Кундалик
15 апрел 2016

Фурқат Жўраев Жаслиқ қамоқхонасига жўнатилди…

“Конституцион тузумга тажовуз”, “Қўпорувчилик”, “Таъқиқланган ташкилотлар тузиш ва уларга аъзолик” каби бир биридан вахимали моддалар билан айбланган “Арамаис ва унинг шериклари” жиноий ишининг иштирокчиси Фурқат Жўраев 9 апрел куни Қорақолпағистондаги “Жаслиқ” қамоқхонасига жўнатиб юборилгани хақида хабар келди.

rasm1170
Фурқат Жўраев

“Кеча қизим Севарахон Тошкентдаги ГУИНга бориб, Фурқатжонни қаерга этап қилинганини сўраган экан. Унга “Фурқат Жўраев 9 апрел куни Жаслиқ деган жойга жўнатилган” деб жавоб беришибди. Боламни электр токлари билан қийнашиб, ундан жиноятчи чиқаришди ва энг узоқ ва энг ёмон зонага жўнатишди.” деди eltuz.com билан сухбатда Махтума Жўраева – Фурқатнинг онаси.

Бундан 2 кун муқаддам эса, ушбу сохта жиноий ишнинг иштирокчиси фермер Арамаис Авакян жазо муддатини ўташ учун Қарши шахридаги 64/61 қамоқхонасига этап қилингани хақида хабар келганди.

35 ёшли Фурқат Жўраев, ўтган йилнинг 3 сентябр куни Пахтакор шахридаги бозор олдидан ниқобли кимсалар томонидан ўғирлаб кетилган ва 40 кун давомида яқинларига хабар берилмаган холда вилоят Миллий Хавфсизлиги хизмати идорасининг хибсхонасида сақланган эди.

Фурқат ўғирлаб кетилган куннинг эртасига, 4 сентябр куни кўчадан йўқолиб қолган 4 нафар йигит – Арамаис Авакян, Бектемир Умрзоқов, Акмал Матмуродов ва Дилшод Алимовлар хам айнан шу идоранинг хибсхонасига келтирилади. Бу йигитларнинг яқинлари ва оилаларига хам уларнинг хибсга олингани хақидаги хабар орадан 40 кун ўтгач билдирилган эди.

Жиззахнинг бир туманида бир бирини таниб, турмуш ташвишлари ва қийинчиликларини биргаликда енгиб юрган бешовлон шу тариқа хибсга олинганди.

Тергов жараёнида улар қаттиқ жисмоний ва рухий қийноқларга солингани хақида, сайтимизнинг вилоятдаги манбаалари ва Арамаис Авакян хамда Дилшод Алимовнинг илк адвокати Лайло Абдуллаева, кейинчалик эса адвокат Олим Қобиловлар хабар беришганди.

Бундан ташқари, йигитларнинг ўзлари хам 19 феврал кунги махкамада хукм ўқилиши олдидан сўз олишиб, МХХ терговчилари томонидан ўта шафқатсиз қийноқларга солингани хақида гапиришиб, калтаклардан моматалоқ бўлган баданларини судяга ва йиғилганларга кўрсатишганди.

Шунга қарамай, судя А. Мамарахимов Фурқат Жўраевга 12 йил, Арамаис Авакянга 7 йил, Бектемир Умрзоқовга 6 йил, Дилшод Алимов ва Акмал Маматмуродовга 5 йилдан қамоқ жазоси тайинлаган эди.

Мазкур ишнинг ўта шафқатсиз қийноқлар билан ўтган тергов жараёни ва адолатсиз махкамаси, Америка ва Европадаги етакчи Инсон Хақлари ташкилотлари ва бир қатор сиёсатчиларнинг, шунингдек дунё арманлари халқаро ташкилотларининг диққатига тушди.

Уларнинг саъйи харакати билан дунё жамоатчилиги Ўзбекистондаги Инсон хуқуқлари жуда абгор ахволда эканини билди. Ўзбекистон терговчилари истаган одамни қийноқлар ёрдамида ўзлари хохлаган модда бўйича айблай олишлари яна бир марта маълум бўлди.

Армани миллатли фермернинг катта фойда кетириши аниқ бўлиб турган балиқ хўжалигини тортиб олиш мақсадида Пахтакор тумани хокими Ғофур Қаршибоев бошлаган хийлаи-найранг, ўз кунини аранг кўриб юрган беш хонадоннинг беш нафар ўғлонини турли муддатларга зиндонга отди.

“Қўлимиз калта, камбағалмиз. Фурқат 35 ёшга кирди, уйлай олмадик, мана, Жаслиққа кетди. Бир кун келади, тирик бўлса чиқиб келади… Лекин мен хар дақиқа ва хар сонияда, бағри қон бўлган бир она сифатида, ўғлимни бошига шу кунларни солган хоким Ғофур Қаршибоевни, тергвчиларни ва судяни тинмасдан қарғаяпман. Ўғлим соғ ва омон холда остонамда кўринмагунча, менинг қарғишларим хокимнинг ва бошқаларнинг бошига ёғилаверади! Адолат қилмасанг, сендан хам розимасман, эй худо! Розимасман!” дея дод солади телефонда, Жаслиққа жўнатилган Фурқатнинг онаси Махтума Жўраева…….

Улуғбек Ашур
Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 август 2018
Бутун Тожикистон бўйлаб милиция юз минглаб соқоллиларни ушлаган. Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоятида ўтган йили қарийб 13 минг нафар эркак ...
8 июн 2021
Рассом Элсевар
19 декабр 2019
Ўзбекистонда аҳоли ўртасида 22 декабрь кунига белгиланган сайлов шаффоф, холис ва адолатли ўтишига ишонч анча сустлигини кузатиш мумкин. Бош ...
28 ноябр 2023
Элтуз порталига келган навбатдаги бешта мактубни эътиборингизга тақдим этамиз. Улар Ўзбекистоннинг Қашқадарё, Тошкент, Фарғона вилоятларидан келган. Дастлабки мактуб Қашқадарёнинг ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...