Видео
23 ноябр 2023

Рассом Туз: Қарға қарғанинг кўзини чўқимайдиган Ўзбекистон

Янги Ўзбекистонда жамият иккига бўлинган: Бир бири устидан ëзадиганлар ва пул бериб, бировнинг устидан ëздирадиганларга.

Истисно ўлароқ, бировнинг устидан ëзадиганлар қамров катта бўлсин дея «блогер ëллаб» ўз ëзмишини тармоққа чиқаришни ҳам истайди. Аммо унинг «муроди ҳосил бўлмаса» найзаси ўтмас блогернинг устидан ҳам ëзишни бошлайди. 

Эринмай прокурордан тортиб, президент девонигача ëзади. Биттаси ҳатто БМТ бош котибига ҳам ариза ëзди. 

Совет давридаги телеминатюраларда бу «ëзувчилар» ҳажв қилинарди. Ғурбатилло ва Ғийбатилло деган персонажларни катта ëшдагилар эслайди.

Ўша минатюралардан биридаги «ëзувчи» ўнг қўлининг устидан ҳам ëзганини айтса. Ëнидаги «яна менинг устимдан ҳам ëзиб юрма» дейди. Ғурбатилло бўлса, «қарға қарғанинг кўзини чўқимайди» дея мақол айтади. Бунга жавобан Ғийбатилло «Энди билиб бўладими? Қарға қарғада» дейди. Шунда Ғурбатилло четга ўгирилиб «аллақачон сенинг устингдан ҳам ëзиб қўйганман» деб томошабинга шивирлайди. 

Ҳозир замон ўзгарди. Чап қўлда анонимка ëзиш урфдан қолди. Маҳала гузаридаги тўйларни видео қиладиган бачага айтсангиз, президентнинг адолат ҳақида айтган гапини орасига қўшиб, дийдиëйингизни монтаж видео қилиб беради. Кейин бу видеони аудиторияси кўп блогерга пул бериб айлантираверасиз.

Аснода сизнинг истагингиз бажо бўлиши мумкин. Ҳатто бу истак қонунга зид бўлса ҳам.

Айни пайтда Ўзбекистондаги барча нашр ва блогерлар «бомбила» таксичилар каби тез ишлаб замонавий ғурбатиллоларнинг доносларини пул эвазига шақиллатиб чиқариб ëтишибди. Машиндаги счётчик пулни санаб улгура олмаяпти.

Эгри қозиққа эгри тўқмоқ дегани бу.

Мисол келтирсам. Қаршидаги «фуқаро» effect.uz каналида видео чиқармоқчи бўлди. Эффект узга бир миллион сўм ўтказиб ҳам берди. Effect.uz бу видеони ўзининг телеграм каналида ëйинлади. 

Аммо шикоятчи «фуқаро» бундан қониқмай, нега Ютуб каналида ҳам қўймадингиз деб effect.uz устидан шикоят ëзишни бошлаб юборди. Яқинда Ҳаага судига ҳам ëзаркан. 

Effect.uz ТГ каналида ëйинлаган видеошикоятни кўриб чиқдим.

Шикоятнинг ярмидан кўпи преиздент Мирзиëега мақтов диферамбалари билан тўлган. Сайловда «фақат сизга овоз» бердим деган писанда ҳам бор. Кейинги қисмида эса президент админстрацияси «нажот қўрғони» деб мақталади. 

(Қашқадарëдан чиққан шоир бир пайтлар Рашидов ишлайдиган ЦЕКА биносини «Нажот қалъаси» дея мақтаб китоб чиқарувди. Қашқадарëча лаганбардорлик ритуали бўлса керак бу.) 

Шикоятнинг мақтовдан ортган қисмида Қаршидаги олийгоҳ ректори юрфак студентларига инглиз тилидан имтиҳон қўйганидан зорланади. Чунки «ховарюдан неворю»ни фарқини билмайдиган иккичи студентлар имтиҳондан онтарилиб тўлаган контракти ҳавога учаëтган «эмиш». 

Дунëдаги олий таълим стандартига кўра диплом оладиган киши инглиз тилини билиши керак. 

