Ўтда ёнмас, сувда чўкмас “Автотест”
Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан расман қабул қилинган қонун лойиҳаси Сенат томонидан ими-жимида ўзгартирилган ҳолда маъқулланди.
Депутатлар бошқача қабул қилиб, сенаторлар бошқача кўринишда маъқуллаган бу нормалар юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчиларининг, шу жумладан, йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малака оширишига алоқадор.
Kun.uz сайтининг ёзишича, депутатлар томонидан 2019 йил 6 февралда тасдиқланган қонун асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишлар малака ошириш сертификатига эга бўлмаган ҳайдовчиларга жарима қўллашни назарда тутади.
Ўша пайтда бу ўзгартишлар ҳақида гапирган депутат Расул Кушербоев у барча юридик шахсларнинг ҳайдовчилари эмас, балки “йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчининг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати бўлиши зарурлиги”ни назарда тутишини билдирганди.
Лекин куни кеча Сенат маъқуллаган айни шунга доир қонун депутатларникидан фарқ қилиб, барча юридик шахслар транспорт воситалари ҳайдовчиларига тааллуқли бўлиб чиқди.
Ички ишлар вазирлиги ҳам бу ўзгартиш ҳақида ёзиб, “ҳайдовчилардан (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга) қўшимча сифатида киритилган модда талабларига тўлиқ амал қилишларини сўраб қолиши”ни билдирди.
Бундай сертификатга эга бўлмаган юридик шахслар транспорт воситалари ҳайдовчилари сенаторлар “ҳиммати” билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларга энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида (ҳозирда 202730 сўм) жарима қўлланиши мумкин.
Янги ҳуқуқий норма уч ойдан сўнг амалга киритилади.
Айтиш керакки, бундай мажбурий сертификатга эга бўлиш масаласи кун тартибига чиққанда ўзбек жамиятида жуда сезиларли машмашага сабаб бўлганди. Чунки бу сертификатни тақдим этиш ваколати фақат битта хусусий муассасага – “Автотест репорт” МЧЖга ҳукуматнинг махсус қарори билан берилганди.
Сал ўтиб, ҳатто ҳукуматни ҳам ўз шахсий манфаати йўлида қарор чиқаришга мажбурлай олган бу МЧЖнинг муассиси Давлат солиқ қўмитасининг, кейинчалик шахсан президентнинг эндиликда собиқ матбуот котиби, айни пайтда эса президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари мақомида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигини бошқараётган Комил Алламжонов экани айтилганди.
Ҳукумат орқали монополияни қонунийлаштириб олган “Автотест” бунинг орқасидан жарақ-жарақ пул ишлашга тушиб кетган бир пайтда ижтимоий тармоқларда турли танқидлар янгради. Натижада ҳукумат мазкур МЧЖнинг монополиясини бекор қилишга мажбур бўлди.
Шунга қарамай, вазият деярли ўзгаргани йўқ, дейиш мумкин. Ҳозир ҳам, дейлик, ичиб машина ҳайдагани учун ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилган ҳайдовчилар “Автотест”дан махсус сертификат олиб келмаса, белгиланган жазо муддати тугаганига қарамай, унга ҳужжати қайтариб берилмайди.
Айни шу сабабли Сенат аввал қабул қилинганидан анча фарқли қонунни маъқуллагани ортида яна ўша “Автотест”нинг “қулоғи” кўринмоқда.
Чунки мамлакатда юқорида тилга олинган сертификатни бериш талабларига жавоб берадиган бошқа муассаса йўқ ҳисоби. Демак, “Автотест”нинг монополияси расман бекор қилинган бўлса-да, амалда ҳали ҳам вазият ўзгаришсиз қолаётир.
Энг эътиборлиси, Қонунчилик палатаси қабул қилган қонунни Сенат орқали ўзгартирилган ҳолда маъқуллатадиган даражада кучга эга бўлган “Автотест”нинг қудрати манбаи аслида қаердалиги ҳозиргача кенг жамоатчилик учун мавҳумлигича қолмоқда.
Шунча шов-шув ва танқидларга қарамай, ўтда ёнмай, сувда чўкмай келаётган “Автотест”нинг лоббичилари бўлиши тайин ва жамоатчилик бу “қаҳрамонлар”нинг ҳам кимлигини билиши керак.
Баҳодир Шариф
Eltuz.com