Асосий мавзулар
23 феврал 2018

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати: «Тожик диверсантлари» иши

«Улар маҳаллий тадбиркорларни адолатсиз равишда турмага тиққанини биламан. Менда ҳатто қийноқлар қўлланилганига оид фотосуратлар ҳам бор. Мен бу ёвузликни қилган терговчиларнинг номларини биламан. Агар омон бўлсак, сиз буларнинг барчасини телевизорда кўрадиган пайтлар келади…», деди президент Мирзиёев 16 февраль куни МХХнинг жиноятларига ишора қилиб.

Ўзбекистон МХХ сиёсий қатағонлар билан шуғулланди, мамлакатнинг бутун аҳолисини қўрқувда ушлаб турди, журналистларга, хукук фаолларига, сиесий оппозиция фаолларга, тадбиркорларга қарши жиноят ишларини уюштирди. Бу жиноят ишлари фақат мазкур тузилма ходимлари молиявий манфаатларига хизмат қилди.

МХХнинг кўплаб мансабдорлари истеъфога жўнатилди ёки ҳибсга олинди. Аммо ҳал этилиши лозим бўлган асосий масала Ўзбекистон МХХ тергов органлари томонидан уюштирилган жиноят ишларини қайта кўриб чиқиш ва бунинг учун комиссия тузишдир.

Бизга озод яшаш имкониятига эришиш учун бир кишининг ўлимини кутиши шарт бўлган бир неча ўн сиёсий маҳкумнинг исмлари маълум, холос.

Бироқ МХХнинг номлари жамоатчиликка номаълум бўлган маҳкумлари ҳамон турмаларда ўтирибди.

Эрдановлар оиласи тарихи

  • Биз 1997 йилда бутун оиламиз, қарийб 40 киши Тожикистондан Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманига кўчиб ўтдик,- дейди ўз оиласининг фожеали тақдиридан ҳикоя қилишни бошлаган Раҳмонали Эрданов. – Ҳамма ишларди, кимдир тадбиркорлик, хусусий таксичилик билан шуғулланди, дўкон очишди, эркакларнинг бир қисми тирикчилик илинжида Россияга кетди. Қариндошлари билан алоқаларни сақлаб қолишиб, Тожикистонга тўй-маъракаларга бориб туришди.

«Биз Ўзбекистонга қайтишдан хурсанд эдик,- ҳикоясини давом эттиради Раҳмонали,- чунки биз ўзбеклармиз. Гарчи бизга «кўк паспорт» (фуқаролиги йўқ шахснинг мақоми) берилган бўлса-да, яхши ўрнашдик».

Бало кутилмаганда келди – 2012 йил май ойида ота томондан қариндошлар Бахтиёр Аллонов ва Зокир Дўсалов МХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси тергов бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинди.

Улар ИИБ махсус ҳибсхонасида (одатда дайдилар жойлаштирилади) 5 ой давомида сақланди. Улардан вилоятда Тожикистон манфаатларига хизмат қиладиган қандайдир жосуслик тармоғи мавжудлиги тўғрисида кўрсатма олишга уринилди.

«Кейинчалик маълум бўлишича, улар қийноқларга чидай олмай, отамга қарши кўрсатма берганидан кейингина айблов эълон қилинмасдан озод этилди,- дейди Раҳмонали. – 2013 йилда МХХнинг Нодир Тўрақулов бошчилигидаги тергов гуруҳи отамнинг акаси Бегали Эрдановни ҳибсга олди. Бир ойдан сўнг акам Равшан Эрданов қамалди. 2013 йил декабрда отам Абдуғани Эрданов, жияним Эркин ва яна бир қариндошимиз Қаюм Султонов қамоққа олинди. Укам Муминжонни хам камашди».

Ҳибсга олишлар давом этди ва бундан катта оиланинг аёллари ҳам бебаҳра қолмади. Кишилар қамалди, сўроққа тутилди, керакли кўрсатмалар олиниб, баъзилари қўйиб юборилди.

2013 йилда қамалган Хадича Хўжамуродова айни пайтда аёллар колониясида жазо муддатини ўтамоқда. У ҳибсга олингандан сўнг уч фарзанди Тожикистонга депортация қилинди.