Агар Қаршида шу пайтгача бу қўлланилмаган бўлса, минус. Буни шикоят деб ëзиб, шунча видеони увол қилишнинг ўзи кераксиз юмуш.

effect.uz миллион сўм олгани учун бу дийдиëни ТГ каналига қўйди. 

Аммо эндиликда дийдиëчининг кесакбўронига нишон бўлди.

Ҳар бир ҳашаротнинг кушандаси яна бир ҳашарот. Пул олиб дийдиë нашр қилишнинг бадали бу. 

Effect.uz раҳбари Акмал Эшонхонов Элтуз билан суҳбатда, «нашрни юритиб туриш учун шу йўлни танлаганини» айтди.

Германиянинг Мюнхен шаҳрида яшайдиган эксперт фикрича, «блогерларнинг пул эвазига дийдиë нашр қилиши жиноят эмас.

Аммо бу ерда журналистик этика бузилиши бор».

Экспертга кўра, «блогерга пул бериб проблема ечиш» услуби Хитойда ҳам бор экан. 

Бутун дунëда журналист редакциядан ойлик ëки гонорар олиб ишлайди. Газета, журнал ëки телерадиоканал эса рекламадан пул топиб ëки грант асосида мухбирларни ва ўз фаолиятини таъминлайди. 

Бутун дунëда блогерлар фолловерларининг сонига кўра тармоқдан пул олади ëки шунчаки хобби ўлароқ текин ишлайди. Титаник чўкаëтганини кўрган мухбир кема капитанига қараб, «сени чўкканингни ëритишим учун пул бер» демайди. 

Узун киришдан сўнг Ўзбекистондаги матбуот реаллигига ўтсак. 

Ўзбекистондаги барча нашрлар мухбирлари ва бемаза қовун уруғидай кўпайган блогерлар ўзлари ëзмоқчи бўлган воқеа қаҳрамонларидан пул олади. 

“Пул берсанг, проблемангни чиғориб бераман,” дейди.

Саводсиз бир жинни видеони ëқиб пул олган одами ҳақида алжираб ўтиради.

Одамларам матбуот шунақа бўлар экан деб кўиникиб кетишган.

Бирор тадбирга чақирилса baqlajon.uz ҳам «договор юборади» пулини тўлаб қўйинг деб.

Илгари одамлар ресторандаги машшоққа пул бериб ашулла айтиришарди. Ҳозир «журналистга» пул бериб мақола ëздиришади.

Бўйнидан боғланган ит овга ярамайди. У эгаси берган суяк ва кулба эвазига вовуллайди.

Бутун бошқа соҳалар каби журналистикани ҳам ўлдириб кўмиб қўйишди Ўзбекистонда.

Бир сурув тиланчи эса журналист ниқобини кийиб пул эвазига «биннасалар» ëзиб ëтибди.

Туядан сўрашибди нега бўйнинг эгри деб. Туя «қаерим тўғри?» деб жавоб берибди.

Бу рассом Туз блоги эди. Сизлардан яна бир бор каналларимизга обуна бўлишни сўраган бўлар эдим. Ютуб каналидаги обуначиларимиз сони айни дамларда 509 минг нафарга етди. Элтузнинг яқинда очилган Инстаграмдаги саҳифаси обуначилари сони эса 10 мингдан ошди. Эслатиб ўтамиз бизнинг каналларимиз фейсбукда, телеграмда ва тик токда ҳам бор. 

Тағин ўқинг
27 август 2021
Бир кунда мустақил бўлган мамлакат бир секундда олдинги ҳолатига қайтиши мумкин. Буни пуштун миллатчиларидан иборат террорчи тўда – «Толибон» ...
11 ноябр 2020
Президент администрацияси мулозими Обид Ҳакимовнинг матбуотга берган интервьюсидаги “Кунига 5600 сўм ишлаб топган одам камбағал эмас”, деган гапи ижтимоий ...
28 декабр 2020
2020 йилда Евроосиё иқтисодий иттифоқининг онлайн саммитида Ўзбекистон ва Кубага ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақоми берилди. Президент Шавкат Мирзиёев ...
11 апрел 2023
«From Me to You» (Мендан сенга) — Леннон ва Маккартни дуэти ижро қилган зариф бир қўшиқдир. Айтилишича, бу қўшиқ ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...