Мирзиëевни мақтаган имом қўшиқчи Мунисани танқид қилди
Чилонзор тумани “Тинчлик” масжидининг имом хатиби Шермурод Тоғай (Алишер домла) ўзининг Facebook даги саҳифасида ўзбек поп мусиқачиси 30 яшар Муниса Ризевани танқид қилди.
“Оммавий маданият” ва “Ғарб тамаддуни”ни танқид қилувчи ўгитлари билан танилган Шермурод Тоғай 7 декабр куни ўз саҳифасида мана бу ëзувни қолдирди:
“Муниса деган бир эстрадачи бор экан. Ҳаёсиз қилиқлари, шаҳватни қўзғайдиган, ҳирсни жунбушга келтирадиган қилиқларини кўриб ҳайрат ёқамни ушлабман. Уни барча ёш қизлар яхши кўрар экан. унга ўхшашни орзу қилар экан. Тўғриси ғарблик ҳам бу артиснинг олдида ип ечолмайди.”
Одамнинг табиатидаги “ҳайвоний ҳирс”ни жиловловчи омил ҳақида ўгит берган имом ҳатиб “Шўролар каллангни оламан деган маҳалда ҳам хотин қизлар юзларини очиб” кўчага чиқмаганини эслайди:
“Ўз кўзим билан кўрганман. Бир шундай эшон бобо хотинини Москвич машинасида олиб кетаётганда ГАИ тўхтатиб. «Аёлингиз юзини очсин», деганда «Аввал бошингдан воз кеч, сўнгра хотинимнинг юзини кўрасан «, деган. Қўрқиб қолган ГАИ қўйиб юборган. Ўша даврда, даҳрийлар даврида иймони бут одамлар мана шундай бўлишган.”дея ëзади Шермурод Тоғай.
Айни пайтда Муниса Ризаевани “шаҳват қўзғатувчи” дея айблаган имом-ҳатибнинг Янги “юртбошига” ëзган мадҳияси тармоқларда муҳокамага сабаб бўлмоқда..
Eltuz.com нашридаги Art-durbin рукнига мақолалар ëзадиган блоггер Акмал Ризаев бу ҳолатни изоҳлаб икки жиҳатга эътибор қаратди:
«Биринчидан бундай риторика, яъни давлат раҳбарига мадҳия ëзиш ва эстрада қўшиқчисининг сексуал жозибасига расмий муфтийнинг эътироз билдириши янгилик. Бу ҳудди Рим папаси Мадоннани танқид қилгани каби ҳолат. Бундан атиги уч ой олдин Ўзбекистонда бундай танқидни расмий имом тарафидан айтилиши деярли мумкин эмас эди. Иккинчидан расмий дин арбоби мустақил Ўзбекистондагидан кўра, совет даврида диний эркинлик кўпроқ эди деган муждани айтмоқда. Бу Ўзбекистонда ўзига ҳос жасорат. Қизиғи шуки имом совет давридаги диндор тарафидан рўмол ечишни талаб қилган милиционерни калласини олишга қилинган таҳдидни ижобий ўрнак сифатида келтиради. Шу ўринда Ўзбекистон мустақил бўлган илк йилларда Наманганлик диндорнинг милиция бошлиғининг калласини кесиб кетгани билан боғлиқ воқеани эслаш жоиз», дейди блоггер.
“Тинчлик” масжидининг имом хатиби Шермурод Тоғай фикрлари сўз ва ифода эркинлигининг Ўзбекистонда кенгаëтганлигига мисол дея эътиборимизни қаратган Ризаев масаланинг бошқа тарафини ҳам айтади:
«Иккиюзламачилик ҳақида гапирмоқчи эдим. Муниса Ризаевани танқид қилиш осон ва жоиз. Буни ортидан штраф санкциялари келмайди. Лекин айни имом Шавкат Мирзиëев конституцияни бузиб жиноят кодексининг энг камида битта моддаси яъни 159 моддаси бўйича жазога тортилишини айтмайди. Майли айтмасин, ундан таъмамиз ҳам йўқ, зотан расмий мақоми бор. Аммо бу имом Мирзиëевни янги юртбошимиз дея мақтаб шеър ëзиб саҳифасига қўйди. Бу имом ҳеч бўлмаса ўз ақидасига риоя қилса, яъни мақтов фақат худога аталишини ичдан англаганида бунақа қутблашган гапларни айтмас эди», дейди блоггер.
Ҳозирча Муниса Ризааева, “Тинчлик” масжидининг имом хатиби Шермурод Тоғайнинг, хонандани «шаҳватни қўзғатувчи» деган айбловига жавоб бергани йўқ, имомнинг янги «юртбошимизга дуо» деб атаган шеъри эса, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятни тўлиқ эгаллаган ва унинг шаънига мадхиябозлик риторикаси авжига чиққан 5 декабр куни пайдо бўлди.
Eltuz.com