Асосий мавзулар
17 май 2017

Фермерлар ипак қуртини ҳокимиятга қайтаришмоқда

Фарғона вилояти фермерлари мажбурлаб берилган ипак қуртини яна ҳокимиятга қайтариб олиб келишмоқда.

Бу ҳақда Элтуз мухбирига Риштон туманидаги фермерлардан бири сўзлаб берди.

«Бизга мажбурлаб Президентнинг янги қарори бўйича ҳақ тўлаймиз деб 2 қути ипак қурти беришди», – дейди фермер.

Аммо уни боқиш учун шароит ҳам озуқа янги тут барги ҳам йўқлигини айтади у.

«Авваллари тут дарахти кўп бўларди ва аҳоли қийналмай ипак қурти боқиб бераверарди», дейди фермер.

Ҳозир эса, унинг сўзларига кўра, бир неча йиллардан буён газ ва электр энергиясининг тақчиллиги боис йўл четидаги ва далалардаги тут дарахтлари аҳоли томонидан кесиб ёқиб юборилган.

«Шунинг учун барг қидириш ҳам кўп вақтни олаяпти. Бу ёқда пахта экиш, буғдойга қараш каби ишлар, ундан ташқари ҳар куни соат тунги 22 -24 гача чўзиладиган мажлислар билан банд бўлиб, ипак қуртига яхши қарай олмаяпмиз».

Ўқитувчи ва шифокорлар «қуртни уйида боқишади» 

Ипак қуртини ҳам ўқитувчи ва ҳамширалар, шифокорлар парваришлаб, давлатга пилла ҳолида тайёрлаб берарди.

Бу йил ҳам болалар боғчасида ва мактабларда ипак қурти боқилаяптими ёки йўқ деган саволга жавоб олиш учун Элтуз мухбири бир неча кишилар билан суҳбатда бўлди.

«Ҳа, ҳокимиятдан бизга ипак қурти тутиб беринглар деб айтишди», – деди Учкўприк тумани халқ таълими мудири.

Аммо мудирнинг сўзларига кўра, ипак қурти боғчаларда ва мактабларда эмас, бирорта ўқитувчи ёки боғча опанинг уйида тутилмоқда.

«Шунинг учун хоҳлаган кишилар тутаяпти. Сизга неча қутида боқаётганлигимизни айта олмайман. Муҳими, ипак қурти боқаётган ўқитувчи ёки боғча опа ўз ишидан қолгани йўқ, дарсини ўтаяпти.

Уйида келини қизлари қуртга қараб турибди», дейди халқ таълими мулозими.

Пилла қурти боқиб, зарар кўргандан – уни кўмиб йўқ қилган афзал…

Элтуз мухбири шунингдек, вилоятдаги айрим фермерлар ипак қуртини олишлари ва зиёнига боқишдан кўра ерга кўмиш афзаллиги ҳақидаги иддаоларни ўрганди.

«Пилла топшириш вақти келганида ҳокимият томонидан неча килограмм пилла топшириш мажбурияти юкланган бўлса ўша килограммнинг пулини бериб қўя қолишади», дея тушунтиради бу ҳолни риштонлик фермер.

Етакчи пилла етиштирувчи сифатида Ўзбекистон, уни ишлаб чиқаришда, фермерлар ва давлат сектори хизматчилари ҳуқуқларини бузиб ва қишлоқлардаги қашшоқлик вазиятидан фойдаланган ҳолда, мажбурий меҳнатга таяниб келади.

Ўзбек фермерлари ва давлат муассасалари давлат нормасини бажариш мажбуриятини олиб тут ипак қуртини боқишга жалб этилади.

Улар пиллани, ҳеч қандай фойда кўрмасдан, ёки жуда кам ҳақ эвазига ва ҳатто қарзга ботиб бўлса ҳам, расмий белгиланган нарҳда давлатга сотишлари шарт.

Ўзбекистон ҳукумати пилланинг бир қисмини мамлакат ичида қайта ишлайди ва сотади, катта бир қисмини эса жаҳон бозорига, валюта эвазига экспорт қилади.

Ҳукумат пилла етиштириш тартибини, нарҳини ва йиллик ҳажмини белгилайди, вилоят ва туманлардаги рахбарлардан режа талаб қилади.

Маҳаллий рахбарлар эса, фермерлар ва давлат муассасаларини, еридан, қўшимча даромадидан  маҳрум қилиш каби таҳдидлар билан йиллик режани бажаришга мажбурлаш усулларини қўллаб келади.

Фермерлар ўз навбатида оила аъзолари, жумладан болаларини, тут пилла қуртини боқишга ёрдам беришга мажбурлашади, ёки ишлаб чиқариш нормаларини бажариш ва жазодан қутулиш учун мавсумий ишчиларга пул тўлашади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 сентябр 2017
Шавкат Мирзиёев иқтидорга келгач, Россиялик ўзбек миллиардерларининг мамлакатга келиб бизнес бошлаётгани кузатилмоқда. Алишер Усмонов, Искандар Маҳмудовлар ортидан яна бир ...
13 декабр 2015
11 декабрь куни Термиз аэропортидаги Германия фойдаланиб келган ҳарбий транспорт базанинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Рассом: Туз Eltuz.com
17 феврал 2020
13 февраль кунининг биринчи ярмида қозоқ тилидаги машҳур сайтларнинг деярли барчаси собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг набираси Ойсултон тарқатган хабарга ...
2 март 2018
Таниқли ўзбек шоири, сиёсий диссидент, «Эрк» демократик партияси лидери 69 ёшли Муҳаммад Солиҳ 1 март куни Ўзбекистон ҳокимият тизимларидаги ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...