Императив 41. Иккинчи даражали қаҳрамон
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 41-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.)
«Ғафур Ғулом» нашриётидаги ишимни тарк этаркан, аслида, навбатдаги эрксизлигимни тарк этгандим.
«Дон берган»ни на менга иш берган Совет давлати, на-да нашриёт директори, на унга мени тавсия қилган Омон Матжон, на менинг эркимга ярим йил таҳаммул этган “ЭСЭС опа” деб билардим. Олаётган маошимни қилган ишим учун олган ҳаққим деб билардим.
Бугун эса бунинг ҳақ эмас, ризқ эканини идрок қилаоламан.
Бундай маош ҳатто ишламасам ҳам мени яратган Зот тарафидан аввалдан бериб қўйилган неъмат эканини идрок қиламан.
Аммо шеъримнинг иккинчи даражали қаҳрамони ўша пайтдаёк «қушга дон берган, Ўзи учун берар қушга берганда» ҳақиқатини англаб етганди. Мендан олдин англаб етганди.
Ҳақиқатан ҳам, яхшилик қилган инсон бу яхшиликни бировга эмас, охир оқибатда ўзига қилади.
Бу ҳикматни англашнинг икки йўли бор. Биринчиси, уни яшаб, бошдан кечириб англаш мумкин. Иккинчиси, интуитив йўл билан англаш мумкин. Шеър шу маънода интуитив идрокдир.
Совет идораларидаги навбатдаги «иш фожиаси» 1976 йили «Физкультурник Узбекистана» газетасида рўй берди. Газетадаги вазифам русча хабарларни ўзбекчага ўгириб, «Ўзбекистон физкултурачиси» номли параллел органга такдим этиш эди. Бўлимда раҳматли Тоғай Мурод билан бирга ишладик. У камгап йигит эди. Мен ҳам гапдон эмасдим. Бирга газетанинг ўзбекча қисмини бир неча ой бинойидек идора этдик.
Муҳими, таржимонлик иши мен учун лозим бўлган эркинликни берарди. Ҳафтада бир марта келадиган типографиядаги навбатчиликни ҳисобга олмаганда минимум маъсулиятли иш эди. Айнан шу даврда оилам нисбатан ҳузурга қовушди. Ҳатто бир куни ишдан чиқиб, Ойдинхонимга бир гулдаста ва уни қўядиган бир ваза олиб келганим эсимда. Ва хонимнинг қувончдан порлаган сиймоси…
Ҳаётимизнинг бу қисқа бахтиёрлик даври йиллар ўтиб, ушбу шеърда ифодаланди.
ҚОРАҚАМИШ ХОТИРАСИ
Ойдинга
Шоҳона уйимиз бор эди, эсла:
20 метрди нари-бериси!
Бетон девор аро бизга ҳавас-ла Қараб турар эди Илҳом Париси!
Бир ажиб йўқсилдик, бир ажиб йўқсил, ҳар куни рўзадор эдик биз гўё.
Бизга суйканарди мўлтираб, ўксиб, бизлар бир чақага олмаган дунё!
Учиб кирган эдик икков ҳаётга Шундоқ сўл ёнимда порларди сиймонг!
Гўё ўзларига қалб излаётган
икки иймон эдик, иккита иймон! 2014
Бу шеър 2014 йил ноябр ойининг бошида, Ойдинхоним ўлим тушагида ётган кунлари битилди. Унга ўқиб бердим. Хоним ёстиқдан бошини кўтараолмади, заиф жилмайди. Бу табассум унинг менга сўнгги туҳфаси эди.
«Физкултурник Узбекистана»даги ишим узоқ давом этмади.
Бир куни танқидчи Аҳмад Аъзам билан «Мовий гумбаз» деган емакхонда ўтириб адабиёт ҳақида суҳбатлашдик. Лотин Америка ёзувчиларининг янги чиққан китобларни муҳокама қилганимиз эсимда. Кайфиятимиз осмонларда эди.
Бу кайфиятга бир нарса соя солиб турарди. Уша куни «Физкултурник Узбекистана»нинг босмахонадан чиққан сонини имзолаш навбати менда эди. Редакция ходимлари кўриб, текшириб имзоламаса газета тиражи тарқатилмас эди. Мен учун гўзал «Мовий гумбаз» остидан чиқиб, сассиқ типография биносида нафрат этганим тиражнинг чиқишини кутишдай катта азоб йуқ эди мен учун. Типографига бормадим. Уйга кетдим.
Тонгга яқин газета бош муҳаррири Фаттахов (шоир Темур Фаттохнинг ўғли) телефон қилди. Русчалаб «Почему не подписали тираж? Где вы находитесь?», дея ҳайқирди трубкага.
