Швецияда терактга алоқадорликда гумон қилинган яна бир ўзбек қўлга олинди
Швециянинг Остерсунд шаҳрида 14 август куни одамларни машинасига бостириб террор акти уюштиришга уринганликда гумон қилинган 32 яшар ўзбек қўлга олинди.
Бу ҳақда хабар берган «Афтонбладет» (Aftonbladet) нашрига кўра, у ўзининг шахсий ширкатига расмийлаштирилган «Volvo» автомобилида кўчанинг гавжум қисмида одамларни бостиришга ҳаракат қилган.
Ekot швед радиоси бу шахснинг ўзбекистонлик эканини очиқлади. У эндиликда қотиллик режасига тайёргарликда айбланиб, полицияга топширилган.
Швед нашрлари, шунингдек, воқеа гувоҳлари шубҳали ҳаракатлар қилаётган ҳайдовчи ҳақида хабар беришгани, полиция машина бетон бордюрга бориб урилганидан кейин бу шахсни қўлга олишга муваффақ бўлгани, унинг ёнидан тергов версиясига алоқадор далиллар чиққанини ёзмоқда.
«Элтуз» нашрининг ўз манбалари орқали ўрганишича, қўлга олинган шахс Швециянинг Ямтленд вилояти Фолинг (Föllinge) шаҳрида яшовчи 1983 йил туғилган Дилшод Усмоновдир.
Швед нашрларининг мамлакат хавфсизлик хизмати (SÄPO) дан иқтибос қилиб билдиришларича, полицияда Усмоновни террор актига алоқадорлигини тасдиқловчи жиддий далиллар бор.
Бироқ ҳозирча мазкур ҳодиса юзасидан иш бошлаган швед полицияси ва хавфсизлик хизмати терговга ва гумонланувчининг шахсига оид маълумотларни очиқламаяпти.
Шу йилнинг январида швед суди «Исломий давлат» (ИШИД террор ташкилоти)ни молиялаш ва терактлар тайёрлашда айбланган олти нафар ўзбек – Акромжон Эргашев, Ғулом Тожиев , Фарҳод Тошмуҳаммедов, Шоаҳмад Маҳмудов, Бахтиёр Умаров, қирғизистонлик Отабек Абдуллаев устидан ҳукм чиқарган эди.
Уларнинг икки нафари айни Усмонов яшаётган Швециянинг Ocтерсунд шаҳридан эканини «Элтуз» нашри очиқлаганди.
Жумладан, ўзбекистонликлар Стокгольм суди қарори билан «Исломий давлат»ни молиялаш ва Европа давлатларида кенг миқёсда террор актларига тайёргарлик кўришда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Швед нашрларининг хавфсизлик хизматларидан иқтибос келтириб билдиришича, Усмоновнинг бошқа бир ўзбекистонлик террорчи Раҳмат Оқилов билан ҳам алоқалари бўлган.
2017 йилнинг 7 апрел куни Раҳмат Оқилов юк машинасида Стокгольм марказий кўчаси Дроттнинггатанда бир неча одамни босиб, теракт содир этган. Тўрт киши, жумладан, 11 яшар қизалоқ ҳалок бўлган, 15 одам жароҳатланган эди.
Eltuz.com