Жиззахлик фаоллар кўча итларининг ўлдирилишига қарши чиқишди
Жиззахлик олти нафар фаол 21 февраль куни итларга қарши террорни тўхтатишни талаб қилиб, жамоатчиликка ва ҳукуматга мурожаат қилди.
Жониворлар ҳимоячилари видеомурожаатини «Меҳр-оқибат» жамияти вакиллари youtube тармоғига қўйди.
«Мен итнинг суяклари синаётганини эшитдим. Уни тириклайин уриб ўлдиришаётганди», — дея ҳикоя қилади Жиззах вилоятининг Пахтакор шаҳрида яшовчи Гўзал Эргашева.
«Ҳайвонларни ҳимоя қилиш» жамияти фаоллари туман ҳокимлигига қилган мурожаатлари беҳуда кетаётганини айтишади.
Уларнинг билдиришича, туман ободонлаштириш бошқармаси ходимлари уларнинг арзига жавобан, «Кимга борсаларинг боринглар, биз ҳеч кимдан қўрқмаймиз, ўлдиришда давом этамиз», деб жавоб беришган.
25 нафар ҳайвонот ҳимоячиси имзо чеккан хатга прокуратурадан 2016 йилнинг августида олинган сўнгги жавобда «Дайди ҳайвонларни ушлаш» билан боғлиқ амалиёт чоғи 70 та ҳайвон отилгани, ҳайвонларга нисбатан шавқатсиз муносабат кузатилмагани, бу юзадан чиқарилган қарорларнинг амалга оширилиши устидан назорат ўрнатилгани билдирилган.
Шикоят эгаларига кўра, ҳайвонларни баъзан жониворларнинг эгалари кўзи ўнгида ўлдириб кетишмоқда.
Алина Ким 12 февраль куни «ит овчилари» қўлидан Лайка лақабли итини зўрға қутқариб олишга муваффақ бўлганини билдиради.
Бироқ, унинг сўзларига кўра, аллақачон итини жароҳатлашган. Кучукнинг бурнидан ва оғзидан қон келаётган эди.
Рассом Кирпи
Eltuz.com