Жавоб бермоқчи эдим, аммо жавобимни кутмади ва «я уволняю вас КЗОТом, приходите, заберите свою трудовую книжку, вы уволены!», деди бош муҳаррир.
Бош муҳаррир менинг «меҳнат дафтарчам» йўқлигини, ҳеч қачон бўлмаганини билмасди. Меҳнат дафтарчаси бўлмаган одамни КЗОТ билан қўрқитолмайсан. Чунки бундай одам КЗОТнинг ҳам нима эканлигини билмайди.
Билиш мажбурияти йўк. Чунки у жамиятнинг иккинчи даражали қаҳрамонидир. Жамиятдан масъул бўлмаган қаҳрамон.
Бу масъулиятсиз «Иккинчи даражали қаҳрамон” портретидан яна бир фрагмент:
«…Бу одам бир маймунга менгзар, Яъни У кулганда,
Йиғлаётган бўлар шубҳасиз.
Шу боис, ҳеч ким Уни Чақирмайди дафн маросимига –
Шарманда бўлишни истамас ҳеч ким. Шу боис, собиқ дўсти
Кўриб қолса кўчада Уни Кўрмаганга солиб ўтади – Кўришдан чўчийди
Унинг машҳур табассумини…
Мана, у ётибди кимсасиз уйда,
Қоронғи хонада, ўзига тиржайиб ўзи…(1980) “Валфажр”, 1983
Актив сиёсат даврида ҳам ҳаётий нуқталарда каминани интиутив идрок бошқарди.
Ёзувчилар Уюшмаси котиблиги вазифасида ишлаган даврим мен учун актив сиёсат даври эди. «Муҳаммад Солиҳ Уюшма котиби ўларок Уюшма учун ҳеч нарса қилмади» дея тана тошлари отганлар ҳақли эдилар. Чиндан ҳам Уюшма учун ҳеч нарса қилмадим, фаолиятим тамоман сиёсий бўлди, фикру зикрим ўлканинг мустақиллиги ғояси билан машғул эди. Бу фаолиятга қарши чиққанларнинг руҳий тазйиқидан озод бўлиш учун Уюшман котиблигидан ҳам илк имконда истеъфо бердим. Котиблик курсиси учун талашаётган «биринчи даражали қаҳрамонлар»га майдон бўшатдим.
1992 йил май ойида ўзбек диктатори мени унинг ҳукуматига киришга таклиф қилганда ҳеч иккиланмай рад этдим. Чунки Диктатор мени эрксизликка таклиф килаётган эди.
Бу «ўйламай олинган қарор» туфайли дўстлардан кўп танқид эшитдим. Аммо маълум бир муддатдан сўнг улар бунинг тўғри қарор бўлганини эътироф этдилар.
Сиёсий ҳаётимнинг бурилиш нуқталарида бўй кўрсатган иррационализм қарор олишда доим ҳал қилувчи ролни ўйнагани аниқ. Қарор олар экан, гуё жуда осон олар эдим. Умуман, хаётим ниҳоятда осон кечарди дунёда. Энг озидан, атрофга шундай кўринар эди.
Аслида, ўзимни ҳамиша бир юк остида ҳис қилардим, фақат бу юк ташқаридан кўринмас эди:
«ИККИНЧИ ДАРАЖАЛИ ҚАҲРАМОН»
«У доим ниманидир кўтариб турган бўлади,
Кўтариб келаётган ёки кетаётган бўлади.
Раҳмингиз келиб,
«Юкингни ерга қўй!» дейсиз,
Ерга қўяди
У юкини.
Аммо яна ачинасиз унга қараб:
«Нима бало, кўйлак оғирлик қиляптими энди,
Ечиб ташла кўйлакни!» дейсиз,
Дарҳол еча бошлар итоат билан
Ечиш мумкин булган барча нарсани.
«Бор, энди уйингга, дам олгин,
Яланғоч турмагин кўчада!» дейсиз.
Лекин унинг кетаётганини кўриб,
Яна бақирасиз асабий:
«Энди нима оғирлик қиляпти сенга,
Нимани кўтариб кетяпсан яна?
Қўлингда ҳеч вақо йўқ, эгнингда ҳеч вақо,
Нимани кўтариб олдинг сен яна?!»
(1980)
Валфажр, 1983
Бу каҳрамонни масъулиятдан қочгани учун жамият савдойиликка маҳкум этган. Фақат бу зоҳирий савдойилик, мажзублик унинг ботинида музлатилган эҳтироснинг ўртиги холос.
Тўғри, у эрксизликдан қўрқади, аммо у ўз эркининг душмани билан курашиб, мислсиз жасорат кўрсатишга қодир.
Бу нуқтада жасорати унинг қўрқувига пропорционалдир.
(Давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