Талабалар, ўқитувчи ва медиклар теримдан қайтишмоқда, бироқ етарли «фидойилар» топиладими?
Сўнгги маълумотларга кўра, Бош вазир иштирокидаги мажлисда берилган кўрсатмадан сўнг, пахта теримида қолаётган Олий ўқув юрти талабалари уйларига қайтарилмоқда.
«22-сентябрга ўтар кечаси пединиститут студентларининг ярми уйларига қайтишди, Политехника институти талабалари колоннаси ҳам шу куни қайтиб келди», дея хабар берди «Элтуз» нинг Фарғона вилоятидаги мухбири.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида 21 сентябр куни кечки соат 23:00 да бу юзадан видеоселектор йиғилиши ўтказгани ҳақида Kun.uz нашри хабар берди.
Мақоланинг аудио версияси
Талабалар, шифокорлар ва ўқитувчилар теримдан қайтарилсин!
Маълум бўлишича, шошилинч видеоселектор давомида бу йилги пахта терими масаласи муҳокама қилинган. Йиғилишда теримда бўлган талабалар, ўқитувчи ва тиббиёт ходимларини дарс жараёни ҳамда иш фаолиятига қайтариш масаласи кўриб чиқилган.
Бош вазир Арипов томонидан 22 сентябр куни соат 17:00 га қадар пахтага жалб қилинган талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини ортга қайтариш бўйича топшириқ берилган.
Жумладан, ҳукумат рахбари ўтказган селектор йиғилишида, эндиликда, фермер хўжаликларида етиштирилган ҳосилни йиғиб-териб олиш учун аниқ белгиланган чора-дастурлар ва концепция асосида аҳоли ва «Фидойи ёшлар отрядлари» жалб қилиниши айтилади.
Бироқ, ёшлар кам пул тўланадиган ишга фақат ташаббускорлик ва ватанга муҳаббат туйғуси билангина кўнишга тайёрми, деган савол жавобсиз.
Шунингдек, Фарғона шаҳрида кўрпа тўшак кўтарган талабалар билан суҳбатлашган «Элтуз» мухбири, ўқитувчи ва тиббиёт ходимларининг қайтарилаётгани ҳақида ҳозирча хабар йўқлигини айтади.
Мониторинг ўтказаётган ҳуқуқ ҳимоячилари ушланган
Мажбурий теримчиларнинг даладан қайтарилишига, бир томондан вазиятни ўрганиш учун пахта далаларида бўлган ва аслида нималар юз бераётгани ҳақида хабар қилган ҳуқуқ ҳимоячиларининг кўп йиллик меҳнатисиз эришилмаган бўларди.
Фарғона водийсида мажбурий меҳнат юзасидан мониторинг ўтказаёган ҳуқуқ ҳимоячилари Елена Урлаева ва Малохат Эшонқуловалар 21 сентябр куни далада пахта тераётган кўплаб ўқитувчи ва шифокорларни учратишганини «Элтуз» нашрига билдиришди.
Маълум бўлишича, улар 22 сентябрга ўтар тунда Фарғона вилоятида ўтган селектор мажлисида иштирок этаётган пайти милиция томонидан олиб кетилган, тўрт соат давомида ушланиб эрталабга яқин қўйиб юборилган.
«Элтуз» нашри таҳририяти бугун эрталаб улар билан боғланишга муваффақ бўлди.
Жумладан, ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева «Элтуз» мухбирига милиция ходимлари уларга турлича муносабатда бўлганини айтди.
«Дам қўпол, дам юмшоқ оҳангга ўтишди. Кейин эса уларнинг гапини диктофонда ёзиб олаётганимни сезиб, қаттиқ дарғазаб бўлишди ва барча телефон ва ускуналаримни тортиб олиб, ёзувларни ўчиришди», деди Елена Урлаева «Элтуз» мухбирига.
«Пахта қуллиги» биргина тақиқ билан йўқ бўладими?
Ўзбек таҳлилчиси, Лондонда яшаётган Алишер Илҳомов, «пахта қуллиги»ни биргина тақиқ билан ўзгартириш мумкинлигина шубҳа билдиради.
«Ахир бутун пахта терими даврида ёлланма ишчи кучини жалб этишга эҳтиёж бўладику, чунки пахта териш машиналари деярли йўқ. Ёки ўзлари зўрға амал-тақал қилаётган фермерларнинг машинага қурби етмайди.
Мажбур қилмасдан, ишчи кучини жалб этиши учун, фермер теримчиларга муносиб ҳақ тўлаш имконига эга бўлиши керак. Давлат буюртмаси ва пахта хомашёси нархи юқоридан мажбурий тартибда туширилар экан у қаердан олиб тўлайди буни? Демак давлат буюртмаси бекор қилиниши керак.
Ҳулоса: мажбурий давлат буюртмасини бекор қилиш билан бирга, (уруғ, ўғит, тех.хизмати, кредитлар) етказиб бериш ва ҳарид қилиш (пахта заводлари) соҳалари ҳам монополиядан чиқарилиши керак. Ҳозирча бу йўналишда қадам ва қарорлар кўринмаяпти» дея ёзади у ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.
Фото: Пахтадан қайтаётган Фарғона политехника институти талабаси
Eltuz.com