Дайжест
10 июл 2017

«Адолат қўрғони»ни бузганлар уни тикламоқчи

6 июль куни президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат суд-ҳуқуқ тизимини кескин танқид қилиши ортидан Ўзбекистон судьялари халққа мурожаат билан чиқди. Фото: «Туркистон» саройи. Судьяларнинг халққа мурожаати қабул қилинган йиғилиш. supcourt.uz

Ўзбекистон тарихида ҳали судьялар ҳеч қачон бундай ғайриоддий мурожаат билан чиқмаганди.

Ғайриоддийлиги шундаки, вазифаси жиҳатдан адолат, қонун ва ҳуқуқларни ҳимоя қилиши керак бўлган бу тизим эндиликда шу вазифаларини бажаришга ваъда бермоқда.

Буни сувчининг бундан буён экинларни суғоришга, деҳқоннинг деҳқончилик қилишга, борингки, фаррошнинг ўзига бириктирилган ҳудудни супуришга ваъда беришига қиёслаш мумкин.

Ғалати-а, шундай эмасми? Касби аслида адолат ўрнатиш бўлган судьялар бундан буёғига «биз адолатли ишлаймиз», демоқда.

Қилган номақбул хатти-ҳаракати учун ота-онасидан койиш эшитган боланинг «энди ақлли бўламан, бундай қилмайман», деган изҳорига ўхшайди-я!

Судьялар ўз зиммасига олиши белгиланган саккизда мажбуриятдан иборат бу мурожаат мазмунидан суд тизими ўтган 25 йилдан ортиқ вақт мобайнида буткул чириб кетганини тан олиши англашилади.

Унда, жумладан, судьялар «фуқароларнинг муаммоларини ҳал этишда яқиндан ёрдам бериш орқали уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва ҳақиқатни қарор топтириш»га ваъда беради.

«… одил судловни амалга оширишдаги ғов-тўсиқларни таг-томири билан бартараф этамиз, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришда бор билим ва тажрибамизни сафарбар этамиз. Судга борган ҳар бир фуқаро фақат адолат топишига кафолат берамиз», дейилади судьялар мурожаатида.

Мурожаатнинг ҳар бир бандига тўхталиб ўтиришга ҳожат йўқ. Фақат бир фактни алоҳида эътироф этиб ўтишни жоиз топдик.

Яъни бу мурожаатни аксарият эркин журналистлар ва кузатувчилар истеҳзо билан қарши олди.

Улар судьяларнинг халққа мурожаати оддий сафсатабозликдан бошқа нарса эмаслигини, ўзларини президент танқидидан гўёки тўғри хулоса чиқаргандек кўрсатишга уриниш эканини айтмоқда.

Хусусан, мурожаатнинг бирор пунктида соҳадаги тизимли таъмагирликни йўқ қилиш, судьяларнинг порахўрлигига чек қўйиш ҳақида гап-сўз йўқ.

Ваъда қилинаётган ягона мажбурият «судьялик шаънига доғ туширадиган ҳар бир ғайриқонуний хатти-ҳаракатга «фавқулодда ҳолат» сифатида қараш», «адолатга хиёнат қилан ходимларга қарши курашиш ва сафларнинг софлигини таъминлаш»дир.

«Айнан мана шу ҳолат сергаклантиради. Ўйлашимизча, сафларни, аввало, тозалаш керак. Ифлос сафларда тозаликни сақлаш – нонсенс», деб ёзди интернет сайтлардан бири.

Ҳақиқатан ҳам, бугун халққа адолатли суд тизимини қарор топтиришга ваъда бераётган судьяларнинг ўзи чириб битган шу тизимнинг ажралмас қисмидир.

Мисол учун, судья Низом Рустамов, Дилобар Худойберганованинг сўзларига кўра, ўз акаси устидан чиқарилган ўлим ҳукмини 20 йиллик муддатга тушириш учун ундан 20 минг доллар пора сўраган. Ахир бундай судьяларнинг бундан буён ҳалол ишлаши ҳақидаги ваъдаси билан чекланиш инсофданми?

Шундай экан, оддий мурожаат қабул қилиш орқали бу тизимни коррупция, таниш-билишчилик, порахўрликдан халос қилиш мумкинми? Айниқса, шу салбий ҳолатлар сабабчилари ва иштирокчиларидан бундай ишларни кутса бўладими?

Асосли мантиқ нуқтаи назаридан олиб қаралса, ҳозирча бу каби саволларнинг бирортасига ижобий жавоб қайтариш учун пойдевор кўринмаяпти.

Хўш, унда масаланинг ечими қаерда? Фикримизча, аввало, ҳокимият бўғинларининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш лозим. Ижро ҳокимиятининг суд ва қонун чиқарувчи ҳокимият устидан ҳукмронлигига чек қўйиш талаб этилади.

Қолаверса, қилган хатосини тан олган одам ишни мана шу хатосини тузатишдан бошлагани маъқул. Ана шунда одамнинг тузалиш йўлига ўтганига ишонч пайдо бўлади.

Касби адолатни қарор топтириш бўлган судьяларнинг адолатга қайтишни ваъда қилаётгани англашилади мурожаат мазмунидан.

Шундай экан, ўз айбини тан олаётганлар уларнинг айби билан ноҳақликка учраганлардан кечирим сўраб, ҳақиқатни қарор топтириши даркор.

Айтмоқчи бўлганимиз шуки, Каримов ҳукмронлиги йилларида юзлаб, минглаб бегуноҳ инсонлар тузумнинг кўрсатмаси асосида ноҳақдан ноҳақ панжара ортига ташланган.

Улар орасида журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифат аъзолари, диндорлар бор. Суд тизимини ислоҳ қилишни, судьялар томонидан адолатнинг тикланишини ана шундай бегуноҳларни оқлашдан бошлаш мантиқли бўларди.

Шундагина халқнинг одил суд тизимига, судьяларга, адолат қарор топишига ишончи тикланиши мумкин.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

 

Тағин ўқинг
13 август 2020
Тўғоннинг ўпирилиши Ўзбекистондаги коррупция билан боғлиқ хавотирларни кучайтиради Бунинг сабабларини ўрганиш узоқ вақтни талаб қилади Май ойида Ўзбекистонда тўғон ...
6 сентябр 2016
Юлдуз Усмонова 5 сентябр куни ютуб каналига қўйган янги видеомурожаатида Каримовнинг жанозаси ҳақида гап бошлаб, унга дунёнинг бутун подшолар ...
19 август 2021
Эрдўғон ҳукумати қозоғистонлик “Дикий” (“Ёввойи”) лақабли криминал авторитет Арман Жумагелдиевни ҳибсга олишни сўради, бироқ Назарбоев ҳукумати ўзининг чўнтак “ўғри”сини ...
11 сентябр 2018
«2006 йилга қадар «Косон» зонасининг ташқи штаби томи устидаги солдат ва снай­перлар ярим йил тўхтовсиз “террорчилар”ни кутиб яшашди. Улар ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...