Аудио-китоб
27 май 2022

Императив-52. Дин ҳақидаги саволларга жавоблар

(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 52-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган)

Мусулмонларнинг жорий фожиаси исломга қаттиқ берилганликда эмас, балки исломга берилдим, деб бидъатга берилганликдадир. Чунки ҳақиқий илм — исломдадир. Бу Ибн Синонинг илми, Ал Хоразмийнинг илми, Берунийнинг, Улуғбекнинг, Али Қушчи ва бошқаларнинг илмидир.
Улар – Ислом шариатини ўз ҳаётларининг дастури қилган инсонлар – бугунги дунёвий илмларнинг тамал тошларини қўйган буюк аждодларимиздир. Бугунги «Ислом олимлари» Исломни ўз ҳаётларида ҳаддан ташқари кўп тадбиқ этганларидан эмас, тўғри тадбиқ этмаганларидан чаламуллаларнинг танқидига учрамоқда. Ва уларнинг тилидан, билиб-билмай, чаламуллалар эмас, балки динимиз Ислом қораланмоқда.
Каминага савол бераётганлар фикрича, агар халқимиз намозни беш вақт эмас, озроқ ўқиб, ўрнига позитив «илмларни» ўрганганда эди, интеллектуал соҳада олдинга кетиб, фанда тараққий этар, фаровонликка эришиб… Москвада енгилроқ ишларда ишлаган бўлар, турмуш савияси юксакроқ бўлган бўларди, дея мушоҳада қиладилар ва ниҳоятида «динни ислоҳ қилмасдан туриб, тараққиётга эришиб бўлмайди», қабилидаги кенг тарқалган демагогия (сафсата)ни ёйишга ҳаракат қиладилар.
Аслида, ҳақиқат бу истиқоматнинг терс йўналишидадир:ислом дунёсидаги бугунги залолат ва шармандаликнинг асос сабаби — исломий илмсизликдир, дин билгисининг саёзлигидадир.
Яъни, мусулмонлар динни ўзларига кўра эмас, ўзларини динга кўра ислоҳ қилишлари керак. Чунки, ҳақиқий илм — исломдадир. Демак, динни ўзимизнинг ПАСТ савиямизга туширишга интилиш ўрнига, қалбларимиз ва ақлларимизни диннинг ЮКСАКликларига кўтариш учун ғайрат қилишимиз керак. Илмларимизни ҳам шу табиий иқлимда оширишимиз лозим. Миллий мафкурамиз хам шу тамалга қурилиши керак.
Буюк астроном Улуғбекни сиз айтгандай дин эмас, чаламуллалар ўлдирди. Сизнинг ватанпарварлигингизни «самимий» дегандим, аммо сизни ранжитмаслик учун унинг муҳим жиҳатини яширгандим, айтишга мажбур қилдингиз: сизнинг ватанпарварлигингиз саёздир. Саёзлик эса, доим агрессив бўлади. Худди Улуғбекни қатл этган чаламуллалар каби агрессив. Шу маънода, сиз ўша нафратланганингиз чаламуллаларга жуда яқинсиз: улар дин тарафидан чаламулла, сиз қарши тарафдан чаламулласиз. Яъни, айни танганинг терс юзисиз.
Китобимиз Қуръони Карим сиз айтгандай арабларнинг ҳадяси эмас, Оллоҳнинг юборган Китобидир. Унда ўтмиш ҳам, келажак ҳам ёзилгандир. Бу илмий исбот қилинган бир ҳақиқат. Ақлли инсонларга исботни такрорлашнинг ҳожати йўқ, жоҳилларга эса, фойдаси йўқ.
Сиз яна бошқа бир изоҳда халққа «кўзингни оч, бўйнингдаги дин занжирини уз!», дея хитоб қилибсиз. Аммо кўзни очиш билан муаммо ҳал қилинмайди. Кўз очиқ бўлиши мумкин, аммо кўриш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Миллионлаб, ҳатто миллиардлаб кўзи очиқ кўрлар яшаяпти дунёмизда. Фақат ўзларини яратган Зотни таниганларнинггина кўзлари (ҳақиқатни) кўриши мумкин. Қолганлари бебахтлардир — кўзи очиқ кўр, қулоғи бор сағирлардир.
Роббини таниган инсонлар учун эса, дин — махлуққа қулликнинг занжири эмас, Холиққа қулликнинг ҳурриятидир.
Хўш, нега бизнинг мусулмон ўлкаларимиз тараққий этмаяпти, нега қолоқ?
Атеистларнинг иддао қилганидай, шариатнинг қонун-қоидаларини бажаргани учун шу таназзулга тушдими уммат?
Нега мусулмон бўлмаган Оврўпо ва Америка фан ва техникада олдинга кетди? Нега уларнинг жамиятида моддий фаровонлик ва ижтимоий истиқрор ҳоким?
Бу саволларга ҳар ким тушунадиган шаклда, содда жавоб бериш мумкин: Таназзул уммат ислом шартларни бажаришни тарк этган асрдан бошланди.
Мусулмонлар беш вақт номоз ўқисам, закот берсам, ҳажга борсам, рўза тутсам, шунинг ўзи жаннатга киришим учун етарлидир, дея фикрлай бошлаганда таназзул инди устимизга.
