Асосий мавзулар
21 октябр 2023

Элтуз Бош муҳаррири нега Туркияга киритилмади?

Қадрли мухлислар, бугунги мавзуимиз мен учун айтиш ноқулай, аммо эҳтимол кўпчилик учун қизиқ бўлган Туркияга киритилмаслигим мавзуйига бағишланади.

Шу ўринда тингловчида савол туғилади. Ўзи нима бўлган эди? Мен Истанбулга онам билан учрашиш учун борган эдим. Лекин 19 октябр куни мени турк чегарачилари Истанбулнинг Сабиҳа Гўкчан аэропортида ушлаб, бир муддат қамаб ҳам қўйишди.

Эртасига Стокгольмга қайтарилдим. 

Бугун 21 октябр онам Шукуржон Мадраҳимованинг туғилгани куни, у 80 ёшини Истанбулда укам ва синглим билан биргаликда нишонламоқда. Мен эса Сабиҳа Гўкчан аэропортида салкам 12 соатлик тутқунликдан сўнг, кеча 20 октябр куни тушдан кейин Швецияга қайтиб келдим.

Мен ва онам учун юқорида айтганимдек, бу жуда ачинарли ҳол эди. Менга турк махсус хизмати ходимлари “қўштирноқ ичида” катта мулозамат кўрсатиб, Истанбулнинг Сабиҳа Гўкчан аэропортидан машинада учоққача ва то Стокгольмдаги Арланда аэропортигача олиб келиб қўйишгани, ҳужжатларимни швед полициясига тутқазишгани ва менга қўйилган тақиқ сабаблари  алоҳида масала. Ҳар ҳолда тахминимга кўра, бу тақиқнинг илдизи Ўзбекистонга ва менинг касб фаолиятимга боғланмоқда. 

Юқорида айтганимдек, менга учоқда ҳамроҳлик қилган турк махсус хизмати ходими мени швед полициясига топширди. Қизиғи полициячи аёлнинг муносабати бўлди. У тутқазилган ҳужжатга бир зум кўз югуртириб, қўлимга паспортимни бериб, “Қадрдон уйингга хуш келибсан, Қудрат Бобожонов. Бу ерда сенга ҳеч бир муаммо йўқ,” деди.

Унинг тағин ҳужжатга изоҳ беришича, қоғозда кўрсатилган 15 тача банднинг фақат битта катагига, яъни «Гириш ясағи», Entry ban, яъни мамлакатга «киришга тақиқ» бандига белги қўйилган.

Қолган бандлар, жумладан, йўлчининг етарли пули йўқлиги, кириш визаси йўқлиги, иқомат ҳужжати сохта экани, сохта паспорт, ўғирланган ҳужжат, мамлакатда қолиш муддатининг ўтказиб юборилиши, паспорт муддати ўтгани, безорилик қилгани, Туркияда яшашни истамаслиги ва бошқа сабаблар дея аталган катаклар очиқ қолдирилган.

Эслатиб ўтишим керак, швед ватандоши паспорти билан Туркияга визасиз кириш ҳуқуқи бор. Қолган 200 дан зиёд мамлакатларга ҳам мен ўз паспортим билан визасиз киришим мумкин. Менга берилган ҳужжатда бирор бошқа қоидани бузганим қайд этилмаган.

Арланда аэропортидаги Швед полицияси ходими очиқчасига менинг Туркияга киришимга тақиқ ва Истанбул аэропортидан депорт қилинишимга сабаб фақат бирор сиёсий мотивация бўлиши мумкинлигига ишора қилди ва мен ўз муаммоимни фақат Швециядаги Туркия консуллиги орқали ҳал қилишим мумкинлигини айтди.

Хўш бунгача қандай саргузаштлар юз берган эди? Демак, мен юқорида айтганимдек, онамни кўриш учун Истанбулга йўл олдим ва 19 октябр куни кечқурун соат 21:18 да Сабиҳа Гўкчан аэропортининг паспорт назорати бўлимида ҳозир бўлдим. Паспортимни сканердан ўтказган чегара ходими тезгина бир нечта жойларга телефонидан қўнғироқ қила бошлади ва менинг Туркияга киришимга тақиқ қўйилганини айтди.

