ХМТ семинарида мажбурий меҳнат мавзуси ҳам кўтарилганми?
«Ўзбекистон овози» газетаси Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгашида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорликда семинар ташкил этилгани ҳақида хабар берди.
Унда айтилишича, семинар тизим ҳуқуқшунослари, ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича мутахассислар ҳамда кенгаш қошидаги юридик клиника волонтёрлари учун ташкил этилган.
Семинарда ХТМнинг юқори мартабали бир неча вакиллари, хусусан, «Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурини амалиётга татбиқ этиш» лойиҳаси бош техник маслаҳатчиси Х.Талига иштирок этган.
Хабарда семинар давомида ХМТ ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилганини айтиш билан чекланилган.
Бу лойиҳаларнинг моҳияти, уларда Ўзбекистонда кенг қулоч ёйган мажбурий меҳнат муаммосини бартараф этиш бўйича нималар кўзда тутилгани тўғрисида бирорта маълумот берилмаган.
Қолаверса, мамлакатда мажбурий меҳнатга чек қўйиш борасида шу кунгача қилинган ишлар тўғрисида ҳам бирор гап айтилмаган.
Eltuz.com