Кундалик
25 декабр 2018

Модернизациялаш тезроқ самара бермаса, ташқи қарз кўпаяди

Ўзбекистонда импорт ҳажми экспортга нисбатан давомий равишда ортиб бораётгани қисқа ва ўрта истиқболда мамлакат ташқи қарзларининг кескин кўпайишига олиб келиши мумкин.

Шунинг учун айни пайтда катта суръатларда давом этаётган модернизация жараёнлари тезроқ самара беришига эришиш ўта муҳим масаладир.

“Элтуз” билан суҳбатда иқтисодчи Абдусаттор Ҳайдаров Ўзбекистонда жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида импортнинг экспортдан 6 миллиард доллар ортиқ бўлгани ҳақидаги маълумотлар юзасидан шундай фикр билдирди.

Қайд этилган даврда мамлакатда ташқи савдо айланмаси 28 664,7 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,6 фоиз ўсди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу даврда экспорт ҳажми 11 324,0 млн. АҚШ долларига (3,2 фоиз камайиш), импорт ҳажми эса 17 340,7 млн. АҚШ долларига (36,8 фоиз ўсиш) етган.

Импорт таркибида машина ва асбоб-ускуналар улуши 41,9 фоизни, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар 13,2 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотлари 8,2 фоизни ташкил этди. Шунингдек, қурилиш материаллари импорти ҳам бу даврда 27,4 фоиз ўсди.

“Импорт таркибида машина ва асбоб-ускуналар улуши ортаётгани мамлакатни модернизациялаш жараёни билан боғлиқ, – дейди А.Ҳайдаров. – Четдан келтирилаётган қурилиш материаллари кўпайганига сўнгги вақтларда бу соҳада иш ҳажми кескин ортгани сабабдир. Озиқ-овқат импортидаги асосий товарлар эса ун ва шакар, шунингдек, цитрус мевалар бўлиб турибди”.

Унинг фикрича, ривожланаётган давлатларда ислоҳотларнинг дастлабки босқичида импортнинг экспортдан ортишини табиий қабул қилиш керак. Чунки агар мамлакат модернизациялаш жараёнига жадал киришса, ривожланган давлатлардан илғор технология ва асбоб-ускуналарни кўпроқ сотиб олишга мажбур бўлади.

“Ҳамма гап мана шу модернизациялашнинг қанчалик тез самара беришида. Акс ҳолда давлатнинг ташқи қарзи ортиб боради ва бир кун келиб бу бюджетнинг имкониятларини чеклаб қўяди”, дейди иқтисодчи “Элтуз” билан суҳбатда.

Марҳум президент Ислом Каримов Ўзбекистоннинг ташқи қарзи камлиги билан мақтанишни ёқтирарди. Масалан, 2014 йилнинг декабрь ойида у аниқ рақамларни келтирмаган бўлса-да, мамлакатнинг ташқи қарзи ЯИМнинг 15 фоизидан ошмаслигини айтганди.

Бугун маълум бўляптики, аслида ўтган узоқ йиллар давомида Ўзбекистонда иқтисодий ривожланишнинг ўзи бўлмаган. Коррупция, авторитар бошқарув тизими туфайли хорижий давлатлар ва халқаро молия ташкилотлари мамлакатга қарз беришдан ўзини тийиб келган.

Берилган арзимаган қарзлар ҳам, асосан, ҳукумат кафолати остида жалб этилган бўлиб, бу халқаро молия ташкилотларининг мавжуд режимга ишончсизлигини англатарди.

Мамлакатни ривожлантира олмаган ва биров қарз бермаган Ислом Каримов эса ўз муваффақиятсизлигини ташқи қарзнинг камлиги билан мақтаниш ҳисобига хаспўшлаб келган.

Жорий йилнинг биринчи ярми ҳолатига Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қарийб 16 миллиард долларни ташкил этмоқда. Яъни Ислом Каримов давридагига нисбатан анча ортган. Ҳозир ташқи қарзимиз ЯИМнинг қарийб 40-45 фоизига яқинлашиб қолди.

Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг асосий қарзлари узоқ муддатли бўлиб, 13,5 млрд доллари ёки 86 фоизи 10 йилдан ортиқроқ муддатга берилган.

Мамлакат биринчи ярим йилликда жами 686,3 млн доллар қарзини ва 176,6 млн доллар унинг фоизини тўлаган.

Иқтисодчи А.Ҳайдаровнинг таъкидлашича, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсишда давом этяпти. Шунинг учун ҳозирча ташқи қарз кўпаяётгани унчалик хавотирли эмас. Қаолаверса, бугунги кунда халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатга муносабати ижобий томонга ўзгарган.

“Бу вазиятдан имкон қадар унумли фойдаланиб, модернизациялаш самарасини ошириш керак. Акс ҳолда ташқи қарзимиз кўпайиб, унинг иқтисодиётга тушаётган юки оғирлашиб бораверади. Биз тезроқ ташқи савдода мутаносибликни таъминлашимиз ёки ижобий сальдога эришишимиз керак”, деди А.Ҳайдаров.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 ноябр 2019
Бу галги «Ёзарнинг саси» рукнида «Элтуз» Ўзбекистон халқ шоири, 98 яшар адиб Шукрулло домланинг фикрларини эътиборингизга тақдим этади. Шукрулло ...
8 феврал 2019
Айтайлик, ғорда яшайдиган ибтидоий одам ëниқ турган телевизорни кўриб қолди. Унинг илк реакцияси қандай бўлади? Албатта, дастаси ëғоч тош ...
2 октябр 2018
Таниқли ўзбек шоираси 59 ёшли Зулфия Мўминова республика ТВси орқали ўқиб берган янги шеърида болани «дунёлардан бехабар оқ каптар»га, ...
21 январ 2016
Сифатсиз хизмат учун тўловлар ошади Sputnik интернет нашри 2016 йил 1 январдан Ўзбекистондаги мобил алоқа операторлари учун солиқ тўловидаги ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...