Асосий мавзулар
11 феврал 2019

ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев ишдан олинди, ўнлаб ходимлар қамалди

Бир йил олдин ишга тайинланган 53 яшар Ихтиёр Абдуллаев жорий йилнинг 8 февралида ДХХ раҳбари лавозимидан бўшатилди. Абдуллаев устидан жиноят иши очилгани айтилмоқда. Унинг ўрнига мудофаа вазири 59 яшар Абдусалом Азизов тайинланди.

Кучишлатар тизимлардаги кадрлар алмашинуви сабабларини «Элтуз» мухбири ўрганди.

ДХХнинг янги раиси Абдусалом Азизов

ДХХнинг юзга яқин ходими қамоқда ёки қандай қилиб давлат тўнтариши олди олингани тўғрисида

Қуйидаги мақолада келтирилган маълумотлар Давлат хавфсизлик хизмати таркибида ишлайдиган шахсдан келиб тушди. Ўзбекистон каби ёпиқ мамлакатда давлат органлари кўп ҳолларда мустақил журналистларнинг саволларига жавоб бермайди. Айни мақоладаги баъзи иддаолар юзасидан расмийлардан изоҳ ололмадик. Шунга қарамай, биз олинган маълумотларни нашр этишга қарор қилдик ва муқобил маълумотларни тақдим эта оладиганлар билан гаплашишга тайёрмиз.

Ихтиёр Абдуллаев, ДХХнинг собиқ раиси

Январь ойи бошидан буён Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг юзга (!) яқин ходими қамоққа олинди.

ДХХ ходимининг “Элтуз” почтасига йўллаган электрон мактубида қамоққа олинганлар орасида ДХХ раисининг энг яқин одамлари сифатида кўрилган юқори амалдорлар ҳам борлиги хабар қилинади.

“Улар орасида ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевнинг энг яқин одамлари – ДХХ раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамов, ДХХ раисининг божаси Эшонхонхўжаев Алишер, унинг акаси Эшонхўжаев Ҳасан, ДХХ тергов бошқармаси бошлиғи Абдуллаев Аброр ва ДХХ раисининг яқин дўсти Улуғбек Азимов билан бирга яна юзга яқин тезкор ходимлар бор,” деди ДХХ ходими.

Бундан ташқари, икки юзга яқин турли даражадаги ДХХ ходими очиқдан терговга қатнаяпди.

“Қамалганларнинг фақат еттитаси прокуратурадан ўтган, қолганлари ДХХ тизимидаги офицерлар”, деб ёзади ДХХдаги манба.

Унинг алоҳида таъкидлаб ёзишича, қама-қамаларга у ва унинг яна бир шериги берган маълумотлар асосида “Элтуз”да нашр этилган “ДХХ инқирози. Янги раҳбарият эски назоратни давом эттирмоқда» номли мақола сабаб бўлган.

Унда бир йил олдин ДХХ раиси этиб тайинланган Ихтиёр Абдуллаевнинг Ўзбекистондаги энг қудратли ташкилотни ўз назоратига тўлиқ олишни мақсад қилгани ҳақида сўз борарди.

“Элтуз” манбасига кўра, мақоладаги барча фактлар текширилган ва улар юз фоиз ўз тасдиғини топган.

Орадан бир неча кун ўтиб коррупцион ишларга алоқадор шахсларнинг кўпи ҳибсга олинган.

Тергов ишларини Бош прокуратура тергов гуруҳи ўта махфий равишда олиб боряпди, – деб ёзади ДХХ ходими. – Назорат ва оператив хизматни Президент хавфсизлик хизмати бажаряпти. Қамоққа олинган ДХХчиларнинг ҳаммаси ИИВ вақтинчалик изоляторида ушлаб турилибди.

“Элтуз” билан ёзишган ДХХ ходими қамоққа олинганлар ҳозирча Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси (“ Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”), 205-моддаси (“Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”), 210-модда (“пора олиш”) ва 211-модда (“пора бериш”) кўзда тутган жиноятларда гумон қилинаётганини айтди.

