Асосий мавзулар
19 октябр 2017

Каримов оиласи билан навбатдаги коррупцион машмаша

Франциянинг Mediapart интернет нашри томонидан қўлга киритилган ва European Investigative Collaborations (EIC) консорциумидаги ҳамкасбларига тақдим этилган махфий маълумотлар Ўзбекистоннинг олий ҳокимияти вакиллари иштирокидаги яна бир коррупцион жиноятга оиддир.

Бу маълумотларни TheBlacksea.eu мустақил журналистик суриштирувлар ташкилоти ўз порталида эълон қилди. (Фото: Лола Каримованинг инстаграмдаги саҳифасидан)

Унда ёзилишича, Ўзбекистоннинг маҳрум президенти Ислом Каримовнинг кичик қизи Лола мамлакатда импорт товарларни ноқонуний йўллар билан сотиш орқали бойиган.

Рассом Туз. Лола Тиллаева Жўрабек масжиди қиёфаси ва номини ўзгартирди

Биргина 2013-2014 йилларда Лола ўз турмуш ўртоғи Тимур Тиллаев билан бирга 127 миллион доллар жамғарган ҳамда бу пулларни Бирлашган Араб Амирликлари ва Швейцариядаги офшор банклардаги ҳисоб рақамларига яширган.

Эълон қилинган маълумотларга кўра, Лола Каримова бизнес схемасининг марказида Дубайда рўйхатдан ўтган Securtrade компанияси туради. Бу компания кийим-кечак, телевизор сингари импорт товарларни Тошкентдаги асосий улгуржи бозор, Тимур Тиллаевга тегишли «Абу Сахий»га етказиб беради.

Securtrade ўз фаолиятини турли офшорларда рўйхатдан ўтган ўнлаб воситачи компаниялар орқали амалга оширади. Журналистлар бу компанияларнинг ҳисоб рақамлари ва транспорт ҳужжатларини ўрганиб, улар ўртасидаги айрим келишувлар сохта бўлиши мумкин, деган хулосага келди.

Лола Каримованинг ўтмиши ҳақидаги маълумотлар АҚШ элчихонасининг 2004 йилдаги дипломатик хабарларида мавжуд. Кейинчалик бу хабарлар машҳур Wikileaks сайтида эълон қилинган.

2010 йилда Лола Каримова эри билан биргаликда Женева яқинидаги киборлар яшайдиган мавзедан 30 миллион еврога кўчмас мулк сотиб олган. Уч йил ўтиб эса Лос-Анжелеснинг Беверли-Хиллз мавзесидан қиймати қарийб 50 миллион долларлик виллани харид қилган.

TheBlacksea.eu порталида ёзилишича, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги вакили сифатида Парижда отаси бошчилигидаги режимнинг имижини яхшилаш билан шуғулланган. Бунинг учун хайрия кечалари ташкил этиб, уларда катта маблағ эвазига дунёнинг машҳур шахслари иштирокини таъминлаган.

Жумладан, битта ана шундай кечада қатнашгани учун Монике Беллуччига 190 минг евро тўлаган. Бу кечада машҳур актёр Ален Делон ва Франциянинг собиқ президенти Жак Ширатнинг хотини Бернадетт Ширак ҳам ҳозир бўлган.

Айтиш керакки, анча вақтдан бери Лола коррупцияга алоқадор жиноятларда айбланиб, айни пайтда ҳибсда сақланаётган опаси Гулнорадан масофа сақлашга ҳаракат қилиб келади.

2013 йилда ББСга берган интервьюсида у опаси билан «оилавий ва дўстона» алоқалари йўқлигини айтганди. Шунингдек, ўз бойлигининг манбалари ҳақидаги саволга эри «транспорт ва савдо компаниялари акционери ҳисобланиши»ни айтиш билан жавоб қайтарганди.

EIC журналистлари қўлга киритган маълумотларга кўра, эр-хотиннинг бойлиги манбаи Тошкентдаги 25 гектар майдонни эгаллаган «Абу Сахий» улгуржи бозоридир. Бу бозорнинг муваффақияти сабаби эса унга норасмий равишда берилган солиқ имтиёзлари ҳисобланади.

Рассом Туз, Лола Каримова: «Менга қаср ато қилган пахтакор халқим!»

«Абу Сахий» таркибидаги шу номдаги транспорт компанияси маҳаллий савдогарларга хориждан товарлар етказиб беради ва унинг ўзи «божхона расмийлаштирувлари» билан шуғулланади.

Гулнора Каримова анча йиллар илгари Туркиянинг Hürriyet газетасига берган интервьюсида «Абу Сахий» «давлат бюджети олдида ҳеч қандай солиқ мажбуриятисиз ишлаши ва унда ойига қарийб 20 миллион доллар маблағ айланиши»ни билдирганди.

Бу эса мазкур бозор ўз эгаси Тимур Тиллаевга йилига 240 миллион доллар келтиради, деганидир. Аммо Т.Тиллаевнинг америкалик адвокати бу иддаоларни рад этиб, «Абу Сахий»нинг муваффақияти сабаби бор-йўғи «бизнеснинг яхши йўлга қўйилгани» эканини айтганди.

