Кундалик
7 сентябр 2016

«Каримов ўлди, аммо у яратган тизим яшашда давом этмоқда»

Вафот этган президент Каримовга сажда қилиш амалиёти тобора куч олаётир. Интернетнинг ўзбек сегментида хизмат кўрсатган артистлар, таниқли журналистлар ва ватанпарварлик руҳига чулғанган фуқаролар ҳар қандай ўзгача фикрни қатағон қилишга чақирмоқда ва амалдаги тузумга мухолифатга бўлганларга қарши «жангга кириш»га тайёр эканини билдирмоқда.

Президент Каримов соғлиғининг реал ҳолатига оид маълумотларни топган ва ҳақиқатни ёзган хорижий нашрлар журналистлари сўнгги кунларда таҳдид ва ҳақоратларга дучор бўлаётир.

«Каримов ўлган бўлса-да, тизим қолди», демоқда таниқли эстрада хонандаси Юлдуз Усмонова мухолифатга қарата. Ҳолбуки, унинг ўзи 2015 йилдан бери халққа кўриниш бериши тақиқланганлар рўйхатида турибди.

Вафот этган президентнинг соғлиғи ҳақидаги ҳақиқатларни яширгани учун бир неча кун аввал маҳаллий матбуотни танқид қилган ўзбек журналисти Каримберди Тўрамурод эса мухолифатнинг «жонини суғуриб олиш»га тайёрлигини айтмоқда. Унинг фикрича, мухолифат халққа фақат ёмонлик истайди.

Яқиндагина жўшиб келган жасоратидан ўзи ҳам қўрқиб кетган кўринадиган 60 ёшли бу журналист ҳали жисмонан бақувват экани, бир тутам мухолифатчилар билан курашиш учун қурби етишини таъкидламоқда.

Қуйидаги сатрларни эса президент Каримовнинг яна бир мухлиси Давлат Усмонов тўқиди:

Ўлаксахўрларга зиёфат тайёр,
Амиримиз қайтмасга кетди.
Унинг иши эса барҳаёт,
Янгиси ҳам шундай бўларми?

Ҳақиқат шуки, унинг отаси, таниқли ишбилармон ва Ўзбекистондаги биринчи хусусий банкнинг эгаси Рустам Усмонов Каримовга қарши чиқишга журъат этганди. У 1998 йилдан бери қамоқда ўтирибди, 2012 йилда эса унинг жазо муддати ноқонуний равишда яна узайтирилди.

Шимолий Корея синдроми ватандошларим онгига қаттиқ ўрнашиб қолган кўринади.

Мамлакатида эркин матбуот йўқ қилинган журналист, катта саҳнага чиқиши тақиқланган хонанда, қарийб 17 йилдан бери панжара ортида сақланаётган сиёсий маҳбуснинг ўғли бир нарсада – мавжуд тизимни сақлаб қолишда якдил.

Улардаги ҳар қандай мухолифатни йўқ қилиш шижоати қанчалик самимий экани менга қоронғу, аммо тахмин қилишим мумкин, Каримов ҳимояси учун ўз-ўзидан пайдо бўлган бу тўлқин юқоридан бошқарилиб турилибди. Демак янги ҳокимият жамиятда тажовузкорлик даражасини кучайтириб бораётгани учун жавобгардир.

Авторитар мамлакатларда танқид ва эркин фикр «мухолифат»га менгзалади ва бу сўзга фақат салбий маъно тиркалади. Аслида ҳаёт сиёсий мухолифат ва эркин матбуот мавжуд мамлакатлар энг барқарор ва фаровон эканини кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда сиёсий мулоқот маданияти йўқ, чунки Каримов ҳукумати баҳс ва мунозараларни ёмон кўради. Мантиқли далилларга қарши у фақат қатағон ва интернетдаги аноним таҳдиду ғийбатлар билан жавоб қайтара олади.

Тажовузкор кайфиятдаги кишилар билан очиқ ва вазмин мулоқот қилиш жуда мушкул. Аммо вазиятдан фойдаланган ҳолда ўзининг фейсбукдаги саҳифасида мухолифатга қарши курашиш учун ҳамфикрларини тўплаётган журналист Каримберди Тўрамуродга мурожаат этмоқчиман.

Жаноб журналист, агар сиз бу тузумни ҳимоя қилиш учун жангга тайёр бўлсангиз, демак сиз уни қаламингиз билан ҳимоя қила олишингиз ҳам эҳтимолдан холи эмас. Келинг, ҳалол ва очиқ мулоқот бошлаймиз. Зеро, ҳақиқат баҳсларда туғилади.

  1. Сиз президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова кўп йиллар давомида хорижий коммуникация компанияларидан пора таъма қилиб келганини, айни пайтда Европа банкларида мамлакат бюджети даромад қисмининг 5 фоизини ташкил этадиган бир миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағига банд солинганини биласизми? Бу пулларни у гўёки «воситачилик» қилиш ниқоби остида, оддий қилиб айтганда эса Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий корхоналарни ўз паноҳига киритиш мақсадида олган. Сиз президент Каримов мамлакатда кенг кўламда қулоч ёзган коррупция учун жавобгар эмас, деб ўйлайсизми?
  2. Сиз сўз эркинлиги ва матбуот эркинлиги Ўзбекистон фуқаросининг конституциявий ҳуқуқи эканини ҳамда Каримов маҳаллий телевидение ва матбуотни тўлиқ цензура назоратига олиш орқали қонунларга ва конституцияга қарши ҳаракат қилганини англайсизми?