Кейин мени бошқа бир хонага олиб боришди. У ерда ҳам менга ортиқча савол беришмади, менинг саволимга эса очиқдан-очиқ депорт қилинишимни билдиришди.

Улар паспортимни сканердан ўтказишганида менинг қисматим аллақачон ҳал бўлганини тушундим. Ходимнинг тағин норасмий қўшимча қилишича, бу тақиқ белгиси 2022 йилда пайдо бўлган экан. Лекин бу ҳолат ва бунинг сабаби менга улар берган ҳужжатда акс этмаган. Эътибор жоиз шу йили мен Туркияда бўлмаганман. Ундан аввалги йиллар борганман. Айнан тақиқнинг 2022 йилда в анима сабабдан пайдо бўлганига ҳам турк зобити изоҳ билдирмади. Билмайман сабабини, деди ва ўзининг каллаи саҳардан бошлаб кечгача одамларни депорт қилиш билангина шуғулланувчи кичкина бир мулозим эканини менга англатди.  

Турк мулозими расмиятчиликдан ташқари тағин мендан негадир, ўзбекмисан деб сўради, гарчи паспортимда ўзбек ёки Ўзбекистондан деган графа йўқ эди ва мен улар билан туркча аралаш Хоразм лаҳжасида гаплашардим.

–  Нега буни сўраяпсан, паспортимда ёзилмаганми? – деб сўрадим.

–  Тилинг ўзбекчага унча ўхшамас экан, озарбайжончага ўхшаб кетаркан, шунга сўрадим, деди.

–  Умуман ҳужжатимга кўра, мени швед деб билишинг керак эди, дедим ошиқча зийраклик қилаётган турк чегара посбонига.

Бу орада қаттиқ асабийлашдим. Чунки 80 яшар касалманд онамни кутиб олишим керак эди. Бундан ташқари қўйилган тақиқ мен учун ёқимсиз сюрприз эди. Мен бундан олдин ҳам Туркияга бир неча бор бориб келиб юрганман ва ҳеч қачон мамлакат қонунларини бузмаган эдим.

Чегара ходими қўйилган тақиқ сабабини айтмади ва қарор жуда қатъий, бу юқоридан бўлганини билдирди ва ҳеч нарса қила олмаслигини айтди.

Юқори кимлигига аниқлик киритишини сўрадим. Ҳорижда яшаётган ўзбек журналистларига қўйилаётган тақиқ Эрдўғоннинг янги сиёсатими, нима ёмонлик қилган эдик Туркия учун, дедим. Бу сиёсатни қораладим. Хорижий журналистларни киритмаслик мамлакат учун энг ёмон оқибатларни келтиришига ишора қилдим.

Шунда сабри чидамаган турк зобити «Нега сен буни Туркия сиёсатига боғлаяпсан, балки сабаб Ўзбекистондандир?» деди.

Мен ундан «сен бунинг Ўзбекистондан бўлаётганини қаердан биласан? Менинг паспортимда миллати швед ва мен швед ватандоши эканим кўрсатилган» дедим.

У тағин бу унинг бир тахмини эканини айтди. Мен мамлакат осмондан олинган тахминлар билан эмас, қонунлар билан қуролланиши кераклигини писанда қилдим. Деворда осиғлиқ Отатурк портретига қўлимни ниқтаб, Эрдўғоннинг бугунги сиёсати, Отатуркнинг юз йил аввал бошлаган сиёсатига қанчалик зид экани ҳақида гапирдим. Ғазабланиб яна нималардир дедим, ҳозир эсласам, бу гапларим менга берилган ҳужжатнинг камида “безорилик қилгани”, “ёки Туркияга кириши исталмаган шахс” каби бир қанча катакларига белги қўйиб ташлашга етарли эди.

Лекин бундай бўлмади. Менинг хонада у ёқдан бу ёққа шахдам юриб, қўлларимни пахса қилиб, овозимни баланд кўтариб, ярим соатча эрод қилган ғазабли ваъзимни мароқ билан тинглаган икки нафар турк мулозими ўринларидан туриб жилмайиб қарсак чалиб юборишди.

