Кундалик
15 декабр 2015

МХХ мактуби – қатағон ҳукми каби

Улуғбек Ашур
Eltuz.com

14 декабр куни Жиззах шаҳрининг Бобур махалласида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида ўқиб берилган МХХ мактуби мазмунидан Арамаиснинг рафиқаси Ширин Турсинова шок холатига тушди.

Мактубда, “жиходчи”, “экстремист”, деб аталган, шу йилнинг сентябр ойидан буён хибсда сақланаётган Арамаис Авакян ва унинг 4 нафар ўртоғи, Ўзбекистондаги Конституциявий тузумни ағдариб ташламоқчи бўлгани, бундан ташқари бир милиция ходимини ўлдириб, мурдани балиқ ховузига ташлаб юборгани баён этилган эди. Бундан илгариги мақолаларимизда Жиззахдаги ушбу машъум воқеалар ва уйдирилган жиноятнинг бошланиши хақида хабар берган эдик.

r.ahsomj6d1k3
Арамаиснинг рафиқаси Ширин Турсинова

Арамаиснинг рафиқаси Ширин Турсинова, мактубда ёзилган жиноятларни эри қилмагани, мактуб қуруқ тухмат ва бўхтондан иборат эканини баланд овозда билдирмоқчи бўлди, бироқ махалла оқсоқоллари уни гапиришга ҳам қўйишмади.

МХХ идорасидан келган мактуб сўнгида, бундан буён махалладаги ёшларнинг Арамаис ва унинг шериклари каби жиноят йўлини тутмасликлари учун, кенг миқёсда тушунтириш ишлари олиб бориш кераклиги айтилади.

Бу ҳақда маълумот бера олмаймиз!

Ушбу сатрларни ёзаётган журналист йиғилиш бўлиб ўтган Бобур махалла кенгаши идорасига бир неча маротаба телефон қилди. Лекин, гўшакни кўтарган ходима, ўтган йиғилиш хақида маълумот бера олмаслиги билдирди.

Махалладаги биз таниган фуқаролар билан боғланганимизда эса улар, бўлиб ўтган йиғилиш 35 йиллардаги Сталин қатағони йилларидаги анъаналар бўйича ўтганини тааъсуф билан гапиришди.

“Хамма жим ўтирди. МХХдан келган мактуб эса худди суд ҳукми каби ўқиб берилди. Одамни этини жунжуктирадиган жиноятлар бирма бир санаб ўтилди ва Фурқат, Акмал, Арамаис, Темур ва Дилшод деган болалар ана шу жиноятларни ижрочиси деб айтишди” дейди маҳалла фаолларидан бири.

r.ahsomj6d1k2
Арамаис фарзанди билан

Улар маҳалланинг оддий камбағал болалари эдилар

“Акмал ва Темурни танимайман, лекин Дилшод, Фурқат ва Арамаисни яхши биламан. Улар бир амаллаб рўзғор тебратиб юрган камбағал болалар. Бировга улардан зиён етган эмас. Улар Арамаиснинг балиқ ҳовузида бирга ишлашарди. Ҳовузлариям қолиб кетди. Хали суди бўлмаган йигитларни бу ёқда аллақачон жиноятчига чикариб, маҳаллаларда овоза қилишяпти” дейди афсус билан Бобур маҳалласи фуқароларидан бири.

35 ёшли Арамаис Авакян ва унинг 4 нафар шерикларининг 4 сентябр куни куппа кундузи катта кўчадан ниқобли кимсалар томонидан ўғирлаб кетилиши Жиззах вилоятида катта шов шувга уйғотганди.

Кейинчалик эса, бу йигитларнинг республика МХХ ходимлари томонидан Тошкентга келтирилгани ва у ерда ноинсоний қийноқларга тутилгани маълум бўлганди. Маълум муддат ўтгач, хибсдагилар Жиззах вилоятига келтирилган ва МХХ хамда Ички ишлар бошқармасининг анча қаршиликлардан сўнг адвокат Лайло Абдуллаева улар билан учрашган эди.

Йигитларнинг яқинлари билан сухбатда, адвокат уларнинг қамоқдаги ахволини “ўта ачинарли ва дахшатли” деб атаган эди. Қамоққа олинган йигитлар мамлакат жиноят кодексининг 159 (Конституцион тузумга тажовуз) ва 244 (Оммавий тартибсизликлар) каби оғир моддалари билан айбланишаяпти.

Бироқ, бу айбловлар хали судда тасдиғини топмасдан туриб 5 нафар йигитга вилоят МХХ ва Ички ишлар бошқармаси, аллақачон жиноятчи тамғасини ёпиштирди ва бу хақда вилоятдаги махаллаларига мактублар жўнатди.
Хозирда ушбу мактуб асосида Жиззахдаги махаллаларда шошилинч йиғинлар ўтказиляпти, ва айби исботланмаган йигитлар жамоатчиликка ашаддий жиноятчилар сифатида тақдим этиляпти.

Судсиз ҳукм

Ўзбекистонда бугун қонунларни оддий фуқаролар эмас, амалдорлар оёқ ости қилишаяпти. Бундай бўлмаганида эди, Жиззах вилоят МХХ Республика Конституциясининг 26-моддасини ўта қўпол равишда бузмаган, ва хали иши судда кўрилмаган фуқароларни жиноятчи деб атамаган бўлар эди.

Ўзбекистон Бош қомусининг 26 моддасида эса шундай дейилган: “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди”.

Арамаиснинг рафиқаси Ширин махаллада бўлиб ўтган йиғилишдан, 10 ойлик гўдагини бағрига босиб зор қақшаб йиғлаб қайтар экан, махалладошларининг биронтаси хам унга тасалли бера олмаганини афсусланиб гапиради.

“Одамларга нима бўляпти? Қонунлар қаёққа кетди? Нахотки китобларда ўқиганимиз – Сталин даври қатағонлари қайтиб келган бўлса?” дейди Ширин.

Тағин ўқинг
17 май 2021
(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” аудиокитобининг 28-қисми. Матнни муаллифнинг ўзи ўқиган. Аудиокитобнинг боши ва олдинги қисмлари “Элтуз”нинг “Императив” ...
3 декабр 2018
Ўзбекистонда интернет тезлиги 1 декабрдан бошлаб ўн баробар ошилиши ҳақида ваъда берилган эди. 30 ноябрь куни «Ўзбектелеком» АК халқаро ...
3 сентябр 2019
Самарқандда 27 август куни ўтган “Шарқ тароналари” фестивали арафасида дайди итлар ва мушукларнинг оммавий ўлдирилиши жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди.  ...
19 ноябр 2021
Токи ташқарида қор ёғар экан, Қийин ўзга сўзни ёзмоқ. Қорга қараб туриб шунчаки, Мумкин эмас ақлдан озмоқ. Токи айланаркан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...