Асосий мавзулар
24 сентябр 2018

Мажбурий-ихтиёрий равишдаги пахта терими

Сўнгги кунларда Ўзбекистондаги пахта йиғим-терим мавсумига оид турли ОАВларда эълон қилинаётган хабарлар мамлакатда мажбурий меҳнат аломатлари кучайиб бораётганидан дарак бермоқда.

“Элтуз”га маълум бўлишича, яқинда Халқ банкининг жанубий вилоятлардаги филиаллари ходимлари мажбурий-ихтиёрий равишда пахта теримига жўнатилган.

“Бошлиғимиз ҳаммани йиғиб, кимлар пахтага кетишини айтди. Ҳеч ким рад эта олгани йўқ. Чунки бормайман деса, кейин банкда ишламайди. “Ўзимиз ихтиёрий чиққанмиз, дейсизлар ким сўраса ҳам. Банкнинг номини тилга олманглар, деб тайинлашди”, деди банк ходимларидан бири “Элтуз” билан суҳбатда.

Бундай хабарлар Бухоро, Қорақалпоғистон, водий вилоятларидан ҳам олинмоқда. Демакки, мажбурий меҳнатнинг кўлами бу йил ҳам етарлича кенг.

Ҳолбуки, ҳукумат жорий йилда пахта фақат кўнгиллилар ва фермерларнинг кучи эвазига йиғиб-териб олинишини маълум қилган эди.

Қолаверса, таълим ва тиббиёт соҳаси ходимларини мажбурий равишда пахта теримига жалб этиш қатъий тақиқланиб, бунинг учун мутасаддиларга нисбатан жавобгарлик кучайтирилиши билдирилганди.

Аммо юқоридаги каби кўплаб хабарлар ҳукумат ҳозирча ўз ваъдаларининг фақат таълим ва тиббиёт ходимларига тааллуқли қисмини бажариб (шубҳасиз, бу ижобий ҳолатдир), бошқа бюджет ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари ишчи-хизматчиларини мажбурий меҳнатга жалб этишда бардавом эканидан дарак бермоқда.

Бу йилги мавсумда маҳаллий ОАВда “уюшмаган ёшлар”, “қўшимча даромад олиш имконияти”, “терим отрядлари” каби сўзлар пахта терими ҳақидаги мақола, кўрсатув ва эшиттиришларда энг кўп қўлланилаётган иборалардир.

Ҳокимият вакиллари пахта теримига мажбурий жалб қилиш хатти-ҳаракатларини шу тарзда яширишга уринаётгандек таассурот уйғонмоқда.

Ҳар йилгидан фарқли ўлароқ, жорий йилда аҳолини теримга жалб этишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари бу йил жуда авжида.

Ҳатто Ўзбекистон телевидениесида аҳолини пахта теримига чорловчи реклама роликлари ҳам мунтазам намойиш этилмоқда. Бу роликларда аҳолиси зич ҳудудлардаги яшовчилар “ихтиёрий равишда” Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига пахта теримига чорланяпти.

Реклама ролигида бу ҳудудларда ҳашарчиларга теримнинг биринчи босқичида ҳар бир килограмм пахта учун 950 сўм, иккинчи босқичида 1150 сўм, учинчи босқичида 1300 сўмдан ҳақ тўланиши айтилаётир.

Роликда кунига 70 кг дан пахта терганлар 40 кун давомида 2 миллион 600 минг сўмдан ортиқроқ даромад олиши ваъда қилинаётир.  

Шунча тарғибот-ташвиқотга қарамай, ҳокимият органлари барибир бюджет ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларини пахта теримига мажбурлаётганидан кўринадики, кўнгиллилар далаларга чиқишга шошилаётгани йўқ.

Жорий йилда мажбурий меҳнат кўлами ўтган йиллардагидан қанчалик фарқ қилади, буни яқинда билиб олиш мумкин бўлади.

Чунки пахта мавсуми бу йил анча кеч бошланди ва у эндигина энг қизғин палласига кириб бормоқда.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 октябр 2024
Тошкентдаги университетнинг 21 яшар студенти одам буйрагини 38 минг, жигарни 43 минг ҳамда суяк илигини 23 минг долларга олишини ...
14 октябр 2021
Дастлаб большевиклар Ёш бухороликлар, жадидларнинг коммунистик партияга қўшилган аъзоларидан иборат Бухоро Халқ Совет Республикасини туздилар.  Бу республика раҳбарларидан бири ...
17 апрел 2023
1970 йилнинг бошида «Битлз»ни тарк этганидан сўнг Пол Маккартни (McCartney) ўзининг илк яккахон альбомини чиқарди. Бу вақтга келиб «Битлз» ...
3 октябр 2023
Ҳусусий университетларга  Ўзбекистонда қанчалик зарурат бор? Улар янги коррупционерлар тайёрлаб берадиган масканлар эмасми? Мақсад ҳалқни маърифатли қилишми, ёки шунчаки ...
Блоглар
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...