Раҳмоналининг айтишича, унинг мазкур жосуслик иши бўйича ҳибсга олинган узоқ қариндошлари бўлмиш уч нафар аёл қамоқда вафот этган. Учта фарзанди етим қолган Дилфуза ва Гулчеҳра турмада ўлган. Уч фарзанднинг онаси Мўътабар Эшбекова МХХ тергов изоляторида жон берган. Унинг жасади шошилинч равишда Тожикистонга жўнатилган.

Тергов машинаси Тожикистон фойдасига ҳаракат қилган жосуслар ролини ўйнашга маҳкум этилган бу оила аъзоларининг тақдирини вайрон қилишда давом этди.

Жиноят ишини юритишга МХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси тергов бўлими бошлиғи Нодир Тўрақулов раҳбарлик қилди.

Бу кимса кейинчалик Ўзбекистон МХХ тергов бошқармаси бошлиғи лавозимини эгаллаб, журналист Бобомурод Абдуллаевга ҳокимиятни босиб олиш мақсадидаги «Ўрим» номли операция ҳақидаги ишни ўйлаб топган ва эҳтимол журналистни қийноққа солишга буйруқ берган ўша Тўрақуловдир.

МХХ Сурхондарё бошқармаси ходимлари Бахтиёр Орзуев, Улуғбек Шодиев ва Бахтиёр (фамилияси номаълум) ҳибсга олишлар, тинтувлар, шунингдек, тамагирлик ва ҳибсдагиларни қийноққа солишга бевосита раҳбарлик қилдилар.

«Улар уйимизни тинтув қилар экан, уйда ҳеч қандай қимматбаҳо нарса йўқ экан, адашган бўлсак керак, деб устимиздан кулишарди», дейди Раҳмонали.

«Ҳибсдагилар қаттиқ қийноққа солинган ва улар иқрорлик билдирган. Улар на қурол ва на ўқ, ҳеч нарса топишгани йўқ. Улар қариндошларим ҳарбий қисмларнинг манзилларини тўплашганини айтишди. Агар бу манзилларни интернетда хоҳлаган одам топа олса, уларни тўплашдан мақсад нима», давом этади Раҳмонали.

2014 йил Сурхондарё вилояти жиноят ишлари суди гуруҳнинг барча аъзоларини 5 йилдан 20 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Эркаклар жазони ўтагани Жаслиққа жўнатилди.

Ҳозирги кунда беш йилга озод этилиб, 2014 йил декабр ойида амнистия асосида озодликка чиққан Муминжон Эрдановдан бошқа барча қариндошлар Жаслиқда жазо муддатини ўтамоқда.

Суддан сўнг миллий телевидениеда «тожик диверсантлари» тармоғи фош этилгани тўғрисида тайёрланган «фильм» намойиш этилди.

Эрдановлар оиласи нимада айбланган эди?

Суд ёпиқ тарзда ўтди, оила адвокат топа олмади. Раҳмоналининг айтишича, Нодир Тўрақуловдан қўрққани учун ҳеч ким уларни ҳимоя қилишга журъат этмаган.

МХХ тергов гуруҳи қийноқлар остида олинганидан ташқари яна қандай далил-исбот тақдим этгани номаълумлигича қолмоқда. Тайинланган адвокатлар оила билан алоқа қилмади, айбланувчилар ҳам, қариндошлар ҳам суд ҳукмини олгани йўқ.

Бироқ 2014 йил апрелда интернетда Эрдановлар оиласи иши ҳақидаги «Тожикистон: оч бўлсак-да, 30 кумуш тангага хоинларни ёллаймиз» номли рус тилида мақола пайдо бўлди. Бу каби мақолалар МХХнинг махсус бўлимида ёзилади ва тўқима номлар остида чоп этилади.

Мақолада Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон ҳудудида террорчилик ҳаракатлари тайёрлаган тожик диверсантларининг кенг тармоғи ҳақида ҳикоя қилинади ва «Душанбе томони ҳокимлик биноси, Сурхондарёдаги ҳарбий қисм, Термиздаги «Болажон» боғи, шунингдек, «Айритом» халқаро ўтиш пункти яқинида террорчилик актлари содир этишни тайёрлаш ва амалга оширишни молиялаштиргани» таъкидланади.