Дубайдаги Securtrade компаниясининг ягона акционери Т.Тиллаев ҳисобланади. Компанияни унинг дўсти ва ҳамкори Даврон Алимбеков бошқаради.

Журналистик текширувга кўра, бу ноқонуний бизнес қуйидагича ишлайди. Securtrade товарларни Хитой ёки Туркиядан харид қилиб, Швейцария ва БААдаги сохта компанияларга сотади. Улар ўз навбатида товарларни Шотландиянинг номи бору ўзи йўқ компанияларга пуллайди. Бу компаниялар эса товарларни «Абу Сахий» бозоридаги савдогарларга ўтказади.

EIC маълумотларига ишонилса, бу схема яширин ва ноқонуний даромад олишга хизмат қилади. Биринчидан, Securtrade нинг улкан даромади шундан дарак беради.

Компаниянинг банклардаги ҳисоб-китоблари кўрсатишича, у 2013-2014 йилларда айланма маблағи 151 миллион доллар бўлгани ҳолда 127 миллион доллар даромад қилган.

Мақолада ноқонуний йўллар билан қўлга киритилган бу маблағнинг катта қисми Дубайдаги Mashreq Bank, Абу-Даби миллий банки (NBAD) ва Швейцариянинг Vontobel банкидаги ҳисоб рақамларида тўплангани маълум қилинади.

Securtrade нинг учта савдо мижози – Elcorp, Five Star Technology Support ва Greenhall Management Шотландия масъулияти чекланган ҳамкорлиги мақомига эга. Бу мақом уларнинг ҳақиқий эгаларини ошкор этмаслик имконини беради.

Бу фирмаларнинг номинал директорлари сифатида Буюк Британия фуқаролари кўрсатилган. Уларнинг иккитаси 2 мингта (!) фирмани бошқаради.

Журналистлар яширин схема орқали ишлайдиган ва Лола Каримова ва Тимур Тиллаевга алоқадор жуда кўплаб компанияларнинг ўзаро боғлиқлигини очиб берган.

Т.Тиллаевнинг адвокати эса бундай воситачи компаниялардан фойдаланиш «бутун дунёда одатий амалиёт»лиги, бунинг ҳаммаси «қонуний» эканини таъкидламоқда.

Журналистлар суриштируви давомида Т.Тиллаевнинг Ўзбекистондаги криминал олами раҳбарлари билан яқин алоқалари ҳам юзага қалқиб чиққан.

Хусусан, юқорида номи тилга олинган Давронбек Алимбеков ва Т.Тиллаевнинг Дубайдаги Silk Road Cargo компанияси вакили Алексей Яицкий ўзбек криминал авторитети сифатида танилган Салим Абдувалиевнинг собиқ ходимлари ҳисобланади.

Т.Тиллаев ва С.Абдувалиевнинг муносабатлари эса жуда яқин деб таърифланади. Шунга қарамай, Т.Тиллаевнинг адвокати унинг мижози криминал авторитет билан «ҳеч қандай шахсий ва касбий муносабатда эмас»лигини таъкидлайди.

Лола Каримова ва Тимур Тиллаев мазкур маълумотлар юзасидан EIC журналистлари билан гаплашишдан бош тортган. Уларнинг америкалик юристи Марк Ф.Рэймонд эса бу маълумотларни «асоссиз» деб атади ва улар «ўғирланган ёки сохталаштирилган» деб ишонишини билдирди.

Бу марҳум президент Ислом Каримов оила аъзолари билан боғлиқ ягона коррупцион можаро эмас. Юқорида айтганимиздек, унинг катта қизи Гулнора айни пайтда айнан шундай жиноятларда гумонланиб, айрим маълумотларга кўра, ҳибсда сақланмоқда.

Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримованинг жияни Акбарали эса шундай жиноятлари учун Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган.

Кўринишидан, Ислом Каримов оиласига боғлиқ коррупцион жиноятларга оид машмашалар ҳали узоқ давом этади.

eltuz.com

Тағин ўқинг
17 сентябр 2021
Бир пайтлар ўзбек театрлари қайнона-келин ҳақида маҳаллий каллаварам ëзган гўтўйинларни эмас, балки инсоният тафаккури гултожи бўлган Шекспир асарларини саҳналаштирарди. ...
29 октябр 2018
Президент Мирзиёев 29 октябрь кунги фармойиши билан бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаевни ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш ...
16 январ 2022
Ўзбекистондаги ҳар бир мулозимнинг ичида битта шоир, ҳар бир шоирнинг ичида битта мулозим яшайди. Бу яхшими ëмонми, билмайман. Шавкат ...
16 март 2022
Намангандаги солиқ амалдорларининг коррупцион жиноятлари ҳақида мамлакатнинг энг олий идоралари раҳбарларидан бири далил келтирганига қарамай, улар ўз фаолиятларини бамайлихотир ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...