Асосий мавзулар
17 май 2021

Императив-28. Қиличлар уйқуга кетса

(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” аудиокитобининг 28-қисми. Матнни муаллифнинг ўзи ўқиган. Аудиокитобнинг боши ва олдинги қисмлари “Элтуз”нинг “Императив” рукнида. Давоми бор.)

1924 йил большевиклар бу миллий бошқарувларни тугатиб, Туркистонни СССР деб аталмиш давлат ҳокимияти остига олди.

Оқибатда Туркистон мустамлаканинг иккинчи – 70 йиллик совет босқичига кирди.

Бу давр ичида беш бўлакка бўлиб ташланган Туркистонни исмлари ерли, зеҳнияти рус бўлган шахслар бошқарди. Бу типлардан миллионлаб манқурт тарбияланиб, давлат идораларида руслар етишмаган бўшлиқларга қўйилди. Бу манқурт тўда ўз халқини руслардан ҳам золимроқ шаклда эза бошлади.

Бир манқурт зеҳнияти соҳибининг портрети:

ДУМ МОНОЛОГИ

Мен ўзимга ўзим хон, ўзимга ўзим думман.

Мен ҳеч кимнинг ортидан эргашмайман.

Ҳеч кимнинг олдида ликилламайман.

Ҳеч қачон ғалвир боғламайман ўзимга…

Мени тугмоқчи бўлганлар эса, айтиб қўяй, овора бўлишади.

Мен ўзимга ўзим хон, ўзимга ўзим думман.

Эгамдан қачон ажрим бўлганим эсимда йўқ, эслагим ҳам келмайди.

Фақат тасаввуримда қачонлардир шиддат билан кўтарилган

Болтанинг оний сурати қотиб қолган.

Пўлатда акс эган лаҳзалик бу шуъла шууримни мангу ёритажак.

Бу шуъла – менинг қуёшимдир.

(1982)

«Валфажр» (1983)

Қуйидаги шеърда энг катта манқурт портрети тасвирланган:

ШЎРЛИК

У кўчадан ўтса,

Бинолар шошар

Орқага чекилиб йўл берар дарҳол.

Кўчадан ўтса у,

Чўнтагига қўлини тиққан

Бирорта кимсани кўрмайди шўрлик.

Чунки барча қўллар

Чўнтакдан чиқиб,

Кўкракда жамулжам бўлади дарров.

Кўчадан ўтаркан, кўрмади ҳали

Бирорта теракни шаҳарда,

Чунки тераклар ҳам букчайиб олар

Жинси йўқ дарахтдай уни кўрганда!..

Кўчадан ўтмайди, балки сузади

Кемадай залворли, вазмин, сервиқор

Илтимослар уммонида у.

Уйига бормайди,

Бажарар холос

Уйининг «Кел!» деган илтимосини.

Йўқ, у овқат емас уйида,

Балки кўнгли бўшлик қилиб дафъатан

Илтимосин бажариб қўяр овқатнинг.

Туғишган иниси – иниси эмас,

Бу ҳам илтимоснинг оқибатидир;

Қандайдир бегона одамнинг

«Бирга туғилайлик!» деган бемаъни

Илтимосин бажарган эди бир пайтлар…

(1979)

«Валфажр» (1983)

“Идора тамоман менинг қўлимга ўтди”, деб ўйлаган манқуртлар жамиятига ҳали ҳам ўлмаган шоирнинг кинояси:

АЯНЧ БИЛАН ҚАРАМА

Дунёдан бехабар одамга

Сўқир бечорага қараган каби

Менга аянч билан қарама!

Қарама, гўё мен билмайдигандай.

Яхши одамларнинг кўплигинию

Ёмонларнинг оз эмаслигин.

Гўё улуғ ҳурриятдан сўнг

Заминда ҳур бўлди фикрлар,

Жаҳолат йўқ бўлди батамом

Гўё Сотқинлар ҳам Даҳога ўхшаб,

Минг йилда бир марта келар дунёга.

