Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаевани асаб касалликлари шифохонасида ушлаб турибди
Машҳур фаоллардан бири ва Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси етакчиси Е.Урлаева кўп бора оғир воқеаларни бошдан кечиргандан кейин 9 март куни шифохонага жойлаштирилган эди.
Апрель ойи охирида Е.Урлаеванинг даволовчи врачи унга ва ўғлига ҳуқуқ ҳимоячисининг саломатлиги яхшилагани ва 2 май куни шифохонадан чиқишга рухсат берилишини маълум қилганди. Бироқ шифохона ҳали ҳам уни чиқариб юборишдан бош тортмоқда. Бу эса ҳукумат Е.Урлаеванинг шифохонада бўлишидан уни ҳеч қандай сабабсиз ва муддатсиз ушлаб туриш мақсадида фойдаланиш учун шифокорларга босим ўтказган, деган жиддий хавотир уйғотади.
«Елена Урлаеванинг асаб касалликлари шифохонасида ҳеч қандай тиббий асоссиз ушлаб турилиши тиббий этиканинг қўпол равишда бузилиши ҳисобланади, – деди Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми директори Умида Ниёзова. – У зудлик билан озод этилиши керак, Ўзбекистон ҳукумати эса шифохоналардан судсиз ушлаб туриш воситаси сифатида фойдаланишни тўхтатиши зарур».
Елена Урлаева ҳукуматнинг кўплаб таъқибларига қарамай, инсон ҳуқуқлари ҳимояси сифатидаги матонатли ва фидокорона хизматлари ортидан «Ўзбекистонда энг жасоратли инсон» деб тан олинган.
Кўп йиллар давомида у ноҳақ таъқибларга учраганларни ҳимоя қилиб келди, амалдорларнинг ўз мансаб вазифасини суиистеъмол қилишига қарши курашди.
Ўзбекистон ҳукумати Е.Урлаеванинг овозини ўчириш учун унга қарши турли чора-тадбирлар қўллади, жумладан, 2015 йилда беш марта ҳибсга олди.
«Жаҳон банки, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Тошкентдаги дипломатик ваколатхоналар Елена Урлаеванинг озод этилиши учун ўзбек ҳукуматига босим ўтказиши, ҳукуматни ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилгани учун жавоб беришга чақириши жуда муҳимдир», дейди Меҳнат ҳуқуқлари халқаро форуми (ILRF) ижрочи директори Жуди Герҳарт.
Ўзбекистон ҳукумати Елена Урлаеванинг пахта секторидаги мажбурий меҳнат тўғрисида маълумот тарқатаётган ҳамкасбларини ҳам жазоламоқда. 2015 йилда бу борада мониторинг ўтказгани учун милиция Дмитрий Тихоновни ҳибсга олди, калтаклади ва «безорилик»да айблади. Охир-оқибатда уни мамлакатдан қочиб кетишга мажбурлади.
2015 йилда амалдорлар Ўктам Пардаевни ҳибсга олди, мониторинг ўтказишда фойдаланадиган компьютери ва файлларини мусодара қилди. Кейин эса у икки ой давомида ҳибсда ушлаб турилиб, калтакланди.
Айни пайтда халқаро ҳамжамиятнинг янада кучлироқ қўллаб-қувватлаши талаб этилади.
Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари овозини ўчириш мақсадидаги фаол хатти-ҳаракатлари унинг Халқаро меҳнат ташкилотининг асосий конвенцияларига риоя этиш тўғрисида ХМТ олдида олган мажбуриятига путур етказмоқда.
Ҳукумат меҳнат қонунчилигига риоя этиш юзасидан Жаҳон банки олдидаги мажбуриятини бузмоқда. Мониторингчиларнинг меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳақида хабарлар бериш ҳаракатларига тўсқинлик қилиш орқали ҳукумат ўз фуқароларига қонун устуворлиги халқаро сармояларни жалб этиш учун фақат қоғоздагина мавжудлиги тўғрисида мужда бермоқда, дейилади «Пахта кампанияси» коалициясининг пресс-релизида.
Eltuz.com