Дайжест
8 август 2016

«Маънавият ўғрилари» номма-ном саналди

«Ҳуррият» газетасида (03.08.16) чоп этилган «Жамиятни ҳалокатдан қутқарувчи куч» сарлавҳали мақолада Чор Россияси ва шўролар даврида халқимизнинг маънавий бойликларини талон-тарож қилган шахсларнинг бир қисми номма-ном санаб ўтилади.

Албатта, мақола анъанавий равишда «президентимиз раҳнамолигида қилинган ишлар» тўғрисидаги ҳар куни ҳамма жойда тилдан тушмаётган сўзлар билан бошланади.

Мақола муаллифи давлат раҳбарининг мустақилликнинг 25 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарори «аслида олганда мамлакатимиз ва халқимизнинг демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, олдимиздаги олий мақсад – дунёнинг энг тараққий этган давлатлари қаторига қўшилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг таҳлили ҳисобланиши»ни таъкидлаган.

Билмадик, агар қарор қандайдир бир қонунчилик ҳужжати эмас, шунча йиллик мустақил тараққиёт йўлимиз таҳлили экан, балки уни ҳам алоҳида китоб қилиб чиқариш керакдир!

Хуллас, кейин мақолада шўролар ҳукмронлиги даврида, 1989 йил 28 ноябрда «мамлакатимиз раҳбари маданиятимиз, маънавиятимиз мустабид тузум даврида оғир қийинчиликларни бошидан кечирганини, халқимизни ўз миллий маданий меросидан ажратиб ташлаш сиёсати авжга чиққанини қайд этиб, маданият манбаларига қайтиш ғоят қийин кечмоқда», дегани эслатилади.

Муаллиф шўро мафкурасининг бундай аянчли ҳаракатларига мисол келтириб, гапни чор Россияси босқинидан бошлайди.

Унинг билдиришича, Хивага юришда Кауфманга ҳамроҳлик қилган шарқшунос А.Кун 300 дан ортиқ нодир шарқ қўлёзмаларини император кутубхонасига топширган. 1895 йилда Амир Темур мақбарасидаги ўйма эшик кўчириб олиниб, Петербургга жўнатилган.

1915-1916 йилларда шарқшунос Б.Иванов Бухоро мадрасалари вақф кутубхоналаридан 1125 та нодир қўлёзмани олиб, Россия ва Европанинг кўплаб музей, кутубхоналарига сотиб юборган.

Шўролар даврида эса ҳаваскор археолог Ж.Кастенье 500 дан ортиқ нодир қўлёзма ва буюмларни, Петербургдаги СССР халқлари этнографияси музейи ходими С.Рудин 8 йилда 4 мингдан ортиқ осори-атиқани юртимиздан ташиб кетган.

Мана шу маънавият ўғриларининг қилмишларини бирма-бир санаган муаллиф асосий мақсадга кўчади ва эътиборини президентимизнинг «маънавиятимизни юксалтириш» йўлида қилган ишлари ва ёзган асарларига қаратади.

Аммо мустақиллик байрами кайфиятини бузиб қўйишни истамайди шекилли, истиқлол йилларида мамлакатимиз музейларидан ўғирланиб, хорижга олиб чиқиб кетилган санъат асарлари, маънавий бойликларимиз ҳақида сўз очмайди.

Албатта, улар қандай қилиб хорижда пайдо бўлиб қолганига сабаб бўлган казо-казоларнинг номларини ҳам эътибордан четда қолдиради. Ҳар ҳолда ўғри ўзимизники-да, деган истиҳолага борган бўлса керак муаллиф.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 декабр 2022
Азиз оға ини¸ опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман. Совуқнинг шашти тушди. Аммо изғиринлар танни найзадак ...
30 январ 2019
Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси раиси ва бош вазир ўринбосари ...
13 декабр 2015
2015 йилнинг 13 декабрида, Жаслиқ турмаси маҳкуми, ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Фармонов 37 ёшга тўлади. 2006 йилнинг апрелида уни ҳибсга ...
9 ноябр 2017
Маълум бўлишича, ўтган якшанба куни Тошкентдаги бир қанча шифохонаю поликлиникалар ходимлари Сергелида янги қурилаётган уйлар олдини тозалаш, уларни тартибга ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...