(1979)

«Валфажр» (1983)

Манқуртлар жамиятининг сайловида овоз беришни истамаган фуқарони «тарбиялаш» жараёни тасвирланган матн:

САЙЛОВЧИ

Кеча касалхонага олиб кетишганди,

Бугун яна уйига опкеб қўйишди.

Шу катта шаҳарда бирорта табиб

Даво тополмабди унинг дардига.

Ахир игна бўлса, майлийди,

Майли эди, қозиқ бўлса,

Илож топиларди терак бўлса ҳам…

Келиб-келиб ўз овозини ютиб қўядими?!

(1976)

«Валфажр» (1983)

Адабиётимиздаги манқурт синфи жамиятимизнинг энг тепа позицияларини эгаллаган эди. Улар тўғридан Москвадан амр олардилар ва ерли қўғирчоқ ҳукуматнинг муҳим парчаси эдилар.

Биз бу зулмнинг сўнгги ҳақда хаёллар қуришда давом этардик.

ЛАЗЗАТНИНГ ХИЛЛАРИ

«Лаззатнинг хили кўп» деганда

Кўзлари ёғ босган мечкайнинг

Таомга муҳаббатини эмас,

Димиққан оқшомда

Ҳирсдан эриб кетган банданинг

Сассиқ тушларини эмас,

Ёлланган қулларнинг

Гўдак манглайига тўппонча тираб

Олган завқ-шавқин ҳам айтмайман.

«Лаззатнинг хили кўп» деганда

Ғалати қувончни айтмоқчиман мен:

Золим портрети ёнса гулханда.

(1980)

«Валфажр» (1983)

Ора-сира ишғолчиларнинг юмшоқ ерларига санчиладиган игналарни маъсум ва бегуноҳ исмлар остида гизлаб нашр этар эдик.

Масалан, «Баҳор» исми остидаги бир игна:

БАҲОР

Қуш билан одамнинг манфаатлари

Ҳали-вери дуч келиб қолмайди.

Ҳозирча дарахтда ухламас одам,

Кун кечирмас қурт-қумурсқа еб.

Ёки бирорта қуш дўкон олдида

Навбатда турмайди мен билан.

Ҳатто энг рашкчи эркак ҳам

Қушдан рашк қилмайди ўз хотинини.

Шунинг учунмикан, баҳор айёми

Қушлар ёт тилларда қўшиқлар айтиб,

Ишғол этганида Ўзбекистонни

Қувончга тўламиз, хафа бўлмаймиз.

(1979)

«Валфажр» (1983)

«ЁШУЛЛИЧИ» СИНФ

Манқуртлардан кейин келадиган бу синф «ёшулли»ларга мадҳия айтиб, юқорига интилиб кўрар, ҳатто баъзилари зирвага яқин ерларда уя ҳам қурар эди. Аммо бу узоққа бормасди. Москвадан “манқуртлар синфи” раҳбарига бир қўнғироқ келар, дарҳол бу «ёшулличи» синф вакилининг «миллатчи» ёки бошқа қусури ўртага чиқар ва у юксалгани зирвадан пастга улоқтирилар эди.

Ҳақиқатан ҳам, «ёшулличи»лардан баъзилари миллий туйғуларга соҳиб бўла олардилар. Улар бу туйғуга аҳамият беришарди, аммо унинг фош бўлишидан жуда қўрқишади. Шу сабабдан «Олдин зирвага чиқиб олай, кейин миллатимга хизмат қиламан, ҳозирча шу кофирнинг айтганини икки қилмай, вазифада қолишим керак», деган мантиқла ҳаракат этади.

Лекин у зирвага боргунча бу «муроса тактикаси» унинг умуртқасига айланар ва миллий фикри ер билан яксон бўлар эди. Оқибатда улар ҳам маънавият жиҳатидан манқуртларга яқин бир ерда жойлашардилар.

