Кўзқараш
17 июн 2022

Шаҳноза Соатова: Аёл фақат итоаткор бўлиши керакми?

Биз нима учун ўзбек жамиятида «аёллар ҳуқуқи» деб гапирамиз ва бу кўпчиликка ёқмайди?
Бунинг сабабларини билиш учун қиз бола бўлиб туғилиш керак.
Шаҳарга ўқишга, ё олимпиада-семинарларга хорижга кетиш учун кечалари ухламай «ишқилиб рухсат беришсин» деб Оллоҳдан илтижо қилиб чиқиш керак.
Келин бўлиб кўриш керак. Қўлингга битта узукни маҳр деб тутқизиб, ота-онанг емай-ичмай, қизим тинч бўлсин, деб 5-10 минг долларга қилган сепидан айб топишларига чидашинг керак.
Эрингдан бунга қарши бир оғиз эътироз кутма, ўша пайтда у кар-кўр бўлиб олади.
Туғруқхонада тўлғоқдан суткалаб азоблансанг-да, врачлар «кесарча кесайлик» деганига қайнонанг ва эринг рухсат бермаса, ўз танангга ўзинг эга чиқолмай, минг азобда охири кўзинг ёриганда боши қаттиқ лат еган ногирон фарзандни қўлингга тутқизишса, «касалманд бола туғдинг» деб таъналарга кўмишса, овоз чиқармай кўзёшларингга кўмилишинг керак.
Эринг билан бирга нонушта қилганинг учун қайнонанг додингни берганида, кечқурун ишдан қайтгач унга табассум қилишга ҳам қўрқиш нималигини туйишинг керак.
«Нуқул хўмрайиб кутиб олади» деб устингга хотин олганида эса, кўнишинг керак.
Кўниб ҳам бирон марта эрингга «икки хотин аро адолат қил» демаслигинг лозимки, ё мушт тагида қоласан, ё жавобингни оласан.
Мабодо ишлашга рухсат беришса, иш кунинг соат 6 да тугаса-да, соат 6 яримда кечки овқатинг пишмаса, тамом. Лекин ойлигингни тийинигача олиб қўйишлари мумкин.
Ишхонангда эса сени «бу аёл, туғади, боласи касал бўлади» деб лавозимларга лойиқ кўрмасликлари мумкин.
Шундай яшаб, чидаб, охири яхши қайнона бўлолмасанг, фақат ўзинг айбдорсан.
Бунга чидамай, ажрашсанг ҳам сен айбдорсан.
Умуман, сен ҳар доим айбдорсан.
Буни гапирсанг, айбдорсан.
Жим турсанг, айбдорсан.
Кетсанг, айбдорсан.
Қолсанг, айбдорсан.
Эркаклар, ҳамма масъулият менда, сен уйда ўтир, итоаткор бўл деган эркаклар бу ҳолатни ўзгартирмасалар, ислоҳни ўзларидан бошламасалар, Исломдан ҳам, анъаналардан ҳам фақат ўзларига ёқадиган томонларини олиб, омухта ва қулай бир тутумларни яратиб олган бўлсалар, бу тутумлар оналари, опа-сингиллари, қизларига ҳам зарар етказишини билиб ҳам, вазиятни ўзгартирмасалар, чидайсан!
Тушунмайдиларки, ҳар қандай исёнлар зулм ортидан келиб чиқади. Исёндан кейин ҳаммаси баттарроқ бўлиши мумкин, аммо исён қилувчилар аҳволни яхшилаш учун эмас, ҳолатга чидай олмаганларидан дод демоқдалар…
«Гендер тенглик» деса сакраб тушаётган, аёллар ҳуқуқлари ҳақида гапирганларга турли ёрлиқлар илаётганлар, Сизлар оқибат билан курашяпсизлар.
Сабабларни ҳам кўринг, адолат қилинг!

Шаҳноза Соатова

Тағин ўқинг
30 ноябр 2020
Президент Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт тизимини тубдан қайта қуришга қаратилган топшириғи ортидан ҳали касбини тўлиқ эгаллаб улгурмаган талабалар гўёки амалиёт ...
22 март 2019
Математикага оид “Рисолаи Улуғбек” ва астрономия илмида воқеа бўлган “Зижи жадиди Кўрагоний” асарларини ëзган олим ва давлат арбоби Муҳаммад ...
11 сентябр 2018
Рассом КирпиEltuz.com
21 август 2019
“Бу мактубни сизга ëзаëтган пайтимда хоразмлик адабиëт ихлосмандлари вилоят ИИБ биноси олдида норозилик пикети ўтказиб турибди. Уларнинг талаби ўта ...
Блоглар
10 август 2022
Таниқли сиёсат арбоби ва шоир Мухаммад Солих билан май ойида ўтказилган бу суҳбат бевосита Элтуз ...
20 июл 2022
Ўзбек халқи кимга, қайси режимга қарам бўлиб келган эдики, энди у ўзини озод, эркин миллат ...
20 июн 2022
1990 йил 20 июнда Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан Мустақиллик декларацияси қабул қилинган эди. Мамлакат ...