Эшик ёнида турган икки ҳарбий ҳам сергакланиб яқинлашди. Лекин бошлиқлари юзидаги табассумни кўриб узоқлашишди. Отатурк ҳақидаги гапларим балки уларга ёққандир.

“Ана энди мени қамаб ташласаларинг ҳам бўлади” дея тугатдим гапимни. Бироқ улар менга илтифот кўрсатишга ҳаракат қилишди. Қаҳвами бирор егуликми исташимни сўрашди. Мен фақат сув беришларини сўрадим.

«Журналист қўлдан овқатланмайди, уни оёғи боқади» дедим, сал юмшаб.

Шундан кейин мени қамаш процедураси бошланди. Қимматли жиҳозларимни алоҳида хонада қолдиришим кераклигини айтишди. Мен ўзим билан фақат телефонимни олдим.

Мени киритишган хонада етти саккизта ётадиган йиғма каравотлар қўйилган ва у ерда турли мамлакатлардан келган ва депортини кутаётган мигрантлар ётарди.

Кейинчалик билишимча айни хонада канадалик журналист ҳамкасбларим Улуғбек Ашур ва Фаҳриддин Тожимуродлар, яна ўзбек фаолларидан кимлардир бўлишган экан.  

Менга кўрсатилган жойда ухлай олмадим. Ташқарига очиладиган эшикни қулфлаб қўйишди. Тун бўйи ташқи дунё билан, ҳамкасбларим, журналист акам Шуҳрат ва укам Ҳурмат билан боғланишга ҳаракат қилдим. Бироқ телефон ва интернет алоқаси у ерда жуда ёмон ва видео жўнатиш имкони йўқ эди.

Орада менга алоҳида пицца, қовурилган картошка, кола ва қаҳвадан иборат нонушта келтиришди. Орада чегара ходими янги депорт қилинган ходимларни келтиришар, айримларини учоққа кузатиб қўйгани олиб чиқиб кетишарди. Бир неча андижонлик ўзбек йигитларини ҳам олиб киришди, кейин дастлабки рейс билан Ўзбекистонга жўнатишди. Улар ҳаддан ташқари камгап ва ортиқча саволларимга жавоб беришни исташмади.

Кейин яна бир мисрлик йигитни олиб келишди, у менга Теҳронга депорт қилишаётгани, у ерда уни жуда ёмон қисмат, эҳтимол муқаррар ўлим кутишини тушунтирмоқчи бўлди.

Орада менга аталган каравотдаги сочиқ ва чойшабнинг ғойиб бўлганини билиб қолдим. Ҳар ҳолда ёстиқсиз ва чойшабсиз кароватга чўзилишга тўғри келди. Лекин барибир ухлай олмадим.

Эрталаб тағин нонушта олиб келишди ва сал ўтиб менинг юкларимни қайтариб беришди. Лекин паспортим ва депорт ҳақидаги тегишли ҳужжатни Стокгольмга қайтганимда олишим мумкинлигини билдиришди.

Шу тариқа мен Швецияга қайтиб келдим. Швециянинг ғуборли ва совуқ ҳавоси менга, Туркиянинг иссиқ ва мусаффо осмонидан кўра ёқимли туюлди. Менга пешвоз чиққан швед полициячи қизни беихтиёр бағримга босдим.

Қудрат Бобожон

Элтуз Бош муҳарири

Тағин ўқинг
8 феврал 2021
Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги Боғишамол қишлоғига ҳали-ҳамон XXI аср шабадаси етиб борганича йўқ. Электр энергияси, газ бир ёниб, бир ...
18 ноябр 2020
Эрталаб мош сотдим. Кўп эмас, беш юз кило. Мошимни сотиб олган тадбиркор йигит: «Мошнинг пулини бугун кечга ўзим уйингизга ...
31 январ 2018
31 январь куни МХХ раиси Рустам Расулович Иноятов ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг МХХ ва прокуратура ходимлари иштирокида ...
8 август 2016
Рассом Кирпи ҳар йили бўладиган айни ҳолат, абитуриаентларнинг бункер, паравоз ва шпаргалка каби воситаларидан фойдаланинишини ҳажв қилади. Бу йил ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...