Бош прокуратурадан олиб келган содиқ одамлари ва ҳатто қариндошлари ҳам қамоққа олинган бўлса-да, Ихтиёр Абдуллаевнинг ДХХ раҳбари бўлиб қолаётгани ўринли саволларни кучайтирган.

Ўтган ҳафта 6-7 январь кунлари юз берган воқеалар бу саволларга жавоб бергандай бўлди.

Таҳдид

7 январь куни Ўзбекистон бош прокурори Отабек Муродов президент қабулида бўлиб, олий бош қўмондонга ДХХнинг бир гуруҳ ходимлари томонидан содир этилган жиноятларда генерал Ихтиёр Абдуллаевнинг қўли йўқлиги ҳақида ҳисобот берди.

“Лекин оз сонли одамлар бош прокурорнинг нега бундай ҳисобот беришга мажбур бўлганини билади,” дейди МХХ зобити.

Унинг ёзишича, бир кун муқаддам президент администрацияси молия-хўжалик департаменти раҳбари Зелимхон Ҳайдаров билан бўлиб ўтган суҳбат Отабек Муродовнинг фикрини ўзгартириб юборган эди.

МХХ ходимининг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг энг яқин одами сифатида кўрилган ва яқин-яқингача мамлакатдаги энг қудратли шахслардан бири ҳисобланган Зелимхон Ҳайдаров ёш бош прокурорга кўндаланг шарт қўяди – ё президентга Ихтиёр Абдуллаевнинг ДХХ раҳбарлари кирдикорларига мутлақо алоқаси бўлмаганини айтасан ёки ўтмишдаги қилмишларинг фош этилади.

Лекин мактуб муаллифи Отабек Муродовнинг ўтмишдаги қилмишларига тўхталгани йўқ.

“Бундай таҳдидга Отабек Муродов дош бера олмадими ёки бош прокурор этиб тайинлангунигача билвосита раҳбари бўлган шахс жиноятларини очиб ташласа, ўзига ҳам осон бўлмаслигини сездими, нима бўлганида ҳам, девонбоши шартига кўнди”, деб ёзади ДХХ ходими.

Отабек Муродов ва Зелимхон Ҳайдаров учрашуви, “Элтуз”нинг хулоса қилишича, ҳукумат коридорларида Шавкат Мирзиёев сиёсатига яширинча қарши чиқаётган ва унинг ислоҳотларини саботаж қилмоқчи бўлган қудратли шахсларнинг борлигини кўрсатади.

ДХХ ходими йўллаган электрон мактубда ҳам айнан шу ҳолатга алоҳида тўхталган.

“Элтуз”га электрон мактуб йўллаган МХХ ходимининг иддао қилишича, Ўзбекистонда биринчи президент ҳукмронлиги йилларида амалда мамлакатни бошқарган бир гуруҳ шахслар Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсатдан норози бўлиб, уни халқ кўзи ўнгида ёмонотлиқ қилиш ва алал-оқибат ҳокимиятдан ағдариш режасини тузиб чиқиб, бу режани 2018 йилдан бошлаб босқичма-босқич амалда татбиқ этиб келмоқда.

Бу гуруҳ ҳақида келгуси мақоламизда батафсил сўз боради.

“Элтуз”ни кузатишда давом этинг.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 октябр 2019
Буюк Британияда ҳуқуқ ҳимоячилари-ҳуқуқшунослар жамоаси ўзбек пахтасига имтиёзли тарифлар қўлланишини қайта кўриб чиқиш талаби билан судга мурожаат этди.  Уларнинг ...
4 апрел 2021
Ўзбекистон жазони ижро этиш тизимида “биринчи рақамли жаллод” сифатида ном чиқарган Нозим Жумаев биринчи апрель куни Бухорода кўмилди. Бундан олдин у ...
25 сентябр 2015
– Дунёда икки юздан ошиқ давлат бор, деярли барчасида тинчлик, саноқли давлатлардагина маълум сабабларга кўра нотинчлик холос. Юртимиз юз ...
9 октябр 2018
Ахборот технологиялари ва коммуникацияни ривожлантириш вазирлиги октябрь ойининг бошида Ўзбекистонда кўриш тақиқланган 103 фильм рўйхатини провайдерларга тақдим этди. Назорат ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...