси хожатхона тешигига тушиб кетди, Иркутскда тоза сувга бағишланган фестивалда канализация ёрилиб сассиқ оқава ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...