Таназзулнинг сабаблари зоҳирда иқтисодий, сиёсий ва ёки ижтимоий бўлиб кўриниши мумкин, аммо бу юзадаги сабаблар замирида асос сабаб маънавийдир. Бунинг ҳам тарихи бор.
Муавия ва унинг ўғли Язиддан бошлаб бошлаб, ислом фақат ибодатдан иборат бир дин ҳолига келтирила бошланди.Мусулмонликни калимаи шаҳодат, номоз, ҳаж, рўза, закот билан чегараладилар. Ҳолбуки, Қур’он Карим ва Хадиси шарифга кўра мусулмонликнинг худди юқоридаги беш шарт каби муҳим бўлган адолат,омонат, аҳлият, маслаҳат, тўғри сўзлилик, ваъдага вафо каби шартлари ҳам бор эди. Ҳукмдорлар бу шартларни умматга унуттирди, чунки улар бу шартларни адо этишга қодир эмасдилар.
Ва мусулмонлар адолатни унутдилар, сўзларкан, ёлғон сўйламоқдалар, ваъда берса, ваъдасини тутишмаяпти, омонатга хиёнат этишмоқда ишни аҳлига бермай, қариндош уруғига бермоқда, халқ билан маслаҳат қилмаяпти.
Яъни таназзул динимиз тақозо этган бу амрларга итоат қилмай қўйган заҳот инди.
Бундан ташқари, Пайғамбаримиз (с.а.в.) бизга илмни Чиндан бўлса ҳам изла, бир ишни бажараркан, уни худди абадий яшайдигандай ижро эт, астойдил меҳнат қил, эртага қиёмат бошланса-да қўлингдаги кўчатни эк, деб насиҳат қилди, аммо мусулмонлар бу насиҳатни тутмади, ялқовлик қилиб, илм излашдан тўхтади, илмлилардан қўрқди, уларни Улуғбекни ўлдирган каби ўлдирди, қиёматни эшитиб қўлидаги кўчатни ташлади, яъни, умидсизликка тушди.
Бунинг мукофоти Буюк Таназзул бўлди. Оврўпаликлар тескарисини ушлади: ёлғон сўй-
ламади, ваъда берса, ваъдасини тутди, омонатга хиёнат қилмади. Ишини пухта ва холис бажарди. Ўзлари ислом бўлмасалар-да — Тавҳид истисно
— ислом дини чизган чорчўп ичида ҳаракат этдилар: астойдил меҳнат қилдилар, илмли инсонларнинг бошини силадилар, ёрдам бердилар, юксалтдилар, бир дарахт ўтказиш имкони бўлса, дарҳол ўтқаздилар ва ҳакозо ва натижада ўлкалари тараққий эта бошлади.
Ўтган асрда тасавуфф аҳлидан бир олим бу хусусда: «Оврўпoликларнинг қилган иши бизнинг динимиз каби мустаҳкам, бизнинг қилган ишимиз уларнинг дини каби бузуқ», деганди.
Ҳа, овруполик ўз ишини сифатли килгани учун Оллоҳ уни бу дунёнинг неъматлари билан сийлади ва сийлаяпти.
Яъни, Ислом Дини бутун дунёга келган бир диндир, фақат мусулмон бўлган нуфузга келгани йўқ. Китобимиз дейдики, шу-шу ишларни шу-шу шаклда ижро этсанг, бунинг шундай мукофоти бор, ижро этмасанг, шундай жазоси бор — ихтиёр сенда, дейди. Мужда шунчалар очиқ!
Албатта, бу ерда ислом дини омилининг тараққиёт вa моддий фаровонликдаги роли ҳақда гапирилар экан, бунга Оврўпо жамиятининг зоҳирда кўринган мураффаҳ турмуши ўрнак кўрсатилди. Аммо Оврупо маданиятининг маънавий жиҳатидан буюк бир чўкиш жараёнини яшаётгани ҳақда гапирилмади. Ҳолбуки, фақат моддий фаравонлик ва техник тараққиётнинг ўзигина инсон зотини бахтиёр қилиш учун етарли эмаслигини яна ўша Ғарб жамиятидаги руҳий тушкунлик шафқатсиз бир шаклда намоён этди.
Бу фожиа юқорида ишора қилганимиз Тавҳиддан жудо бўлган бир жамиятнинг фожиасидир.

(Давоми бор)

Муҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
15 май 2018
Мирзиёевга «Ўзбекистон қаҳрамони» унвони бериш ҳақида ижтимоий порталга қўйилган Иброҳим Норовнинг таклифини 14 май куни бирданига бир неча ўзбек ...
28 март 2017
20 март куни эълон қилинган энг бахтли мамлакатлар рейтингида Ўзбекистонликлар барча собиқ Совет давлатларини ортда қолдирди. Gallup тадқиқот маркази ...
31 декабр 2020
Кечган йилда Мирзиëев номидан Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Россияга ëрдам юборилди. Газ ва электр энергияси етказиб берилди. Eltuz.com
12 ноябр 2018
Тошкентда 11 ноябрь куни Рауф Парфига бағишланган тағин қаршиликка учраган тадбирга келган бир гуруҳ зиёлилар даврасида ўзбек мухолифати лидери, ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...