«Ёшулличи» синфдан кейинги ижтимой гуруҳ «қорачадан келганлар» синфидир.

Улар халқимизнинг аксариятини тамсил этади. Кўп яхши шоир ва қобилиятли носирлар ана шу синфдан чиққан. Зиёлиларимизнинг бу гуруҳи Аллоҳ берган қобилиятлари билан муайян нуқталарга келсалар ҳам ҳеч қачон бир ишни мустақил ҳал қилувчи позицияда бўлмаганлар. Улар адабиётнинг қора ишчилари, агар Ўзбекистонда ўқиш мумкин бўлган бирор китоб чиқса, уни айнан шу синф вакиллари ёзган бўлади.

Қизиғи шундаки, бу гуруҳларнинг ҳеч бири сиёсатга аралашмайди. Аралашганларни ҳам «йўлини йўқотган сарсари» дея эълон этади. Асарларида ҳам сиёсатни четлаб ўтишга ҳаракат қилишади. Давр ўзгариб сиёсатга аралашиш гуноҳ саналмайдиган пайт келганида ҳам «сиёсат синдроми» уларни узоқ вақт тарк этмай туради. Кескинроқ сўз айтиш учун қулай пайт пойлайдилар:

ПАЙТ ПОЙЛАБ

Қўрқа-писа ойнани очди,

Шубҳа билан боқди қуёшга.

Осмонга ҳам ишонқирамай,

Қўлин тутиб кўрди – ёмғир йўқ.

– Ёмғир йўқ! – деб ҳайқирди бирдан,

Деразани ёпди шошилинч:

– Мана, энди ҳақиқатни ҳам

Айтиш мумкин! – деди ҳансираб!..

(1979)

«Олис табассум сояси» (1986)

Булар ўртамиёна талант соҳиблари, оммавий оғирлиги бор, чунки сон жиҳатидан жамиятни ҳаракатга келтириш потенциалга эга, аммо жасоратсиздирлар.

Фақат таҳлика бўлмаса, улар жасурларнинг ерини олишлари мумкин:

ҚИЛИЧЛАР УЙҚУГА КЕТСА…

Қиличлар уйқуга кетганда

Уларни занг босар.

Қиличлар уйқуга кетганда

Туққан боламизнинг ҳаммаси жасур.

Сенинг мардлигингга шубҳа қиламан,

Ишонмайман мағрурлигингга.

Чунки сен биласан:

Агар қилич занглаган бўлса,

Нафақат эгилган,

Эгилмаган бошни ҳам кесолмайди у.

«Валфажр» (1983)

(1980)

Халқ шоирлари миллат ҳақида қайғурар экан, ТВлардан чиқиб, Шароф Рашидов “иккинчи она тилимиз” деб эълон қилгани рус тилининг шаҳарларда ўзбек тилини сиқиб чиқараётгани ҳақида эмас, балки Ўзбекистонда ширин тил билан суҳбатлашиш кераклиги ҳақида ваъз ўқир эди. Ўзбек тилининг нақадар ширин тил эканини бутун дунёга намойиш этайлик, дея ҳайқирарди бу ширинлик шайдолари.

Муҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
20 апрел 2024
Фарғона вилоятидаги ва умуман водийдаги барча профессионал журналист ва зиëлиларга икки оғиз гапим бор. Водий азалдан меҳмондўстлиги билан танилган. ...
14 июл 2016
«Правда востока» газетаси Вьетнам Социалистик Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси байрам муносабати билан «Жаҳон» ахборот агентлигига берган интервьюсини эълон қилди. «Ўзбекистон ...
25 январ 2018
Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси Рустам Иноятов Дубайда 12 миллион доллар сарфлаб, турар жой иншооти қурган. Бу маълумотни «Очиқ ...
29 январ 2018
Яқинда вилоятга бориб, бир танишимникига кирдим. Дарвозахонасида бир қоп тўла ўрик дарахти ўтини турган экан. Ўтин бирор касалликка чалинмаган, ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...