Асосий мавзулар
5 феврал 2019

Эски тарғиботчиларнинг янги фалсафаси

Бир вақтлар қадимий Рим салтанатининг тарғибот-ташвиқотчилари сифатида воизлар ва файласуфлар империянинг равнақ топишида катта ҳисса қўшган.

Аристотель ва Суқротнинг, Сенеканинг фалсафаси бугунги кунгача инсоният маънавиятининг дурдоналари ҳисобланади.

Арестотель Александр Македонскийнинг дунёқарашини шакллантирган, унинг давлати қудрати кучайишига бевосита ва билвосита ёрдам берган.

Деспотлиги сабабли бугун инсоният томонидан қораланадиган император Нероннинг тарбиячиси эса Сенека эди.

Гарчи Сенека кейинчалик Нероннинг ғайриинсоний сиёсатига қарши чиққан бўлса-да, унинг номи деспот Нерон билан ёнма-ён келади.

У кейинчалик биринчи Рим императорларининг деспотик тенденцияларига қарши турган Сенат мухолифатининг идеологи бўлди.   

Гитлер Германиясининг иқтисодий қудратга эришиши фюрернинг сиёсати қаторида Йозеф Геббельснинг муваффақиятли тарғибот-ташвиқоти натижаси бўлгани бугунги кунда сир эмас.

“Тарғибот ақлга хуш келадиган эмас, балки оммабоп бўлиши керак. Ақлий ҳақиқатни қидириш тарғиботнинг вазифасига кирмайди”, деган эди Геббельс.

Нафақат Адольф Гитлернинг нацизмга йўғрилган сиёсати, балки Йозеф Геббельснинг ёрқин нутқлари, миллат кўнглини ийдирадиган нозик тарғибот-ташвиқоти туфайли инсоният ўзининг энг қора кунларидан бирини бошдан кечирди.

Бугунги авлоднинг кекса вакиллари эса совет даври тарғиботининг мастоданти сифатида Михаил Сусловни эслайди.

Гарчи унинг энг кучга тўлган вақти Брежнев ҳукмронлиги даврига тўғри келган бўлса-да, у ҳали Сталин ва Хрушчёв замонидаёқ тарғибот-ташвиқотда Совет Иттифоқининг олди одамларидан эди.

Лекин у олға сурган ғоялар кейинчалик СССРнинг ҳалокати билан якун топди.

Бугунги сиёсат тили билан айтганда, биз тарихдаги репрессив режимларнинг фалсафаси, тарғибот-ташвиқотига қисқа сайр этдик.

Ўзбекистон ҳам ўзининг мустақиллик йилларида, Ислом Каримов ҳукмронлик қилган даврда совет даврининг тарғибот-ташвиқотига суянди, шу асосда сиёсат юритди.

Каримов даврининг Суслови вазифасини бажарган одам бугун ҳам давлат бошқарувида. Лекин у Суслов каби ҳукмдорни ўз йўриғига юрдирган буюк тарғибот-ташвиқотчи эмас, балки ҳукмдорнинг хоҳиш-истакларини рўёбга чиқарадиган арбоб ўлароқ тарихга киради.

Худди Йозеф Геббельс каби. Гарчи унинг иқтидори Геббельсники олдида сариқ чақага арзимаса-да. Зеро, ҳар қанча қораламайлик, Гитлер ва Геббельс даврида Германия иқтисодий тараққиётда дунёнинг олди мамлакати эди.

Бизнинг марҳум ҳукмдор ва унинг мафкурачиси эса ўзбекни мардикор, фоҳиша, қўйсифат миллат сифатида дунёга танитган шахслар сифатида тарихда қолса, не ажаб.

Мафкура, яъни тарғибот-ташвиқот бугун дунё сиёсатида муҳим ўрин тутмоқда. Шу жиҳатдан олиб қараганда, мафкураси, аслида орияти ва ғурури баланд миллат жаҳонда қандайдир нуфузга эга бўлади. Албатта, иқтисодиёти ҳам бақувват бўлиши керак.

Журналист Қошиқчини ўлдирган Саудларга, агар пули бўлмаса, бугун сичқоннинг ини минг танга бўларди…

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг нуфузи оширилиб, президент маъмурияти (нимага администрация деб номланганига бугун кўпчилик тушунмайди)га қўшилгани ҳақидаги хабарларни ўқиб, юқоридаги мулоҳазалар хаёлга келди.

Аввало, бош мафкурачи, яъни тарғибот-ташвиқотчи вазифасига Ўзбекистоннинг энг катта коррупциячилари сифатида кўрилаётган Иноятов-Парпиев клани вакили келгани ўйланган вазифалар (агар миллат равнақи йўлидаги эзгу вазифалар бўлса) адо этилишига шубҳа уйғотади.

Қолаверса, “Автотест” каби лойиҳалари ортидан мақсади кимлигини кўрсатган шахсларнинг давлат мафкураси йўналишини белгилаб берадиган ёки бу мафкурани амалга оширадиган масъул лавозимга келиши кишини ўйлантиради.

Йозеф Геббельс: “Менга оммавий ахборот воситаларини беринг ва мен ҳар қандай миллатдан чўчқалар подасини яратаман”, деб айтган дейишади.

Яқин тарихимизда ўзимиз билган ОАВ бизни қандай йўлга бошлаганини кўрдик. Бугун бу йўлдан воз кечиб, инсон эрки, миллат ғурури, давлат қудратига етаклайдиган йўлни қидиряпмиз. Ҳар ҳолда шундай тасаввур уйғонмоқда.

Шундай экан, бизни бу йўлга тарғибот-ташвиқот қиладиганлар яна ўша аввалги даврини қўмсаётган “эски”лар бўлса, қаергача борар эканмиз?

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 январ 2018
18 январь куни Самара-Чимкент автойўлида ёниб кетган эски «Икарус» автобусида 52 нафар ўзбекистонликнинг ҳалок бўлиши ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида ...
9 июн 2022
Бугун «Элтуз портали»да муҳокама қилмоқчи бўлганимиз шикоятлар мавзуи шу кунларда Ўзбекистонда рўй бераётган мактаб директорлари аттестацияси натижаларига бағишланади. Аксарият ...
24 январ 2016
Ўзбекистон раҳбарияти “бизда миллионерлар йўқ” деб турган бир пайтда Қашқадарë вилоят Яккабоғ туманида 23 яшар миллионер истиқомат қилмоқда. Агар ...
30 август 2022
Муҳаммад Солиҳ билан кечган суҳбатнинг 5-қисми дўстлик ва нонкўрлик ҳақида. «Мен ҳайрон қолардим: дунёда ёмонроқ ишлар бор. Қотиллик бор, ...
Блоглар
8 феврал 2025
Шу пайтгача «Анора» деган икки фильм олинди. Биттаси етим қизнинг ашлачи бўгани ҳақида¸ яна биттаси ...
23 январ 2025
Ўзбекистон мудофаа вазири Холмухаммедов босқинчи газанда Россия билан 2026-2030 йилларда ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури ...
20 январ 2025
Ўзбекистон президенти уйида йиртқич ҳайвон¸ илон ва хашаротларни боқадиганлар жазоланиши ҳақидаги қарорни 16 январь куни ...