Кўзқараш
2 март 2021

Ғирт бегона

Бир оғайним қўққисдан мен ҳақимда даҳоларча башорат қилиб бундай деб қолди: Керак бўлса, минг фоиз кафолат бераманки, сени юртимизда ҳеч қаерга ишга олишмайди, чунки сен на олишни биласан, на беришни!

Пешонани қарангки, унинг фалсафаси тўппа-тўғри чиқиб турибди, ҳамон иш қидираман, орадан беш йил ўтиб кетибди. Бу даврда бормаган жойим қолмади, эртага келинг, индинга хабар олинг, бир ҳафтадан сўнг ўзимиз телефон қиламиз, уч ойдан кейинга юз фоиз кафолат берамиз, хуллас, юмшоқ муомала, ҳаммаси мусаффо осмон…

Айбинг нимада, дейишингиз мумкин. Ҳа, айбим бор, биринчи галда, тўғрисини гапираман, ҳалол ишлайман, бировнинг ҳақига хиёнат қилмайман. Энг ёмони, раҳбарларга тилёғламалик, лаганбардорлик ва чақимчилик қилишни билмайман. Мабодо, янги режани раҳбарнинг ўзи таклиф қилса ҳам рўёбга ошмайдиган таклиф бўлса, шартта очиғини айтиб қўя қоламан, шунинг учун баъзан бетгачопар ҳам деб қўйишарди.

Ўзи бирор жойда ишлаганмисан, дейишингиз ҳам мумкин. Ҳа, ишлаганман, бир корхонада раҳбарнинг ўринбосари бўлиб 10 йилдан зиёд ишлаганман. Яна бир камчилигим, ишга янги ходим олсам, ёшига қарамасдим, аввало, билими, қобилияти ва ишчанлигига эътибор берардим.

Ниҳоят раҳбарга ёқмай қолдим шекилли, ўрнимга бошқа одамни олишди, оддий ходим бўлиб ишлай бошладим. Орадан олти ойлар ўтгач, корхонамизда янги ходимлар керагидан бир неча баравар кўпайиб кетди.

Ҳайрон бўлдим, янги ходимлар деярли ҳеч нарса қилишмас, корхонада ўралашиб юришаверарди. Вақт ўтган сайин улардан баъзиларининг жамоамизда ишлаш учун умуман қобилияти йўқ экани ҳаммага сезилиб қоларди. Яна вақт ўтгач, уларнинг айримлари йўқолиб қолар ва яна янгилари пайдо бўларди.

Феълимни биласиз-ку, бу ҳақида менинг ўрнимга ўтирган бошлиқнинг ўзидан очиқчасига сўрадим. У яшириб ҳам ўтирмади, мен учун тўғрисини айтиб қўя қолди.

«Уларнинг ҳар биридан юз доллардан олиб қўйганман, юраверишсин, бироз вақт ўтгач жавобини бераман, кейин яна янгисини олавераман, биров менинг мушугимни пишт демайди, ака, бу бизнес», деди.

Ҳолимни кўрган яна бир танишим, сен қачон одам бўласан ўзи, “хўп” дейишни ўрган, раҳбарлар учун сенинг қиладиган ишинг эмас, “хўп” дейишинг биринчи ўринда туради, дейди. “Лўлининг эшагини суғориб, пулини ол”, деб насиҳат қилади.

Бир куни катта залда ҳамма ходимлар ҳазил-ҳузул, қий-чув, ўз вазифасидан бошқа ишлар билан овора эди. Мен бир четда жимгина ўз вазифамни бажариб ўтирардим, кутилмаганда шартта эшик очилиб, катта раҳбар кириб қолди.

Кўз очиб юмгунча вазият ўзгарди. Ҳамма ўзини шартта ўз вазифаси билан астойдил шуғулланаётганга солди, кимлардир дарров лаганбардорлик билан катта бошлиққа қуюқ салом берди. Мен эса ўша ҳолда ишимни давом эттирардим.

Раҳбар у ёқ бу ёққа астойдил разм солгандек бўлди, кўнгли тўлди шекилли, менга қараб, ака нега бекор ўтирибсиз, атрофингиздаги одамлардан ўрнак олсангиз бўлмайдими, деб менга қаттиқ танбеҳ берган бўлди-да, шартта эшикни ёпиб, ташқарига чиқиб кетди.

Шу заҳоти атрофимдагилар яна эски такасалтанг ҳолига қайтишди, ғала-ғовур бошланди. Шунда мен ўзимни у ёғидан ўқисангиз ҳам, бу ёғидан ўқисангиз ҳам шунга ўхшатдим – нодон!

Баъзан актёрларга ҳавасим келарди, чунки улар ҳар қандай ролга истаган пайтида кира оладилар, аслида атрофимдагилар ҳаётдаги актёрликни қойилмақом қилиб ижро этишарди.

Ёши улуғроқ яна бир танишим, «Энди, ука, замонни кўриб турибсиз, олдин узатасиз, кейин оласиз, керак бўлса, катта лавозимдан тортиб то оддий қоровулликкача узатасиз, кейин йиғиштириб оласиз, қани бўлмасам, айтганимнинг акси бўлган узатилмайдиган бирор соҳани мисол қилиб келтиринг-чи» дерди гердайиб менга. Хуллас, бу олувчию берувчилар юртида мен ғирт бегона эдим.

Ҳайрат,

ўзбекистонлик муаллифнинг “Элтуз”га йўллаган ҳикояси

Тағин ўқинг
28 апрел 2020
Нацистлар Германияси иттифоқчиси, янги Рим империясини қуриш ғоясини илгари сурган Европанинг сўнгги диктаторларидан бири, дуче (доҳий) Бенито Муссолинининг ўлими ...
25 сентябр 2018
Бу йил баҳордаги йиғилишда фермерларга аччиқ қалампир экиш топширилди.  Бунга Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги қарори ижросини таъминлаш асос қилиб кўрсатилди. ...
12 сентябр 2023
Жорий йилнинг 6 сентябр куни Мўйноқда чорвачиликни ривожлантирмоқчи бўлган Чорва Мўйноқ Бош директори Полвонназар Раҳимовнинг Қорақалпоғистондаги расмийлар сансоларлиги ва ...
19 апрел 2018
Дўппидўз чевар Ҳамида Юнусова 25 йилдан буён дўппи тикади. Бу ҳунар унга оилавий анъана бўлиб, жувон дўппи тикишни опаларидан ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...