  3. Сиз ўзбек қонунчилигида мажбурий меҳнат тақиқлангани, кўп сонли гўёки «кўнгилли пахтакорлар» раҳбарларига қарши боришга қўрққани учун пахта теримига чиқишини биласизми? Сиз халқаро конвенциялар ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини жамоатчилик ишларига жалб қилишни тақиқлашини биласизми? Пахта ҳар қандай мажбурлашларсиз терилиши учун Каримовга пахтачилик тизимини ўзгартиришга нима халақит берди, деб ўйлайсиз?

  4. Гўёки «иқтисодий ютуқлар» биринчи навбатда мамлакат аҳолисининг кам даромадли экани билан боғлиқлигини биласизми? Ўзбекистонда яшаш минимуми қандайлигини-чи? Бу минимум расман белгиланмаган. Аммо ўртача маош олувчи кишининг ойлик эҳтиёжини таққосланг ва бу иқтисодий йўлни қандай қилиб муваффақиятли дейиш мумкинлигини айтинг!

  5. Агар халқ якдиллик билан ўз ҳаётидан мамнун бўлса, унда ҳукумат цензурасидан холи маълумотлар тарқатадиган интернет сайтларига маҳаллий провайдерлар томонидан нега тақиқ қўйилган? Мустақил ОАВ мухбирлари нега ишлашга рухсат ололмайди? Агар халқ фаровон яшаётган, яйраётган ва президентни севаётган экан (кейинги ҳар қандайини севишда давом этиши ҳеч гап эмас), эркин матбуот қаршисидаги бу қўрқув сабаби нима?

  6. Амалдаги тизимни танқид қилиш конституциямиз томонидан берилган ҳуқуқ эканини биласизми? Сиз курашмоқчи бўлаётган демократик мухолифат ҳеч қачон ҳокимиятда бўлмаган, ўз халқининг бойликларини ўмармаган, асосий қисми мамлакатдан бадарға қилинган. Унда бори фақат ҳаққоний сўздир. Нега ҳатто шу сўзни ҳам йўқотишни истаяпсиз?

  7. Мамлакатимизда чиқиш визаси тизими (ОВИР) нима учун амал қилишини тушунасизми? Дунёда Шимолий Кореядан ташқари бирорта давлатда фуқаролар мамлакатдан чиқиш учун махсус хизматлардан рухсат сўрамайди.

  8. Бизга Сталин замонларидан мерос қолган мавжуд прописка тизими ватандошларимизни паст ва баланд табақаларга бўлишини англайсизми? Аҳоли турмуш даражасини юксалтириш ва қишлоқларни яшаш учун кўнгилтортар масканларга айлантириш ўрнига Каримов одамлардан қутулишнинг осон йўлини танлади – Тошкентни ўзгалар учун ёпди.

Бундай саволлар рўйхати жуда узун. Аслида бу саволларни Ислом Каримовга бериш керак эди, аммо у ҳаётлигида ҳар қандай эркин мулоқотдан қочди, матбуот анжуманлари ўтказишни тўхтатди, ҳеч қандай қўрқувсиз саволлар бериши мумкин бўлган хорижий журналистларни ўзига яқинлаштирмади. Каримов журналистлар ва ўз мухолифлари билан асосли мулоқот қилиш ўрнига уларни турмага тиқишни маъқул кўрди.

Аммо биз, ўз мамлакатини севувчи оддий инсонларда қўлимиздан келадиган кичик бир юмуш – жамиятдаги ҳақиқий аҳвол ҳақида жиддий ва очиқчасига мулоқот қилиш имконияти бор. Мен сизни ана шундай мулоқотни бошлашга таклиф этаман.

Умида Ниёзова,
Каримов режимининг собиқ маҳкумаси,
Берлин, Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 октябр 2023
22 октябр куни Uzbek forum раҳбари Умида Ниëзованинг онаси Сожида Жалолова 78 ëшида  оламдан ўтди. Марҳума Сожида Жамолова Шарқий ...
23 апрел 2016
Кун карикатурасида бугун Eltuz.com, рассом Элсевар қаламига мансуб, автобус чиптачиси томонидан қулоғи чўзилаётган болакай суратини тақдим этади. Дунёнинг турли ...
6 ноябр 2020
 Ойна – менинг энг яхши дўстим. Чунки йиғлаган пайтим у ҳеч қачон кулмайди. Мана, ҳафта бир айланди ва яна ...
25 октябр 2021
Марказий сайлов комиссияси 25 октябрь куни президент сайлови натижалари тўғрисида баёнот берди. Дастлабки натижаларга кўра, сайловда Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...