Ёшларга «Uz» доменидан четга чиқмаслик тавсия этилмоқда
«Миллий тикланиш» газетаси шу номдаги партия «ёшларни ёт ғоялар, бузғунчи кучлар, мафкуравий таҳдидлардан авайлаб-асраш»га қаратилган саъй-ҳаракатларини тобора авж олдираётгани ҳақидаги навбатдаги мақолани эълон қилди.
Унда «Миллий тикланиш» партияси «Миллий ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ёшларда интернет маданиятини шакллантиришнинг долзарб вазифалари» мавзуида Сурхондарёда ўтказган тадбир ҳақида сўз боради.
«Турли иллатларни тарғиб қилувчи сайтлар кенгайиб бораётган бугунги таҳликали замонда ёшларимизга фақат «uz» доменидаги порталлар орқали маълумот излаш тавсия қилинади», деб ёзади газета.
Газета бошқа доменларга мурожаат этишга тўғри келиб қолса, бунинг учун нималарга риоя қилиш кераклигини эслатишни ҳам унутмайди.
«Агар бошқа домендаги веб сайтлардан фойдаланишга эҳтиёж сезилса, мамлакатимизнинг миллий манфаатлари ва менталитетига зид ахборотлардан сақланиб, ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик билан иш кўриш даркор», дея йўл кўрсатади газета.
Eltuz.com