Таъкидланишича, мазкур иш иштирокчилари Тожикистонда бўлган вақтида мазкур мамлакат махсус хизматлари томонидан ёлланган ва «ҳамкорликка жалб этилган».

Жиноят ишида Абдуғани Эрданов «жосуслик-қўпорувчилик гуруҳи раҳбари» сифатида тақдим этилади.

«Онам билан учрашув чоғида отам фильмда барча жиноятларга иқрорлигини айтиши учун унга қандайдир уколлар қилингани ҳақида гапирган. Уларнинг тирноқлари суғуриб олинган, тирноқлар ўсгач эса яна қайтадан суғурилган. Уларга агар иқрор бўлмаса, хотинларини кўз олдиларида зўрлаш билан таҳдид қилинган», дейди Раҳмонали.

МХХ ҳибсга олинганларнинг барча машиналарини мусодара қилар экан, ота-онасиз қолган ўнлаб болаларни қашшоқликка гирифтор этаётганини ўйлаб ҳам ўтирмаган.

«Отам МХХ ертўласида ўтирганида унга телефон беришиб, Тожикистондаги акаси Абдусаломга қўнғироқ қилишни буюришган. Отам акасига қўнғироқ қилиб, оғир аҳволга тушганини айтган ва 100 миллион сўм (ўша пайтда 24 минг доллар) жўнатишни сўраган,- дейди Раҳмонали.

  • Биз барча нарсаларимизни сотишга ва Нодир Тўрақулов учун пул йиғишга мажбур бўлдик. Мўминжон бу пулни олиб борди, сабаби ичкарида акам Абдуғанини мажбурлаб «фақат Мўминжон пулни олиб келсин» деб бир ой телефон килдиришди, мажбурликдан биз қарз сўраб, боримизни йиғиштириб Мўминжонни жўнатишга мажбур бўлдик акам учун, чунки бошқа иложимиз йўқ эди, бизга акамни соғлиги зарур, дейди Абдулкарим Эрданов (Абдуғани Эрдоновнинг кичик укаси)

«Аммо бу отамга ёрдам бермади. Кичик боласи бор-йўғи уч ойлик бўлишига қарамай, акам Мўминжоннинг хотини Тожикистонга депортация қилинди. Уч бола Ўзбекистонда отаси билан қолди», давом этади Рахмонали Эрданов.

Ҳозир отам касал, акам силга чалинган. Нодир Тўрақуловнинг қамоққа олингани жуда тўғри бўлибди. Чунки унинг ўзи хоин. Аммо менинг ҳамон қамоқда қолаётган қариндошларимнинг тақдири нима бўлади, улар қўйиб юбориладими, қачон?»

Шавкат Мирзиёев МХХни «ҳатто столбани ҳам қамашгача бориш»да айблаганига қарамай, МХХ томонидан уюштирилган жиноят ишлари қайта кўриб чиқилиши, асосийси, бу ишлар сабаб қамоқда қолаётган маҳкумлар қачон озод этилиши масаласи ҳамон номаълум қолмоқда.

Умида Ниёзова
Eltuz.com

Тағин ўқинг
5 август 2017
Карикатурадаги абсурд ҳолат 2015 йилнинг октябридаги воқеани акс эттирган. Ўшанда одамларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳақидаги хабардан кейин, Халқ ...
2 декабр 2022
Азиз оға ини, опа-сингилу қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман.Матчон Суқилиш: Ничиксизлар, мўччи ойбика ҳам хўжик биррила?РТ: Матчонбой, ...
14 феврал 2018
Туркманистон президентининг куёви, 28 ёшли Ибабекир Бекдурдиев (Гуга) 1 миллион доллардан ортиқ нархдаги қўл соатлари тақади. Уларни тақиб, ўзининг ...
4 сентябр 2019
Замоннинг тез ўзгаришини қаранг. Бир неча йил олдин катта авлод ҳали компьютер ишлатишни билмасди, биз эса ўзимизча замонавий ёшлар ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...